Кинематография агентлигининг янги раҳбари Жаҳонгир Аҳмедов киноижодкорлар билан ўтган ҳафта ўтказган очиқ мулоқотида соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳақида очиқ ва куюниб гапирди.

Бу мулоқот ҳақида чиққан расмий хабарнинг энг диққатга сазовор жойи шу бўлдики, агентликнинг ўзи кино соҳасида асосий натижа – яхши фильм яратиш эмас, берилган топшириқни «ёпиш» бўлиб қолганини тан олди.

Яъни ҳисобот бор, топшириқ бажарилган, ҳужжатлар ҳам расмийлаштирилган, аммо фильм томошабинга етиб бормаган.

Бу эътироф аслида жудаям кескин гап. Чунки Жаҳонгир Аҳмедов Кинематография агентлигига 2026 йил июлида раҳбар этиб тайинланди ва бу лавозимда Шуҳрат Ризаевни алмаштирди.

Элтузар манбасининг таъкидлашича, янги раҳбарнинг мазкур йиғилиши ташқи томондан умумий соҳавий муҳокама кўринишида ўтган бўлса-да, аслида унда «қизим сенга гапираман, келиним сен эшит» тамойили ишлаган.

Яъни Аҳмедов собиқ раҳбар Шуҳрат Ризаевни номи билан очиқ танқид қилмаган. Аммо «эскича ишлаш», фильм сифати ўрнига топшириқни ёпиш, самарасиз баҳолаш тизими ва натижасиз кинолар ҳақидаги танқидлар амалда Ризаев раҳбарлик қилган даврда шаклланган ёки давом этган тизимни бевосита савол остига олган. Янги раҳбарнинг бу гапларини «отдан тушса ҳам эгардан тушмаган» Шуҳрат Ризаев биринчи қаторда ўтириб, жим тинглаган. Гап шундаки, «юқоридаги акахони»ни ишга солган Шуҳрат Ризаев агентлик раҳбарлигидан олиб ташланган бўлса-да, агентлик раҳбарига маслаҳатчи бўлиб олган.

Элтузар инсайдери бундан ҳам жиддийроқ маълумотларни билдирди. Манба даъвосига кўра, Шуҳрат Ризаев раҳбарлиги даврида айрим кинолойиҳаларни молиялаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларида 30 фоизгача «откат» талаб қилинган ва олинган.

Манба бундай лойиҳалар сони ўнлаб эканини даъво қилмоқда. Элтузар ҳозирча бу айбловларни мустақил манбалар ёки расмий тергов ҳужжатлари билан тасдиқлай олгани йўқ. Шу сабаб мазкур маълумотлар факт эмас, текширилиши лозим бўлган жиддий инсайдер даъвоси сифатида келтирилмоқда.

Манбанинг фикрича, аввалги раҳбар даврида келишилган ва маблағ ажратилган айрим фильмлар ҳали тайёр бўлмаган. Агар бундай лойиҳалар якунига етмасидан собиқ раҳбар жараёндан бутунлай чиқиб кетса, пора бергани иддао қилинаётган айрим режиссёр ва продюсерлар ўз пуллари ёки берилган ваъдалар тақдири юзасидан ундан ҳисоб сўраши мумкин.

Айнан шу нуқта Жаҳонгир Аҳмедовнинг йиғилишда айтган гапларига бошқача нигоҳ билан қарашга мажбур қилади.

Нега янги раҳбар биринчи жиддий мулоқотларидан бирида «яхши фильм эмас, топшириқни ёпиш» тизимини танқид қилди?

Нега эски баҳолаш механизмларидан воз кечиш зарурлиги алоҳида таъкидланди?

Нега фильмнинг қиймати ҳисоботдаги рақамлар эмас, томошабин эътирофи билан ўлчаниши кераклиги энди айтилаяпти?

Энг муҳими – агар «30 фоизлик откат» ҳақидаги маълумотлар ҳақиқат бўлса, бу кино сифати ҳақидаги баҳсдан давлат бюджети, эҳтимолий коррупция ва жиноий жавобгарлик масаласига айланади.

Шунинг учун Жаҳонгир Аҳмедов бошлаётган «янги кино тизими»нинг ҳақиқий синови чиройли йиғилишлар ёки янги KPIлар эмас. Ҳақиқий синов – эски тизимни очишга тайёрлик.