Тошкентнинг собиқ ҳокими, йирик тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмда тадбиркорлар билан учрашувида хорижда юрган 10 минг нафар ўзбекистонликни мамлакатга қайтариб, иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Таклиф бошқа тадбиркорлар томонидае олқишланди, аммо на Ортиқхўжаевнинг ўзи ва на маҳаллий матбуот унинг тафсилотларига тўхталгани, таҳлил қилгани йўқ.

Бу баёнотни оддий «йирик тадбиркор 10 мингта иш ўрни яратмоқчи» деган хабар сифатида эмас, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий сигнал сифатида кўриш мумкин.

10 минг нафар меҳнат мигрантини Ўзбекистонга қайтариб, иш билан таъминлаш ташаббуси мамлакатда бандлик ва меҳнат миграцияси масаласи ҳали ҳам долзарб эканини кўрсатади.

Ўзбекистонликлар хорижга фақат иш топиш учун эмас, кўп ҳолларда маҳаллий бозордагига нисбатан юқорироқ даромад олиш учун кетади. Шунинг учун мигрантни қайтариш учун шунчаки иш ўрнининг ўзи етарли эмас. Таклиф қилинадиган маош, меҳнат шароити, ижтимоий кафолатлар ва ишнинг барқарорлиги ҳам хориждаги иш билан рақобатлаша олиши керак.

Шу нуқтаи назардан асосий савол «10 минг кишига иш топиладими?» эмас, балки «уларни Ўзбекистонга қайтишга ундайдиган иш таклиф қилинадими?» деган саволдир.

10 минг кишини иш билан таъминлаш мавжуд корхоналардаги бўш иш ўринларини тўлдиришдан каттароқ миқёсдаги вазифа.

Агар гап янги иш ўринлари ҳақида кетаётган бўлса, бу янги ишлаб чиқариш қувватлари, завод ва цехлар, ускуналар, хомашё, энергия, логистика, айланма маблағ ва энг муҳими ишлаб чиқарилган маҳсулот учун бозор талаб қилади.

Шартли равишда бир ходимга ойига 500 доллар меҳнат харажати тўғри келса ҳам, 10 минг киши учун бир йиллик харажат 60 миллион долларга етади. Бунга ишлаб чиқариш ва инфратузилма харажатлари кирмайди.

Шу сабабли бу ваъданинг иқтисодий салмоғини баҳолаш учун бир қатор саволларга жавоб бериш керак:

10 минг киши қайси компанияларда ишлайди? Қайси соҳаларда? Қайси ҳудудларда? Қанча маош олади? Қанча вақт ичида ишга қабул қилинади? Янги корхоналар қуриладими?

Бу маълумотларсиз 10 минг рақами ҳозирча аниқ инвестиция дастуридан кўра катта оммавий мажбурият сифатида кўринади.

Ўзбекистон учун меҳнат миграцияси йиллар давомида ички меҳнат бозоридаги босимни юмшатиб келди. Хорижда ишлаётган фуқаролар бир томондан мамлакатдаги ишсизлик босимини камайтирса, иккинчи томондан миллиардлаб доллар пул ўтказмалари орқали иқтисодиётни қўллаб-қувватлайди.

Шунинг учун мигрантларни қайтаришнинг ўзи иқтисодий мақсад бўла олмайди. Агар хорижда ойига 800–1000 доллар топаётган киши Ўзбекистонга қайтиб 300–400 долларлик ишга кирса, статистик жиҳатдан бандлик ошиши мумкин, аммо оиланинг реал даромади камаяди.

Масаланинг моҳияти мигрантни жисмонан мамлакатга қайтариш эмас, балки у хорижда топаётган даромадга яқин қийматни Ўзбекистон иқтисодиёти ичида ярата олишдир.

Шу маънода Ортиқхўжаевнинг таклифи миграциядан ички индустриал бандликка ўтиш ғоясининг кичик модели бўлиши мумкин.

Россиядаги вазият ҳам муҳим.

Сўнгги йилларда Россияда меҳнат мигрантларига нисбатан талаблар ва назорат кучайди. Бу Ўзбекистон учун меҳнат миграциясини диверсификация қилиш ва мамлакат ичида янги иш ўринлари яратиш заруратини оширмоқда.

Ҳукумат бир томондан Германия, Жанубий Корея, Япония ва бошқа бозорларга уюшган меҳнат миграциясини кенгайтиришга ҳаракат қилса, иккинчи томондан аҳолининг бир қисмини мамлакат ичида иш билан таъминлашга уринмоқда.

Ортиқхўжаев таклифининг фарқи шунда: гап мигрантни Россиядан бошқа хорижий бозорга йўналтириш ҳақида эмас, уни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида кетмоқда.

Бу баёнотни ким айтгани ҳам аҳамиятли.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев фақат йирик тадбиркор эмас, Тошкентни бир неча йил бошқарган собиқ ҳоким. Ортиқхўжаевнинг президент иштирокидаги йирик тадбирда 10 минг кишини иш билан таъминлаш каби катта ижтимоий-иқтисодий ташаббус билан чиқиши унинг катта сиёсатга қайтиши сифатида кўрилиши мумкин.

Ортиқхўжаев давлат олдида турган катта ижтимоий вазифаларни ҳал қилишга қодир йирик хусусий капитал вакили сифатида намоён бўлмоқда.

Шу тариқа Ортиқхўжаевнинг жамоатчиликдаги роли ҳам ўзгариши мумкин: собиқ ҳокимдан йирик миллий инвестор ва иш берувчи образига.

Ваъданинг яна бир муҳим жиҳати, бу – Ўзбекистонда давлат ва йирик хусусий бизнес ўртасида шаклланаётган муносабат модели.

Йирик бизнесдан фақат солиқ тўлаш эмас, балки давлатнинг стратегик вазифалари – бандлик, экспорт, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни ривожлантириш ва энди меҳнат мигрантларини қайтаришда ҳам иштирок этиш кутилмоқда.

Бу ерда муҳим савол пайдо бўлади: 10 минг иш ўрни хусусий бизнеснинг ўз маблағи ва бозор эҳтиёжлари асосида яратиладими ёки давлат кўмаги эвазига?

Агар бу ташаббус ортидан Ортиқхўжаевга тегишли компанияларга ер, имтиёзли кредит, солиқ ёки божхона имтиёзлари, давлат буюртмалари ёки бошқа преференциялар берилса, лойиҳанинг иқтисодий мазмуни ҳам ўзгаради. У ҳолда бу фақат хусусий компаниянинг ташаббуси эмас, давлат ва йирик бизнес ўртасидаги ўзига хос ижтимоий келишувга айланади.