ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛМ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ УЧУН “ТАНКА” КЕРАКМИ?
ОАКнинг Фанлар академиясига ўтказилиши атрофида “янги ислоҳотми ёки ваколатларни кўчиришми?” деган саволлар кўпайди. Илмий даражалар, диссертациялар ва коррупцияга оид шубҳалар ортидаги тизимий муаммолар таҳлил қилинади.
ОАКнинг Фанлар академияси тасарруфига ўтказилиши жамоатчиликда турли саволларни уйғотди. Бу ўзгариш ҳақиқий ислоҳотми ёки шунчаки бир идорадан бошқасига кўчирилган ваколатми?
Айни мавзуда Элтузар ёзган хабар остида фейсбук саҳифамизда ёзилган қуйидаги изоҳ илмий даражалар, диссертациялар ва академик муҳитга нисбатан одамлар орасида тўпланиб қолган ишончсизликни очиқ кўрсатади.
Изоҳ кескин, баҳсли ва умумлаштирувчи бўлиши мумкин. Аммо унда кўтарилган муаммони инкор этиб бўлмайди.
Қуйида аввало ўқувчининг изоҳини имловий тузатишлар билан келтирамиз, сўнг унда кўтарилган масалаларни таҳлил қиламиз.
“Ҳозирги вақтгача қилинган илмий ишларнинг 99% хато ва амалиётда қўлланилмайди. Бу айнан 2000 йилдан то 2026 йилгача бўлган вақт оралиғидаги фан номзодлиги, докторлик ишлари фақат “соққали” жойга жойлашиш учунгина қилинган. Ёқлаган илмий ишларини амалиётга татбиқ этиш у ёқда турсин, бирон-бир талаба қизиқиб ўқимайди. Тўғри, билимли ёшлар кўп, уларнинг илмий иш қилишга маблағи ва “танкаси” йўқ. Хоҳлаган бирон-бир профессор ёки академикнинг олдига бориб, “Мен мана шу йўналишда илмий иш қилмоқчиман”, деб кўрсангиз борми, кибрини ёқиб олиб, олдин чўнтагингизга қарашади. Агар чўнтак қуруқ бўлса, “вақтим йўқ”, деб баҳона излашади.”
Бу изоҳда ҳиссиёт кўп, лекин муаммо йўқ эмас. Фуқаро ёзган фикрни сўзма-сўз қабул қилиш шарт эмас. “99 фоиз илмий ишлар хато” деган даъво исбот талаб қилади. Лекин бу изоҳ ортидаги кайфиятни инкор қилиб бўлмайди. Жамиятда илмий даражалар, диссертациялар ва академик унвонларга нисбатан ишонч ростан ҳам анча пасайган.
Муаммо шундаки, Ўзбекистонда илмий даража кўп ҳолларда ҳақиқий илмий изланиш натижаси эмас, балки мансаб, лавозим, обрў ёки тизим ичида юқорироқ мақомга чиқиш воситаси сифатида кўрила бошлаган. Бундай муҳитда диссертациянинг сифати, янгилиги ва амалиётга фойдаси иккинчи даражага тушиб қолади.
Яна бир оғриқли нуқта бор: иқтидорли, аммо “танкаси” ёки маблағи йўқ ёшлар илм йўлида бемалол бора олмайди. Илмий раҳбар топиш, мавзу танлаш, ҳимояга чиқиш, мақола чиқариш, тақриз олиш каби жараёнлар очиқ ва адолатли бўлмаса, илмга энг муносиб одамлар эмас, тизимга мослашган одамлар кириб келади.
ОАКнинг Фанлар академияси тасарруфига ўтиши шу маънода автоматик ислоҳот эмас. Ташкилот номи ёки қайси идорага бўйсуниши ўзгаргани билан, агар ҳимоялар сифати, илмий раҳбарлар масъулияти, плагиатга муносабат, коррупцияга қарши кафолатлар ва диссертацияларнинг амалиётдаги қиймати қайта кўриб чиқилмаса, бу ўзгариш фақат “чўнтак алмашди” деган таассуротни кучайтиради.
Хўш, янги тартиб илмни тозалайдими ёки эски тартибни бошқа идора номи остида давом эттирадими?
Шунинг учун мазкур изоҳни “бир фолловернинг жаҳли чиққан гапи” деб эмас, илмий тизимга нисбатан йиғилиб қолган ишончсизлик намунаси сифатида кўриш керак. Энди Фанлар академияси ҳам, ОАК ҳам ваъда билан эмас, очиқлик, натижа ва адолат билан жавоб бериши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг