Жаҳон бозорида энергия ресурслари, айниқса автомобиль ёнилғиси нархлари мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатувчи стратегик омил ҳисобланади. Бунда Ўзбекистон иқтисодиётида нарх-наво қўнимсизлиги фуқароларни эсанкиратиб қўйиш даражага етмоқда.

Элтузар мухбирининг таҳли ва мавжуд маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, АИ-95 маркали бензин нархлари давлатлар кесимида кескин фарқ қилмоқда. Аслида айнан шу маркали бензин ҳар бир давлат кесимида иқтисодни барқарор ушлаб турган воситадек кўринарди. Бугун бу тенденция Ўзбекистон иқтисодиётида белгиланган тартибидан анчп юқорилаб кетди. Мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, ички имкониятлари ҳам инобатга олинмаган.

Маълумотларга кўра, бензин нархи юқори бўлган давлатлардан бири – АҚШ бўлиб, бу ерда бир литр АИ-95 бензин 1,13 долларга тенг. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткич деярли шу даражага яқин – 1,08 доллар. Бу ҳолат иқтисодий жиҳатдан ривожланаётган мамлакат учун жиддий саволларни келтириб чиқаради: нега аҳоли даромадлари анча паст бўлган шароитда ёнилғи нархи деярли ривожланган давлатлар даражасига тенг?

Минтақавий қиёс эса янада қизиқ манзарани акс эттиради. Масалан, Қирғизистонда бензин 0,92 доллар, Россияда 0,83 доллар, Озарбайжонда эса 0,68 долларни ташкил этади. Энг паст нархлар эса Қозоғистон (0,51 доллар) ва Туркманистон (0,43 доллар)да кузатилмоқда. Бу давлатларда ёнилғи нархларининг нисбатан арзонлиги кўп жиҳатдан ички ишлаб чиқариш ҳажми ва давлат томонидан қатъий тартибга солиш сиёсати билан боғлиқ. Ўзбекистонда бу сиёсат тартибга сола олмаяпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда бензин нархлари дунёда ҳам глобал миқёсда барқарор эмас. Хусусан, Хитой ва АҚШда ҳам мамлакат иқтисодиёти ривожига кўра нархлар кескин тебраниб туради. 2023 йилдан бошлаб бу давлатларда бир неча бор тезкор ўсиш ва пасайиш ҳолатлари кузатилган бўлиб, бу глобал нефть бозоридаги ўзгаришлар, геосиёсий омиллар ва талаб-талаб мувозанати билан изоҳланади.

Ўзбекистонда эса вазият бироз бошқача. Айрим даврларда нархлар нисбатан барқарор сақланган бўлса-да, умумий тенденция босқичма-босқич ўсишни кўрсатмоқда. 2026 йил бошига келиб эса нархлар юқори нуқтага етди. Бу эса ички бозорда рақобатнинг етарли эмаслиги, импортга боғлиқлик ёки нархларни тартибга солиш механизмларининг самарадорлиги ҳақида саволлар туғдирмоқда.

Аҳоли даромадлари даражаси билан солиштирганда, Ўзбекистонда бензин нархи оддий халққа оғир юк бўлиб қолмоқда. Ривожланган давлатларда юқори нархлар юқори даромадлар билан мувозанатлашади, аммо ривожланаётган иқтисодиётларда бу номутаносиблик ижтимоий босимни кучайтирмоқда.

Бир қараганда аҳамиятли эмасдек туйилган бензин нархи масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Ўзбекистон учун энг муҳим вазифа – ёнилғи бозорида шаффофликни таъминлаш, рақобатни кучайтириш ва аҳоли учун қабул қилинадиган нарх сиёсатини шакллантиришдан иборат. Имтмёзли ва муқобил нархлар жорий этилиши керак. Акс ҳолда, “глобал нархлар маҳаллий имкониятлар” ўртасидаги номутаносиблик пайдо бўлади.

Газ ва Пропан нархи ҳам қисман ошган ва 80 ёқилғиси сотуви бекор қилинган вақтида ёқилғи нархи ошиб кетгани халқни янада қийин аҳволга солиб қўйишини ҳеч ким ўйламаётгани, ҳукумат бунга қарши чора кўрмаётгани ҳам ажабланарли ва ёмон ҳолат.