Ўзбекистонда мустақил журналистикага қарши босим кеча пайдо бўлмади. Лекин сўнгги йилларда бу босим шаклан ўзгарди. Илгари мухолиф овозлар қўпол тақиқ, жиноий иш ёки очиқ таҳдид билан ўчирилган бўлса, ҳозир рақамли платформалар, шикоят механизмлари ва “қонуний” усуллар ишга солинмоқда. Бу услуб дунёда SLAPP деб аталади.
 
SLAPP – Strategic Lawsuit Against Public Participation. Яъни жамоатчилик фаоллиги ва танқидий фикрни бўғиш учун қўлланадиган стратегик босим. У доим ҳам судга олиб бориши шарт эмас. Асосий мақсад – журналист ёки блогерни чарчатиш, платформалардан сиқиб чиқариш ва аудиториясини парчалаш.
 
Элтузарга қарши охирги йилларда кузатилган ҳужумлар айнан шу сценарийни айни такрорлаяпти.

Бир канал эмас, бутун экотизим нишонга олинди
 
Аввалига Элтуз номи билан танилган платформа катта аудитория тўплади. Ютубда салкам 800 минг обуначи, Фейсбукда 155 минг, Телеграмда 155 минг атрофида аудитория шаклланган эди. Ўзбекистон шароитида бу мустақил медиа учун жуда катта рақам.

Шундан кейин ҳужумлар бошланди Ютуб канали блокланди. Ортидан Фейсбук саҳифаси ёпилди. Кейин Телеграм каналлари бир неча марта ўчирилди. Инстаграм саҳифаси ҳам уч марта блокланди. Энг қизиғи, бренд номи Элтуздан Элтузарга ўзгартирилганидан кейин ҳам бу босим тўхтамади.

Бу ерда муҳим нуқта бор: буюртмачи учун муаммо номда эмас. Муаммо контент ва аудитория таъсирида эди.

Агар бир платформанинг ўзида техник муаммо бўлса, бу тасодиф дейиш мумкин. Лекин турли платформаларда кетма-кет содир бўлган блокировкалар айнан SLAPP га ишора қилади. Буюртмачилар бутун медиа инфратузилмани издан чиқаришга уринмоқда.

“Доксинг” айблови нега қулай восита?

Сўнгги икки ой ичида Элтузарнинг икки Телеграм каналлари “доксинг” деган асос билан блоклангани айтилди.

Доксинг – шахсий маълумотларни тарқатиш дегани. Ғарб платформалари буни жиддий қабул қилади. Чунки у хавфсизлик билан боғлиқ.

Аммо муаммо шундаки, “доксинг” айблови жуда кенг талқин қилиниши мумкин. Агар кимдир мансабдор ҳақида очиқ маълумотни ёритса ҳам, уюшган шикоятлар орқали буни “privacy violation” сифатида кўрсатиш мумкин. Бу ерда платформаларнинг заиф нуқтаси кўринади. Улар маҳаллий сиёсий контекстни тўлиқ тушунмайди. Кўп сонли coordinated reports келса, алгоритм ёки модератор тезкор қарор чиқаради. Натижада мансабдорни танқид қилган медиа “қоидабузар” сифатида жазоланади.

SLAPP-нинг замонавий шакли ҳам шу ерда: шахси маълум журналист қамалади. Топиб қамашнинг иложи бўлмаган манбанинг овозини алгоритм орқали ўчириб борилади.

Нега айнан Элтузар?

Бу савол муҳим. Ўзбекистонда танқидий постлар ёзадиган блогерлар кўп. Лекин ҳаммаси ҳам бундай узоқ ва тизимли босимга учрамайди. Демак, Элтузар маълум доиралар учун реал ахборот хавфи сифатида кўрилади.

Абдулла Арипов ва ҳукумат атрофидаги коррупция, давлат тендерлари, амалдорлар тармоғи ҳақидаги материаллар миллионлаб маротиба кўрилган. Бу эса оддий блогерликдан чиқиб, жамоатчилик фикрига таъсир қилувчи медиаплатформага айландик дегани.

Ҳукуматлар энг кўп нимадан қўрқади? Қуролдан эмас, террорист ёки радикаллардан эмас. Ҳукуматнинг ноқобил вакили назорат қилиб бўлмайдиган ахборотдан қўрқади. Чунки ахборот одамларнинг бошқарув вакиллари ҳақидаги тасаввурини ўзгартиради.

Рақамли авторитаризмнинг янги босқичи

Ўзбекистон расман очиқлашув, ахборот шаффофлиги ҳақида гапиради. Интернет тўлиқ блокланмаган. Ютуб ишлайди. Телеграм ишлайди. Фейсбук ҳам мавжуд. Лекин бу ташқи манзара.

Аслида эса янги модел шаклланмоқда: платформалар қолади, аммо улар ичидаги ноқулай овозлар тизимли сиқиб чиқарилади.

Бу Хитой модели эмас. Россия модели ҳам эмас. Бу гибрид усул.

Ҳукумат расман “биз блокламадик” дейиши мумкин. Чунки техник жиҳатдан канални Ютуб ёки Телеграмнинг ўзи ўчирган. Аммо мувофиқлаштирилган, уюшган шикоят кампаниялари ва тизимли босимни шу ҳукумат ботлари қилади. Демак, икки ўн беш – бир ўттиз.

Бу психологик ва прагматик уруш. Аудитория тарқалади. Реклама ва даромад қисқаради. Манбалар қўрқади. Жамоа чарчайди. SLAPPнинг энг хавфли томони ҳам шу: у цензурани кўринмас қилади.

Элтузар нимани ҳис қилди?

Биз канал ёпилишини фожиа демай қўйдик. Навбатдаги канал ёпилди дея бир-биримизни хабардор қиламиз. Кейин одатдагидек ишда давом этамиз.

Бизга обуначи сони ҳам, рейтинг ҳам қизиқ эмас ортиқ. Бу принцип масаласига айланди. Очиқ раддия ёки изоҳ беришга «духи етмайдиган» катта калибрли шахсларни нишонга олаверамиз.

Навбатдаги Канал ёпилдими, шундан биливеринг: демак, яна бир бор нишонга аниқ урдик.

Бот ва ҳакерлар буюртмачиси чирпаниб яна бизни йўқ қилишга «заказ» берди. «Правда глаза колет» дейди буни ўрисчасига.

Элтузар ҳодисаси нима учун муҳим?

Бу фақат бир блогер тарихи эмас. Элтузарнинг ҳозирги тажрибаси Ўзбекистонда мустақил рақамли медианинг келажаги қандай бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Эртага кичикроқ муаммоларни ёритадиган бошқа медиалар ҳам худди шу сценарийга дуч кела бошлайди.

Бугун масала Элтузар ҳақида. Эртага эса ҳар қандай мустақил овоз ҳақида бўлиши мумкин. Ахборот майдонида эркинлик бир кунда йўқолмайди. У аввал чарчатилади. Кейин парчаланади. Охирида эса одамлар сукутга кўниб қолади.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, Элтузарнинг навбатдаги канали ҳам яқин орада блокланиши эҳтимоли катта. Шунинг учун аудитория парчаланиб кетмаслиги жуда муҳим.

Элтузарни кузатиб боришни истасангиз, унинг Facebook саҳифасига аъзо бўлинг:
https://www.facebook.com/eltuzar/

eltuzar.com