МИЛЛИЙ СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЯРАТИЛМАСА АХБОРОТ МУСТАҚИЛЛИГИНИ БОЙ БЕРАМИЗ
Элтузар таҳлилчисига кўра, миллий сунъий интеллект моделини яратмасак, тил, ахборот ва рақамли мустақилликни йўқотиш хавфи мавжуд. Муаллиф Ўзбекистондаги стратегия, молиялаш, инфратузилма ва кадрлар муаммоларини танқидий таҳлил қилади.
Мамлакатлар ўз сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиши зарур – бу масала ядровий қурол дастуридан ҳам муҳим. Чунки СИ энди миллий хавфсизлик, иқтисод, тил ва ахборот мустақиллиги масаласига айланди.
Аввало, ҳар бир давлат ўз маълумотлари, фуқаролари ҳақидаги ахборотлар ва давлат сирлари чет эл платформаларида сақланиб қолмаслигини истайди. Иккинчидан, хорижий СИ моделлари маҳаллий тил, маданият, қонунчилик ва ижтимоий муҳитни тўлиқ тушунмайди. Масалан, ўзбек тили, қорақалпоқ тили ёки маҳаллий ҳуқуқий атамаларни яхши англайдиган модель мамлакат ичида яратилса, таълим, суд, тиббиёт, давлат хизматлари учун анча фойдали воситага айланади.
Иқтисодий рақобатни ҳам инобатга олайлик. Ким СИни яхши ривожлантирса, келажакда саноат, таълим, банк, хавфсизлик ва бошқарув соҳаларида устунликка эга бўлади. Чет эл моделига қарам бўлиб қолган давлат технология, нарх ва геосиёсий қарорларга боғланиб қолади.
Қисқаси, миллий СИ модели – бу рақамли мустақиллик дегани. У мамлакатга ўз тилини ҳимоя қилиш, маълумотларни назорат қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва келажак иқтисодиётида ортда қолмаслик имконини беради.
Ўзбекистонда 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилинган, 50 млн доллар фоизсиз кредит ажратилиши белгиланган ва миллий СИ тил модели яратилиши бошланган.
Аммо асосий муаммо шундаки, ўзбек тили ҳали ҳам “кам ресурсли тил” ҳисобланади, яъни қайта ишланган матнлар базами, соҳавий маълумотлар, овозли маълумотлар ва тайёр шаблонлар етарли эмас.
Ўзбекистон ҳозир стратегия, марказ, лойиҳа шакллантириш ва инвестиция жалб қилиш босқичида. Лекин амалда мактаб, университет, суд, тиббиёт, банк, давлат хизматлари учун ишлайдиган миллий СИ маҳсулотлари ҳали оммалашмади.
Сунъий интеллект – бу Гугл каби қидирув платформаси эмас. Бу борада халқаро оммабоп вариантга таяниб бўлмайди. Ўзбекистон кеч қоляпти, аммо ҳали имконият бор. Энг катта вазифа ўзбек тилида катта маълумот базаси шакллантиришдир, давлат хизматлари учун хавфсиз ИИ ва маҳаллий мутахассислар мактабини тезроқ яратиш шарт.
Сунъий интеллектни фармон, йиғилиш ва ҳисоботлар билан яратиб бўлмайди. СИ экотизими маъмурий буйруқларга эмас, билим, капитал ва эркин муҳитга таянади. Ўзбекистонда бир нечта вазифаларни бажариш фавқулодда муҳим.
Биринчидан ўзбек тилидаги маълумотларини тизимлаштириш зарур. Қонунлар, суд қарорлари, илмий ишлар, дарсликлар, тарихий матнлар, оммавий ахборот материалларини рақамлаштириш ва базаларни лицензия билан фойдаланишга тақдим этиш керак. СИ учун энг қиммат ресурс – бу маълумот.
Очиқ манбали миллий моделларга эътибор бериш Gemini ёки ChatGPT даражасидаги моделни нолдан яратиш миллиардлаб доллар маблағ талаб қилади.
Аммо мавжуд очиқ моделларни ўзбек тилига мослаштириш анча реал вазифа.
Бунинг учун университетларга лабаротор ишлар борасида эркинлик бериш, олийгоҳларга давлат буюртма бериши лозим. Қурумсоқ бой бувадек университетлардан тижоратлаштириш, инвестиция киритиш, KPI талаб қилишни бас қилинглар. Бу – абсурд. Бари ҳисоботлар кўзбўямачилик эканини ҳамма билиб турибди.
Ўзимизни алдамайлик, талаба ва тадқиқотчиларга эксперимент қилиш имкони яратиш лозим. Олийгоҳларни серверлар, компьютер лабараториялари билан таъминлаш сув ва ҳаводек зарур ҳозир. Шунга ҳам хориждан инвестиция топиб кел дея университетларни сарғайтириб мулзам қилманг, катта бошли раҳбарлар. Сизнинг мамлакатингиз ахборот мустақиллиги учун керак бўлган миллий сунъий интеллектга хориждан ҳомий қидирманг.
Хусусий секторни жалб қилиш ҳам яхши ечим бўлади. Давлат барча инновацияларни ярата олмайди. Стартаплар, IT-компаниялар ва тадқиқот гуруҳлари учун грантлар ва солиқ имтиёзлари муҳим.
Мия оқимини камайтирайлик, давлат ташкилотларида қаримсиқ тафаккурли автократлар бошлиқ бўлиб ўзидан кучли кадрларга кислородни ёпиш билан банд. Кучли дастурчилар ва олимлар четга кетмаслиги учун муносиб маош, тадқиқот шароити ва академик эркинлик керак. Бунда инсон капитали – ҳал қилувчи омил.
Ўзбек тили учун инфратузилма
Имло текширгич, матн базаларри, овоз таниш тизимлари, таржима моделлари, онлайн луғат экосистемаларини ривожлантириш лозим. Бу ишлар кейинчалик катта СИ моделлари учун пойдевор бўлади.
Давлат буюртмачи бўлсин. Ўзбекистон давлаичилигида энг чирик амаллардан бири – иложи борича ақлий меҳнатга, материалларга пул сарфламасдан, ура-ура дея лойиҳаларни битириб олишга уринишдир.
СИ борасидаги стратегия ҳам худди шу усулда йўлга қўйиляпти: мажлислар, ҳисоботлар, тўрт-бешта демо СИ моделлари тақдимоти билан бу масала ҳам ёпилиб кетади.
Давлат хизматлари, таълим ва тиббиёт учун маҳаллий СИ ечимларига буюртма бериш ҳақида гапирмасак ҳам бўлар.
Буюртмалар таниш-билиш «пудратчилар» доирасида айланмаса агар, бундай лойиҳалар катта бозор яратади ва хусусий компанияларни рағбатлантиради.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг