Барчамизга маълумки, махсус электрон савдо платформа (маркетплейс)лари орқали жисмоний шахсларга товарларни чакана сотиш (онлайн‑савдо) фаолияти кундан-кунга ривожланиб, унинг умумий савдодаги улуши ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 5‑моддасига мувофиқ аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади.

Ҳозирда истеъмолчиларнинг махсус электрон савдо платформалари (маркетплейс)нинг чатлари орқали йўллаган (қилган) шикоятлари таклиф ёки фикр-мулоҳаза сифатида қабул қилинмоқда.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарларни чакана сотиш (онлайн‑савдо) тартиб-қоидаларини белгиловчи “Бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали товарларни сотиш тартиби тўғрисида”ги 388-сон, “Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 185-сон, “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 943‑сон қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга истеъмолчиларнинг сотувчига нисбатан судгача эътироз билдириш ва суд даъвосини қўзғатиш вақтида далиллар таъминоти юзасидан ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тавсия қиламиз.

Маълумки, “Махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарларни чакана сотиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик Низом”га мувофиқ махсус электрон савдо платформаси оператори сотилган товарлар учун жисмоний шахслар билан шартнома асосида (шу жумладан, офертага қўшилиш орқали) ҳисоб-китобларни амалга ошириши белгиланган.

Қонунчиликка истеъмолчиларнинг махсус электрон савдо платформаларининг чатлари орқали йўллаган (қилган) шикоятларини расман судгача эътирозга тенглаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Бунда шикоятда буюртма рақами, истеъмолчи ҳақидаги маълумотлар, тўлов реквизитлари ва истеъмолчининг талаби мазмуни бўлиши шартлиги белгиланади. Чат орқали йўлланган хабар шикоят деб қабул қилиниши учун унда буюртма рақами, истеъмолчи ҳақидаги маълумотлар (ФИШ, манзили, телефон рақами, e-mail), товар қайтарилаётган ҳолларда тўлов реквизитлари, истеъмолчининг талаби мазмуни (товарни алмаштириш, товарни қайтариб олиш ва тўланган пулни қайтариш, нархини тушириш ва бошқалар) кўрсатилиши лозимлиги каби шартларни киритиш мумкин. Бундай маълумотлар мавжуд бўлганда қонунчиликда истеъмолчининг шикоятини кўриб чиқиш ва расмий жавоб бериш учун белгиланган муддатлар қўлланилиб бошланиши керак.

Махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарларни чакана сотиш (онлайн‑савдо) фаолиятида истеъмолчиларнинг сотувчига нисбатан судгача эътироз билдириш ва суд даъвосини қўзғатиш вақтида далиллар таъминоти юзасидан ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, қонунчиликка киритилиши лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалардан яна бири – товар сотиб олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар таркибини аниқлаштиришдан иборатдир. Маркетплейс орқали товар сотиб олинганлиги юзасидан қоғоз шаклидаги чек бўлмаган тақдирда харидни тасдиқловчи бошқа далиллар қабул қилинишини қонунчиликка киритиш лозим. Бошқа далиллар таркибига электрон чек, банк ҳисобварағидан кўчирма, маркетплейс шахсий кабинетидаги маълумотлар, товарнинг кафолат талони ёки техпаспортини киритиш мумкин бўлади.

Агар, етказилиб берилган товарнинг кузатувчи ҳужжати (карточкаси)да ёки сотувчининг маркетплейсдаги шахсий кабинетида юридик шахслар ҳақидаги мажбурий маълумотлар (сотувчи корхонанинг номи, манзили, телефон рақамлари, СТИРи ва бошқалари) бўлмаган тақдирда ушбу ҳолат ҳуқуқбузарлик деб баҳоланишини қонунчиликка киритилиши лозим.

Бундан ташқари истеъмолчининг талабига кўра маркетплейс (сотувчи, оператор, сотувчининг истеъмолчилар билан ишлаш хизмати, колл-маркази, ишонч телефони) истеъмолчи сотиб олган товар ҳақидаги маълумот ва далилларни тақдим этиши шартлиги, тақдим этилмаган тақдирда ушбу ҳолат ҳуқуқбузарлик деб баҳоланишини қонунчиликка киритилиши лозим.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров