Бухоро давлат техника университети автотураргоҳидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланди.

Бухоро давлат техника университети ўз расмий материалларида экологик барқарорлик, «Яшил университет» ва «Яшил макон» ғояларини кенг тарғиб қилмоқда.

Ҳатто университетда Ўзбекистон Экологик партияси билан ҳамкорликда «Депутат ташаббускорлиги ва фаоллиги — “Яшил” тараққиёт ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил» мавзусида форум ҳам ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Хамзаев ва БДТУ ректори Садоқат Сиддиқова иштирок этди.

Университетнинг ўзи ҳам «яшил кампус»ни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаяпти. Гап деса қоп-қоп, иш хажми нолга тенг. Бу суратда БДТУ автотураргоҳи ҳудудида бир нечта кўп йиллик дарахтлар кесиб йўқ қилингани кўринади. Ҳозирга келиб автотураргоҳ ҳудудида 9 та кўп йиллик дарахт кесилди.

БДТУ Кузатув кенгаши раиси сифатида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Хамзаев кўрсатилган. Бу маълумот университетнинг расмий каналида қайд этилган.

БДТУ ректори Садоқат Сиддиқова эса расмий манбаларда Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти ташкилоти раҳбари сифатида кўрсатиляпти.

Экологик партия раҳбарлари иштирокида “Яшил тараққиёт” ва “экологик барқарорлик” ҳақида форумлар ўтказилаётган бир пайтда, университет автотураргоҳидаги кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига ким ва қайси мантиқ билан ижозат берган?