БУХДУ МУДДАТИ ЎТГАН ТИЛ СЕРТИФИКАТЛАРИ УЧУН МИЛЛИАРДЛАБ УСТАМА ТЎЛАДИ
ОТВИ вазирлиги аудитига кўра, Бухоро давлат университетида амал қилиш муддати ўтган тил сертификатлари ва интизомий жазоси бор ходимларга устама тўлаш орқали миллиардлаб бюджет маблағлари нотўғри сарфлангани аниқланди. Университет раҳбариятидан жавоб талаб этилмоқда.
Бухоро давлат университети — минглаб талабалар таҳсил оладиган, юзлаб профессор-ўқитувчилар меҳнат қиладиган нуфузли олий таълим муассасаси. Аммо Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ички аудити материалларида қайд этилган рақамлар университетда молиявий интизом ва иш ҳақи тўловларида жиддий камомад борлигини кўрсатмоқда.
Ҳужжатда Бухоро давлат университетига тегишли бир нечта йўналиш бўйича юзлаб миллион сўмлик нотўғри тўловлар ва қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган. Яъни Президентнинг 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори талабларига риоя этилмаган ҳолда B2 хорижий тил сертификати учун тўловлар масаласида 5 та олийгоҳда бюджетдан жами 2 млрд 377,6 млн сўм нотўғри тўлангани кўрсатилган.
Ушбу маблағнинг 804,3 млн сўми Бухоро давлат университети улушигв тўғри келади.
Нима учун давлат бюджети ҳисобидан бундай тўловлар амалга оширилган? Ким ҳисоблаган? Ким тасдиқлаган? Ким назорат қилган? Ва ушбу маблағлар қайтарилдими?
Ҳужжатда яна 6 та олийгоҳда амал қилиш муддати ўтган C1 хорижий тил сертификатлари учун бюджетдан жами 2 млрд 304,2 млн сўм устама нотўғри тўлангани қайд этилади.
Рўйхатларда Бухоро давлат университети биринчи. Университет ҳиссаси — 1 млрд 18,9 млн сўм. Бу рақамни шунчаки «техник хато» деб бўлмайди.
Нега сертификатнинг амал қилиш муддати текширилмаган? Ёки кўра-била кўз юмилдими? Маблағларни қайтариш бўйича қандай чора кўрилган? Интизомий жазо олган ходимларга ҳам устама ва мукофотлар берилишини қандай изоҳлаш мумкин?
Текширув ҳисоботида Меҳнат кодексининг 299-моддаси талабларига зид ҳолда интизомий жазо чораси қўлланилган ходимларга устама ва мукофотлар нотўғри тўлангани қайд этилади.
Бундай ҳолатлар аниқланган 8 та таълим муассасасида умумий сумма 823,4 млн сўмни ташкил этган.
Рўйхатда Бухоро давлат университети ҳам бор — 221,2 млн сўм.
Энг қизиқ жиҳати шундаки, мукофот ва устамалар ходимни рағбатлантириш воситаси ҳисобланади. У ҳолда интизомий жазоси бор ходимга бундай тўловлар қайси асосда амалга оширилган?
Бухоро давлат университети раҳбарияти жамоатчиликка жавоб бериши керак.
Энг аввало қуйидаги саволларга очиқлик билан жавоб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди:
804,3 млн сўм B2 сертификатлари учун нотўғри тўлов кимнинг қарори ёки ҳисоб-китоби асосида амалга оширилган?
1 млрд 18,9 млн сўм C1 сертификатлари бўйича тўловлар қандай назоратдан ўтган?
221,2 млн сўм устама ва мукофотлар қайси ходимларга ва қандай асосда берилган?
Жамоатчилик маблағи — жамоатчилик назоратида бўлиши керак.
Шунча маблағни совуриб юборганлар эса курсиларида мустаҳкам ўтиришибди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг