17 август куни Самарқанд шаҳридаги «Hilton Samarkand Regency» меҳмонхонасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган биринчи Ўзбекистон–Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтади. Унда Грузиянинг 10 дан ортиқ етакчи туризм компаниялари вакиллари ҳамда Ўзбекистон туризм бизнеси иштирокчилари ўртасида музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Форумни икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлган муҳим платформа сифатида баҳолаш мумкин. Айниқса, янги туристик маҳсулотлар яратиш, сайёҳлар оқимини ошириш ва хусусий сектор ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш масалалари долзарб.

Ўзбекситон тарихий ва маданий мерос. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар Ўзбекистоннинг асосий туристик устунлигидир. Ипак йўли мероси, меъморий обидалар, миллий таомлар ва ҳунармандчилик хорижлик сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотади. Туризм турларининг хилма-хиллиги. Ўзбекистон фақат зиёрат ёки маданий туризм билан чекланиб қолмайди. Экологик, гастрономик, этнографик, зиёрат ва қишки туризм йўналишларини ҳам ривожлантириш имконияти катта. Ички туризм бозорининг салоҳияти. 37 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистоннинг ўзи катта ички туристик бозорни шакллантиради. Бу меҳмонхоналар, туроператорлар, транспорт ва сервис компаниялари учун барқарор талаб манбаси бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон туризмида ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам бор. Сервис сифати. Туристик салоҳият юқори бўлса-да, хизмат кўрсатиш маданияти ва сервис стандартларини барча ҳудудларда бир хил даражага олиб чиқиш муҳим. Ҳудудларда инфратузилма. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби марказлардан ташқари туристик салоҳияти юқори ҳудудларда транспорт, меҳмонхона ва кўнгилочар инфратузилмани янада ривожлантириш талаб этилади.Туристик маҳсулотларни замонавий тарзда сотиш. Бугун сайёҳ фақат тарихий объектни эмас, балки тайёр тажрибани сотиб олади. Шу боис туроператорлар рақамли маркетинг, қисқа муддатли турлар ва индивидуал маршрутларга кўпроқ эътибор қаратиши керак.

Грузия эса туризм соҳасида Ўзбекистон учун қизиқарли тажрибага эга мамлакат. Туризм бренди. Тбилиси, Батуми, Кахетия ва тоғли ҳудудлар Грузиянинг ягона туристик имижини шакллантирган. Мамлакат ўзининг миллий таомлари, меҳмондўстлиги, виночилик маданияти ва табиий ландшафтларини туристик маҳсулотга айлантира олган. Денгиз ва тоғ туризмини бирлаштириш имконияти. Қора денгиз соҳили, Кавказ тоғлари, қишки курортлар ва шаҳар туризмининг бир мамлакатда уйғунлашгани Грузиянинг муҳим афзаллиги ҳисобланади. Кичик ва ўрта бизнеснинг туризмдаги фаоллиги. Оилавий меҳмонхоналар, ресторанлар, маҳаллий гидлар ва кичик туроператорлар туристик занжирнинг муҳим қисмига айланган. Бу борадаги тажриба Ўзбекистон тадбиркорлари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Бироқ Грузия модели ҳам муаммолардан холи эмас. Мавсумийлик Грузия туризми жозибадорлигига бирор путур етказади. Қора денгиз соҳилидаги дам олиш туризми асосан ёз мавсумига боғлиқ. Бу айрим ҳудудларда туристик хизматларга талабнинг йил давомида бир хил бўлмаслигига олиб келади. Туристик ҳудудларга юқори босим. Машҳур йўналишларда туристлар сонининг кўпайиши нархларнинг ошиши, транспорт юкламаси ва инфратузилмага босимни кучайтириши мумкин. Ташқи бозорларга боғлиқлик ҳам бироз оёқдан чалади. Хорижий туристлар оқимидаги ўзгаришлар Грузия туризм бизнесига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли янги мамлакатлардан туристларни жалб қилиш ва бозорларни диверсификация қилиш муҳим.

Аслида, икки мамлакатнинг туризм салоҳияти бир-бирини тўлдириши мумкин. Ўзбекистон тарих, маданият ва Ипак йўли мероси билан ажралиб турса, Грузия тоғ, денгиз, гастрономия ва вино туризми билан машҳур.

Шу нуқтаи назардан, бизнес-форумнинг энг катта натижаси фақат янги шартномалар эмас, балки қўшма туристик маршрутлар яратилиши бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистоннинг Самарқанд–Бухоро–Хива йўналишини Грузиянинг Тбилиси–Кахетия–Батуми маршрути билан бирлаштирган турпакетлар Европа ва Осиё бозорларида қизиқарли маҳсулотга айланиши эҳтимолдан холи эмас.

Бундан ташқари, икки давлат туроператорлари ўртасида тажриба алмашинуви, авиақатновлар ва транспорт логистикасини яхшилаш, гидлар тайёрлаш, гастрономик ва этнотуризм маҳсулотларини биргаликда тарғиб қилиш ҳам туристик оқимни оширишга хизмат қилиши мумкин.

Энг муҳими, Ўзбекистон–Грузия муносабатларида туризмни фақат сайёҳ алмашинуви эмас, балки хусусий сектор, инвестиция ва янги хизматларни бирлаштирадиган иқтисодий кўприк сифатида кўриш мумкин.

Шунга қарамасдан, 17 августда Самарқандда ўтадиган биринчи Ўзбекистон–Грузия бизнес-форуми ана шу имкониятларни амалиётга айлантириш учун муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.