Олий аттестация комиссияси трансформацияси фонида илмий даражаларни тасдиқлаш жараёнида чўзилишлар кузатилмоқда. ОАКнинг ўзи жараённи пора билан тезлатишга уринманг, дея эълон берди.  Амалда бу ташкилот айнан ижтимоий-гуманитар фанларга ўгайдек илмилиқ муносабат кўрсатмоқда.

Ҳеч қайси фанни кераксиз деб бўлмайди. Фаннинг тадқиқотлари айрим ҳолларда бўш бўлиши мумкин. Лекин бу амалда бирор фанни четга суриб, бошқасини ўнг кўзда кўришга асос бўлолмайди. Шу хатога йўл қўяётган янги раёсатнинг умумий савод, дунёқараш ва фаҳм-фаросат даражаси шубҳали кўринадир.

Май ойи ва ундан олдинги ойларда тасдиқланган илмий даражалар сони билан солиштирганда, июнь ойида тасдиқланган ишлар сони сезиларли даражада камайган. Бир қатор ишлар ОАКда “осилиб” қоляпти.Эски раҳбариятни уқувсиз дея тош отган янгилар амалда оддий эълонлар узвийлигини таъминлаб беролмаяпти.

ОАК раёсати мажлислари йил бошида тасдиқланган режа асосида белгиланган вақтларда ўтказилмаётгани ҳам тасдиқланиши керак бўлган ишлар орқага сурилишига сабаб бўляпти. ОАК Фанлар академияси таркибига ўтказилгандан сўнг аттестат ва диплом бланкалари, муҳрлар ҳамда электрон тизимлар билан интеграция масалаларида ноаниқликлар сақланиб қоляпти.

Айрим ҳолларда тасдиқланган диплом ёки аттестатлар my.gov.uz тизимида дарҳол акс этмаслиги тадқиқотчилар учун ортиқча сарсонгарчилик келтириб чиқармоқда.

Илмий жамоатчилик Фанлар академияси ва масъул идоралардан ушбу камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этишни, кутишда турган ишлар бўйича тезкор ва аниқ жавоб берилишини сўрамоқда. Биз нимаям дердик? Конфуцийнинг бир нақли ёдга тушди: ўзгаришлардан иборат бетайин даврда яшашдан кўра мудҳишроқ бахтсизлик йўқ.

Расман қоралов кампанияси амалга ошиб бўлди. Фанлар Академияси раиси оламшумул баёнотлар берди. Секин-секин ОАК дарахтининг шохлари ФА танасига эгиб боғланди. Ҳозирча бор гап шу. Бу трансформациянинг хайр-барокатини ҳануз аниқ билиш имконсиз бўлиб қолаётир.