Маҳаллий ОАВ ва блогерларга нисбатан «хабарни ўчир», «бу мавзуни ёритма», «фақат расмий манбаларга таян» каби босимлар ҳақидаги хабарлар ахборот сиёсатимиздаги жиддий муаммоларни яна кун тартибига олиб чиқмоқда.

Ахборотни чеклаш билан унинг тарқалишини тўхтатиб бўлмайди. Аксинча, жамоатчиликни қизиқтирган воқеалар ҳақида ўз вақтида ишончли маълумот берилмаса, турли тахминлар, миш-мишлар ва тасдиқланмаган хабарлар кўпаяди. Одамлар жавоб излаб бошқа манбаларга мурожаат қилади.

Бундай шароитда маҳаллий нашрлар аудиторияси ва жамоатчилик ишончини йўқотиш хавфига дуч келади. BBC, «Озодлик» ва бошқа хорижий ахборот воситаларига қизиқиш ортиши учун ҳам қулай муҳит юзага келади.

Аслида кучли ва мустақил ахборот макони деганда барча нашрларнинг бир хил расмий баёнотларни такрорлаши тушунилмаслиги керак.

Журналистиканинг вазифаси воқеаларни мустақил ўрганиш, турли манбаларни солиштириш, муаммоларни кўтариш ва жамоатчиликни ишончли маълумот билан таъминлашдир. Фақат расмий хабарларга таяниш талаби эса журналистиканинг ана шу вазифасини чеклайди.

Ўзбекистон Конституциясида цензурага йўл қўйилмаслиги аниқ белгиланган. Шундай экан, журналистларнинг қонуний фаолиятига асоссиз аралашишни ахборот хавфсизлиги ёки миллий манфаатлар билан оқлаш тўғри эмас.

Энг хавфли жиҳати шундаки, ахборотни назорат қилишга уриниш натижасида давлат идоралари жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилиш имкониятини, маҳаллий ОАВ эса аудитория ишончини йўқотиши мумкин.

Ахборот майдонини ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли тақиқлар эмас, очиқлик, тезкорлик, холислик ва мустақил журналистика учун шароит яратишдир.

Ахборот сиёсатига масъуллар бир ҳақиқатни англаши керак: ахборотни яшириш билан муаммо йўқолмайди. Чунки бўш қолдирилган ахборот майдонини миш-мишлар тўлдиради.

Ўзбекистон миллий ахборот маконини ҳимоя қилиш баҳонасида журналистиканинг таъсир доирасини вақтинча торайтиряпти холос.