2026-2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул жараёнининг дастлабки натижалари қизлар юқори натижа кўрсатаётганини намоён қилди. Бу алоҳида бир йилга хос ҳолат эмас, сўнгги ўн йилликда дунёнинг кўплаб мамлакатларида кузатилаётган ижтимоий ва таълимий ўзгаришлар ҳам айнан шундай.

Бу йилги қабулда абитуриентларнинг 53,9 фоизини айнан қизлар ташкил этгани ҳам бу тенденцияни тасдиқлайди.

Бугун кўплаб мамлакатларнинг университет аудиторияларида қизлар улуши кўплаб йигитлардан юқори. Масалан, Канада, Австралия, Буюк Британия, Франция ва Скандинавия давлатларида бакалавриат талабаларининг аксариятини қизлар ташкил қиладт. АҚШда ҳам сўнгги йилларда аёллар олий таълимда эркакларга нисбатан кўпроқ иштирок этмоқда.

Бунинг бир неча сабаблари бор.

Биринчидан, қизлар мактаб давриданоқ таълимий интизомга кўпроқ амал қилади. Давомат, уй вазифаларини бажариш, тестларга мунтазам тайёргарлик каби кўрсаткичларда улар кўпинча юқори натижа қайд этади.

Иккинчидан, замонавий меҳнат бозорида дипломнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Қизларимиз учун олий маълумот мустақил ҳаёт, барқарор касб ва иқтисодий эркинликнинг калити бўлиб қолди. Шунинг учун қизлар университетга киришни шахсий келажакка сармоя сифатида қабул қилади.

Учинчидан, йигитларнинг маълум қисми меҳнат бозорига эртароқ киришни маъқул кўради. Айримлари ишлашни, тадбиркорликни ёки меҳнат миграциясини университетдан устун қўяди. Йигитларнинг орзуси битта мошин олиб кира қилиш, кечаси гумбурлатиб кўча чангитиш бўлиб қолмоқда. Бу ҳол қабул статистикасига ҳам таъсир қилади.

Ривожланган мамлакатларда муҳандислик ва архиектура каби техник йўналишларда ҳали ҳам эркаклар салмоғи юқори. Педагогика, тиббиёт, психология ва гуманитар соҳаларда қизлар етакчилик қилади.

Ўзбекистон учун ҳам бу жараён муҳим сигналдир. Агар қизлар билим олишда фаоллашиб бораётган бўлса, энди асосий вазифа уларнинг меҳнат бозорида ҳам ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилиши учун имконият яратишдир. Шу билан бирга, йигитларнинг таълимга қизиқиши пасайиб кетаётганига  ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.

Қиз бола ўқиб шаҳар оберолмас, йигитлар ҳам шундай. Лекин, ҳарқалай, касб-ҳунарли аёл иқтисодий қарамлик,  уйсизлик, беватан бўлиб ота ва эр уйи орасида саргардонлик азобини кўрмаслик эҳтимоли баланд.

Қизларнинг юқори тест натижалари жамиятдаги таълим маданияти, иқтисодий эҳтиёжлар ва гендер ролларидаги ўзгаришларни акс эттирувчи муҳим ижтимоий кўрсаткич ҳисобланади.  Агар ушбу тенденция тўғри бошқарилса, у мамлакатнинг истиқболдаги интеллектуал салоҳияти ва иқтисодий ривожланиши учун муҳим омилга айланиши мумкин.