Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолисининг истеъмол маданиятида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Илгари номини ҳам кўпчилик эшитмаган ёки фақат чет эл филмлари ва телекўрсатувларида учрайдиган маҳсулотлар бугун бозорларимиз ва супермаркетларимиз расталарида оддий ҳолга айланди. Ана шундай маҳсулотлардан бири авокадодир.

Мавжуд маьлумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистонга 12 та давлатдан 155,8 тонна авокадо импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 тонна яьни 46,6 фоизга кўп. Авокадонинг асосий қисми Қозоғистон, Хитой, Исроил, Нидерландия ва Перу давлатларидан келтириляпти.

Бу рақамлар бир қарашда оддий иқтисодий статистикадек туюлиши мумкин. Бироқ улар ортида жамиятимизда кечаётган муҳим ижтимоий ва маданий жараёнлар яширинган. Чунки бундан ўн йил олдин аксарият ўзбекистонликлар авокадонинг таъмини татиб ҳам кўрмаган эди. Бугун эса мамлакатга юзлаб тонна авокадо олиб кирилмоқда ва унга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда.

Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири реклама ва ахборот майдони таъсиридир. Ижтимоий тармоқлар, блогерлар, соғлом овқатланиш тарғиботчилари ва турли маркетинг кампаниялари авокадони замонавий ва фойдали маҳсулот сифатида кенг оммага таништирди. Илгари фақат чет эллик машҳурлар ёки спортчилар дастурхони билан боғланган ушбу маҳсулот бугун кўплаб ўзбек оилаларининг ҳам кундалик рационидан ўрин олмоқда.

Рекламанинг ижобий жиҳатлари бор. Авокадо таркибида инсон организми учун фойдали бўлган ёғ кислоталари, витаминлар ва минерал моддалар мавжуд. У аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишга қизиқишни оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, жаҳон озиқ-овқат маданияти билан танишиш, рационни бойитиш ва турли хил маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Бироқ ҳар қандай тенденциянинг иккинчи томони ҳам бўлади. Айрим ҳолларда реклама маҳсулотнинг ҳақиқий хусусиятларидан кўра унинг обрўси ва модага айланган жиҳатларини кўпроқ тарғиб қилади. Натижада айрим истеъмолчилар маҳсулотни унинг фойдаси учун эмас, балки замонавий кўриниш ёки ижтимоий мақом белгиси сифатида харид қила бошлайди. Бу эса истеъмол маданиятининг сунъий шаклланишига олиб келиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат маҳаллий маҳсулотларга муносабат масаласидир. Ўзбекистон заминида етиштириладиган ёнғоқ, бодом, ёнғоқли мева турлари, узум, анор, хурмо ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ҳам озиқавий қиймати жиҳатидан авакадодан кам эмас. Баъзан реклама таъсирида четдан келтирилган маҳсулотларга ортиқча қизиқиш маҳаллий маҳсулотларнинг қадрини пасайтириб қўйиши мумкин.

Шу билан бирга, авокадога бўлган талабнинг ошиб бориши бозор иқтисодиёти қонунларининг табиий натижаси ҳамдир. Аҳоли даромадларининг ўсиши, халқаро савдо алоқаларининг кенгайиши ва ахборот оқимининг жадаллашиши натижасида истеъмолчилар танлов имкониятини кенгайтирмоқда. Бу эса мамлакат бозорининг тобора очиқ ва рақобатбардош бўлиб бораётганидан далолат беради.

Авокадо тарихи бизга бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: замонавий дунёда инсонларнинг истеъмол одатларини фақат эҳтиёж эмас, балки ахборот, реклама ва жамоатчилик фикри ҳам шакллантиради. Муҳими, ҳар қандай янги маҳсулот ёки тенденцияга онгли ёндашиш, унинг ҳақиқий фойдаси ва заруратини баҳолай билишдир. Ана шунда истеъмол маданияти ҳам ривожланади, ҳам миллий қадриятлар ва маҳаллий маҳсулотларга бўлган ҳурмат сақланиб қолади.