Наманганлик Замира Абдуллаева тирик эканини исботлаш учун давлат идоралари остонасини тирнаб юрибди. Гап шундаки, расмий базалар уни аллақачон “у дунёлик” қилиб қўйган. Ҳолбуки, аёлнинг ўзи бу қарордан ҳали хабардор эмас: юрибди, нафас оляпти, ҳатто навбатларда жанжал ҳам қилиб турибди.

Тўрақўрғон туманида содир бўлаётган бу воқеа Гоголнинг “Ўлик жонлар” асарини эслатади. Фақат бу сафар қаҳрамон қоғозда эмас, ҳаётнинг ўзида “марҳума”га айланган.

Маълум бўлишича, тизимдаги хатолик сабаб аёл барча давлат рўйхатларида вафот этган деб қайд қилинган. Аслида Косонсой туманида истиқомат қилган айни исм ва фамилиядаги аёл ўтган йил вафот этадию, унинг исмдоши ва фамилиядоши ҳам ўликлар рўйхатига киритилади.

Шу боис тирик, аммо қоғозда “ўлган” Замира Абдуллаева на нафақа ола олади, на давлат хизматидан фойдалана олади. Қисқаси, юридик жиҳатдан бу аёл ҳозирча руҳ мақомида яшамоқда.

Энг қизиғи, муаммони ҳал қилиш ўрнига айрим мутасаддилар ҳазилга зўр берган. “Ҳа, сиз ҳали тирикмисиз?” деган гапни эшитган аёл энди кулгининг эмас, тизимнинг қурбонига айланган.

Бюрократия деганлари шу: одам ўлса ишонмайдиган тизим, баъзан тирикни ҳам осонгина “кўмиб” қўяди.