ЎЗБЕКИСТОНДА ШИФОКОРЛАРГА ЭҲТИЁЖ БОР, МАЛАКАЛИ КАДРЛАР ЭСА ЕВРОПАГА КЕТМОҚДА: БУНИНГ ОҚИБАТИ НИМА БЎЛАДИ?
Ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшираларга Европа мамлакатларида юқори маошли иш таклиф этилмоқда. Мақолада бундай дастурлар соғлиқни сақлаш тизимидаги кадрлар танқислигига қандай таъсир қилиши ва мутахассисларни юртда сақлаб қолиш йўллари муҳокама қилинади.
Ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшираларга Чехия, Словакия ҳамда Польшада ойига 2 200 еврогача маош билан ишлаш имконияти таклиф этилмоқда. Миграция агентлиги Словакиянинг «Penta Hospitals International» компанияси билан ҳамкорликда тиббиёт мутахассислари учун махсус дастурни йўлга қўймоқда. Унга кўра, номзодлар уч ой давомида хорижий тилларни ўрганади, ўқиш ва турар жой харажатлари эса давлат томонидан қопланади.
Аммо бир савол туғилади: Ўзбекистоннинг ўзида малакали шифокорларга эҳтиёж мавжуд бир пайтда, уларнинг хорижда ишлаши учун шароит яратиш мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар танқислигини янада кучайтирмайдими?
Албатта, ҳар бир фуқаро муносиб маош ва яхши меҳнат шароитида ишлашга ҳақли. Шифокорларнинг хорижда тажриба орттириши ҳам ўз-ўзидан салбий ҳолат эмас. Бироқ масаланинг иккинчи томони бор: давлат тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, таълим ва малака ошириш учун ресурс сарфлаётган бир пайтда, тайёр мутахассисларнинг бошқа мамлакатлар меҳнат бозорига кетиши миллий соғлиқни сақлаш тизими учун қандай оқибатларга олиб келиши ҳисобга олиняптими?
Бугун тиббиёт муассасаларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, малакали кадрларни ҳудудларга жалб қилиш ва шифокорларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, чекка туманлар ва қишлоқларда тор мутахассисликдаги шифокорларга эҳтиёж бўлса, кадрларни хорижга йўналтиришдан олдин ички тизимнинг талаб ва имкониятларини ҳам чуқур таҳлил қилиш зарур.
Энг муҳими, нега шифокорлар ўз юртида эмас, хорижда ишлашни афзал кўриши мумкин? Агар бунга асосий сабаблардан бири маош, меҳнат шароити, касбий ўсиш ва ижтимоий кафолатлар бўлса, демак, муаммони фақат хорижда ишлаш имкониятини кенгайтириш билан ҳал этиб бўлмайди. Мутахассисларни мамлакатда олиб қолиш учун ҳам муносиб шароит яратиш керак.
Миграция агентлиги таклиф этаётган дастурда хорижда ишлашга тайёрланаётган номзодларнинг қайси мезонлар асосида танланиши, уларнинг ҳозирги иш жойларидаги эҳтиёж қандай баҳоланиши ва дастурнинг Ўзбекистон тиббиёт тизимига таъсири ҳақида ҳам аниқ маълумотлар муҳим. Зеро, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликнинг иқтисодий самараси билан бир қаторда, мамлакат ичидаги кадрлар захирасига таъсирини ҳам ўлчаш лозим.
Шунингдек, хорижда ишлаган мутахассисларнинг орттирган тажрибасини Ўзбекистонга қайтариш, уларнинг маҳаллий тиббиёт муассасалари билан касбий алоқаларини сақлаб қолиш ва билимларини маҳаллий кадрларга етказиш механизмлари ҳам кўриб чиқилиши керак.
Акс ҳолда, хорижда ишлаш имкониятларини кенгайтириш ҳақидаги хабарлар шифокорлар учун жозибали таклиф бўлиб кўринса-да, мамлакат ичидаги тиббий хизмат сифати ва кадрлар билан таъминланганлик масаласи очиқ қолаверади.
Хулоса шуки, шифокорларга Европада ишлаш имкониятини яратишнинг ўзи муаммо эмас. Асосий масала — Ўзбекистон ўз мутахассисларини муносиб меҳнат шароити билан таъминлаш, уларни мамлакатда олиб қолиш ва аҳолининг сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлаш учун қандай чоралар кўряпти?
Чунки шифокорнинг хорижда юқори маош олиши унинг шахсий манфаати учун ижобий натижа бўлиши мумкин. Аммо ўз юртида малакали мутахассис етишмаслиги сабабли тиббий ёрдам олишда қийналаётган беморлар манфаати ҳам унутилмаслиги керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг