ЎЗБЕКИСТОНДА БАЛИҚЧИЛИК САНОАТ ДАРАЖАСИГА ЧИҚМОҚДА, АММО НАРХЛАР ҲАНУЗ ЮҚОРИ
Ўзбекистонда балиқчилик ҳажми саноат даражасига яқинлашиб, айрим вилоятларда овлаш кескин ошмоқда. Шунга қарамай, ем-хашак, энергия ва логистика харажатлари туфайли бозорларда балиқ нарxlari ҳали ҳам юқорилиги сақланиб турибди.
Ўзбекистонда балиқчилик тармоғи сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигининг энг тез ўсиб бораётган йўналишларидан бирига айланмоқда. Мавжуд маьлумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида республика бўйича 21,3 минг тонна балиқ овланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,1 фоизга кўп дегани.
Рақамлар балиқчилик энди фақат кичик хўжаликлар ёки маҳаллий бозор эҳтиёжини қондириш даражасида эмас, балки саноат миқёсига яқинлашаётганини кўрсатмоқда. Айниқса, айрим ҳудудларда балиқ етиштириш ва овлаш ҳажмлари кесгин ошган.
Энг юқори кўрсаткич Хоразм вилоятида қайд этилмоқда – 4,5 минг тонна. Кейинги ўринларда Жиззах вилояти (3,5 минг тонна) ва Тошкент вилояти (3,3 минг тонна) турибди. Бу ҳудудларда сунъий кўллар, интенсив балиқчилик хўжаликлари ва кластер тизимининг кенгайиши муҳим омил бўлмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатда балиқ истеъмоли маданияти ҳам ўзгарган. Илгари кўпчилик учун фақат мавсумий маҳсулот ҳисобланган балиқ бугун кундалик рационга кириб бормоқда. Шифокорлар томонидан соғлом овқатланиш тарғиботи, ресторан ва фастфуд тармоқларида балиқли таомлар кўпайиши, шунингдек импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга эътибор ортиши талабни кучайтирмоқда.
Бироқ соҳада ижобий ўсиш кузатилаётган бўлса-да, аҳолини қийнаётган асосий муаммолардан бири нарх бўлиб турибди. Ички ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бораётганига қарамай, бозорларда балиқ маҳсулотлари ҳали ҳам қиммат. Айниқса, сазан, дўнгпешона, форель каби турлар кўпчилик оила бюджети учун анча қиммат. Гўшт ва балиқ нархи деярли тенглашиб қолган, агар икки маҳсулотдан бирини танланиш керак бўлса халқ балиқ кўпроқ фойдали бўлса ҳам гўштни танлайди.
Мутахассислар бу ҳолатни ем-хашак нархининг юқорилиги, электр энергияси ва логистика харажатлари, совуткич инфратузилмасининг етарли эмаслиги билан изоҳлайди. Шунингдек, айрим ҳудудларда воситачилар улуши ҳам маҳсулот нархини оширмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, агар балиқчиликда қайта ишлаш саноати, озуқа ишлаб чиқариш ва сақлаш тизими янада ривожлантирилса, келгусида нафақат ишлаб чиқариш ҳажми, балки маҳсулот нархларида ҳам барқарорликка эришиш мумкин.
Ҳозирча эса Ўзбекистонда балиқчилик тармоғи жадал ўсиш босқичида. Рақамлар соҳада катта иқтисодий салоҳият борлигини кўрсатмоқда. Энди асосий масала – ишлаб чиқариш ўсиши оддий истеъмолчи ҳамёнида ҳам сезилишида.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг