Жиззхдаги Мурувват уйида раҳбариятнинг самарасиз бошқарувидан норозилик ортиб боряпти. Ходимлар маоши кўп йиллардан бери оширилмайди, бир хил юклама билан ишлаган ходимларнинг иш ҳақи ҳар хил чиқмоқда. Рағбатлантириш маблағлари асосан маъмуриятга яқин бўлган ёки бухгалтериядаги ходимларга берилади – ушбу маълумотларни Элтузарга муасссаса ходимлари тақдим этди.

Мурувват уйида беморлар яроқсиз идишлардан фойдаланишга мажбур экани айтилмоқда.

Ходимлар ва беморларга кўра, муассасадаги ҳожатхоналар санитария талабларига жавоб бермайди.

Шунингдек, навбатчилик тартиби бузилган, график тасдиқланган бўлса ҳам “соат ошиб кетди, келманглар” деб ходимларга чеклов қўйилади.

«Раҳбарият навбатчи соатларга мўлжалланган тўловлардан иқтисод қилиши оқибатида 58-60 нафар беморга атиги 1 та навбатчи ҳамшира ва 1 та кичик тиббий ходим қолади».

Муассасада беморларга муносабат қониқарсиз. Иддаоларга кўра, айрим ҳамширалар беморларга қўпол муомалада бўлиб, уларни калтаклашади. Беморларга сифатсиз овқат берилади, масалан, 60 нафар беморга 2,5 литр кефир тақсимланади.

«Идишларимиз занглаб кетган. Иссиқ сув йўқ, ҳожатхоналар талабга жавоб бермайди. Кийим-кечак, гигиена воситалари ва фаслга мос оёқ кийимлар етарли берилмайди» – дейди беморлар.

Ходимлар орасида таниш-билишчилик, айирмачилик асосида имтиёзлар кучайган. Вазиятдан норози ходимларга нисбатан “ким юқорига ёзса ишдан кетади” деб босим ўтказилмоқда.

Муассаса беморлари ва жамоа вакиллари шу ҳолатлар юзасидан холис ва қонуний текширув ўтказилиши талаб қилишмоқда.