ҚАМОҚДАН ЭРТА ЧИҚИШ УЧУН КИТОБ ЎҚИШ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА
Ўзбекистонда маҳкумлар махсус рўйхатдаги китобларни ўқиб, буни комиссия олдида исботласа, суд орқали жазо муддатини қисқартириш имконига эга бўлиши мумкин. Лойиҳа, шунингдек, қамоқхоналарда видеоучрашувларни кенгайтиришни ҳам назарда тутади.
Ўзбекистонда маҳкумларнинг китоб ўқиганини расман баҳолаш ва шу асосда жазо муддатини қисқартириш имконини берувчи янги тизим жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда ҳукумат қарорлари ва уларга киритилаётган ўзгаришлар лойиҳасида айтилган.
Ҳужжатларга кўра, эндиликда жазони ўтаётган шахс махсус рўйхатга киритилган китобларни ўқиб чиққанини исботласа, бу унинг “тузалиш йўлига ўтгани” белгиси сифатида баҳоланиши мумкин. Бу эса суд орқали жазо муддатини қисқартириш учун асос бўлади.
Янги тартибга кўра, маҳкум китоб ўқиганини аниқлаш учун махсус комиссия тузилади. Комиссия таркибига ЖИЭМ ходимлари билан бирга маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат ташкилотлари ва обрўли жамоатчилик вакиллари киритилиши белгиланмоқда.
Комиссия маҳкум билан суҳбат ўтказади, унинг китобни ҳақиқатан ўқиган-ўқимаганини баҳолайди ва хулоса чиқаради. Агар ижобий қарор қабул қилинса, ЖИЭМ маъмурияти судга маҳкум жазосини қисқартириш бўйича тақдимнома киритади.
Ҳужжатларда “маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган” махсус адабиётлар рўйхати ҳам тилга олинган. Аммо қайси китоблар ушбу рўйхатга кириши ҳозирча очиқланмаган.
Шу билан бирга, маҳкумлар учун масофавий видео-учрашув тизими ҳам кенгайтирилмоқда. Эндиликда телефон орқали суҳбатлар билан бирга видеоалоқа ҳам расман жорий этилади. Ҳужжатларда маҳкумлар икки нафаргача шахс билан видеоучрашув ўтказиши мумкинлиги, бир видеоқўнғироқ 30 дақиқагача давом этиши белгиланган.
Бундан ташқари, тунги вақтда видеоучрашувлар тақиқланади, гуруҳли видеоқўнғироқларга рухсат берилмайди.
Кузатувчилар фикрича, бу ўзгаришлар қамоқ тизимини қисман рақамлаштириш ва “тарбиявий механизмлар” орқали маҳкумларни қайта ижтимоийлаштиришга қаратилган.
Бироқ айрим ҳуқуқшуносларда савол ҳам бор: маҳкумнинг китобни “чиндан” ўқиганини ким ва қандай мезон билан баҳолайди? Комиссия қарори субъектив тус олиши мумкинми? “Тўғри китоб” тушунчаси келажакда идеологик воситага айланиб кетмайдими?
Шунингдек, жазо муддатини қисқартириш каби муҳим масаланинг китоб ўқиш билан боғланиши айримлар томонидан ижобий гуманизация сифатида баҳоланса, бошқалар бу тизим назорат ва саралаш механизмига айланишидан хавотир билдирмоқда.
Агар ҳужжат қабул қилинса, Ўзбекистон қамоқ тизимида “китоб ўқиб эрта озодликка чиқиш” амалиёти илк бор расмий механизм сифатида пайдо бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг