Собиқ депутат, миграция идорасининг Тошкент вилояти бўлинмаси собиқ раҳбари Олим Сулайманов суд орқали ундирилган 574 миллион сўмдан ортиқ маблағини ололмаётганини билдириб, Бош прокуратура ва Мажбурий ижро бюроси республика раҳбариятига мурожаат қилди. МИБ маблағ депозит ҳисобварағига тушганини тасдиқлаган, бироқ уни тақсимлашни маъмурий суднинг якуний қарори билан боғлаган.

Олим Сулаймановнинг мурожаатига кўра, суд унга тегишли иш ҳақини дарҳол тўлашни белгилаган. Маблағ Олмазор тумани МИБ ҳисобварағига ўтказилган бўлса-да, шахсий пластик картасига тушмаган. У масъуллар бир неча бор «эртага», «индинга» деб ваъда берганини, аммо ўн кундан ортиқ вақт давомида пулни ололмаганини айтмоқда.

«Мен ҳеч кимдан имтиёз ёки асоссиз талаб қилаётганим йўқ. Мен фақат суд қарори билан ундирилиши белгиланган ўз меҳнат ҳақимни қонуний тартибда ва кечиктирмасдан олишни талаб қиляпман», – дейилади мурожаатда.

МИБнинг очиқ маълумоти пул ундирилганини тасдиқлайди. Бюро Тошкент шаҳар бошқармасининг расмий каналида билдирилишича, 2026 йил 8 октябрь ҳолатига Олмазор туман бўлими депозит ҳисобварағига Сулаймановга оид ижро ҳужжатлари бўйича 574 миллион 237 минг 758 сўм келиб тушган. Ушбу ҳужжатлар ишга тиклаш, иш ҳақи ва компенсацияларни ундириш билан боғлиқ.

Бюро қарздор ташкилотнинг 26 та автотранспорт воситаси ва тўртта кўчмас мулкига тақиқ қўйилгани, 11 та ҳисобварағи банд қилинганини ҳам маълум қилган. Бироқ МИБ изоҳига кўра, Сулаймановга тегишли ижро ҳужжатлари юзасидан Тошкент туманлараро маъмурий судида жараён давом этаётгани сабабли маблағ суднинг якуний қарорига мувофиқ тақсимланади. Идора бунда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 80-моддасига таянган.

Сулайманов эса МИБнинг ҳаракатсизлиги юзасидан маъмурий суд қарори аллақачон чиқарилганини билдирмоқда.

Собиқ депутат маблағ нега картасига ўтказилмаганини текшириш, масъулларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва тўлов муддати ҳақида ёзма жавоб беришни сўрамоқда. Ҳозирги асосий савол эса очиқ қолмоқда: МИБ ҳисобига тушган пул Сулаймановга қачон берилади?