ТАРИФЛАР СИЁСАТИ ВА ҚОНУНЧИЛИГИНИ МУТЛАҚО ЯНГИЛАШ КЕРАК
Ўзбекистонда монопол корхоналар тарифларни асоссиз ошириши аҳоли даромад-харажат балансига қаттиқ зарба бермоқда. Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров амалдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва тартиблар заифлигини танқид қилиб, мустақил регулятор ва Price Cap қонуни жорий этишни таклиф қилади.
Фуқароларга ҳукумат томонидан қўшимча молиявий харажатларни юклатиш ва монопол тарифлар ўсиши тўхтамаяпди. Бунинг оқибатида аҳолининг даромадлари билан харажатлари ўртасидаги баланс бузилмоқда. Аҳоли қарз ботқоғига кириб бормоқда. 40-50 миллион иш ҳақи оладиган амалдорларга билинмаса керак, монопол тариф ва нархлар оддий аҳолини “чақиб” бошлаган.
Ўзбекистонда монопол ва табиий монополия субъектлари томонидан тарифларнинг асоссиз равишда оширилишини чеклаш механизми асосан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-850-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 722-сонли қарори билан тартибга солинади.
Ўзбекистонда нархлар ва тарифларни давлат томонидан тартибга солиш вазифасини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари амалга оширади. Ҳукумат тариф комиссияси деган, халқни ўйламайдиган бир орган ҳам бор.
Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган маҳсулот ва хизматлар (масалан, электр, газ, сув, иссиқ сув, ахлатни олиб кетиш, жамоат транспорти, темир йўл ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга соҳалар) учун тарифлар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ижтимоий аҳамиятли ва стратегик товарлар ҳамда хизматлар Президент ва ҳукумат қарорларида белгиланган.
Рақобат ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қўмитаси қоидалар ижросини назорат қилади. Монополист корхона тарифни ўз хоҳиши билан ошира олмаслиги лозим, у иқтисодий асосланган ҳисоб-китобларни давлат органига тақдим этиши шарт. Монопол корхоналар ўзларининг самарасиз бошқаруви, ортиқча исрофгарчиликлари ёки ички йўқотишларини тарифларни ошириш ҳисобига ёпа олмаслиги керак. Давлат органлари нархларни шакллантиришда фақатгина маҳсулот таннархига кирувчи қонуний ва мантиқий асосланган харажатларнигина инобатга олиши лозим.
Ўзбекистонда монополист корхоналар таннархни шишириб, бюджетдан олинадиган субсидия шаклидаги пулларни ўзлаштиришда ва истеъмолчиларни талашда давом этмоқда. Истеъмолчилар ҳимоясида туриши керак бўлган ва вазирлик етакловидаги қўмита заиф, унинг ўзига ёрдам керак. Қўмита қудратли, чексиз маъмурий ва бошқа ресурсларга эга бўлган монополистлар, уларнинг лоббисига бас кела олмайди. Қўмита ўзи ҳукумат таркибида бўлса? Қудратлиларга бир нарса дейишга “духи” етадими? Номига бўлса ҳам берилган тариф таклифларига рози бўлмадик ёки рад этдик деган хабарни кўрмайсиз. Монопол тарифлар ўсиши бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган эътирозлар – бу аслида ҳукумат ва қўмитага билдирилаётган эътирозлардир.
Йирик монопол корхоналар ва давлат иштирокидаги компанияларда монополияга қарши комплаенс (ички назорат) тизими жорий этилган. Бу тизим компаниянинг ички нарх сиёсати ва тарифлари қонун ҳужжатларига мос келишини олдиндан текшириб, қонунбузилишларнинг олдини олиши керак. Лекин, булардан ҳали бери бу йўналишда бирор бир натижа кутмасак ҳам бўлади.
Биз Жаҳон банкининг ёки Халқаро валюта жамғармасининг тавсиялари бўйича ишлаяпмиз деган баҳонангиз ўтмайди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги буларнинг тавсияларини назарингизга ҳам олмаяпсиз.
Монопол тарифлар ўсишини чеклаш учун нима қилиш керак?
Биринчидан, нархлар ва тарифларни давлат томонидан тартибга солишга ваколатли органни “тирилтириш”, уни ҳукумат таркибидан чиқариб, Президент ёки Олий Мажлис ҳузурига ўтказиш, ваколатларни бир қўлга бериш лозим. Раҳбари халқ томонидан сайланиши (мандатни ҳам халқ бериши) керак;
Иккинчидан, тарифларни расмий инфляция ва минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи билан боғлаш керак;
Учинчидан, монопол тарифлар ўсишини чеклайдиган қонун (Price Cap Regulation)ни қабул қилиш керак. Қонун Рақобат тўғрисидаги қонундан алоҳида бўлиши керак;
Тўртинчидан, ушбу масалани кучли жамоатчилик назоратида ушлаб турадиган профессионал, мустақил ва эркин оммавий ахборот воситалари ва журналистлар, мухолиф партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кучли ақл марказлари, эркин фуқаролар керак. Буларга ноқулай саволларни ҳукуматга беришга имконият бериш керак. Ҳозирги ҳолати умуман қониқарсиз.
Маълумот учун, Price Cap Regulation қонунчилик тизимининг асосий мазмуни ва мақсади истеъмолчиларни монопол юқори нархлардан ҳимоя қилиш ҳамда корхоналарни ўз харажатларини камайтиришга ундашдир. Корхона ўз нархини инфляция суръатидан камроқ ошириши шартлиги белгиланади. Эски тизимлардан (масалан, «рентабеллик нормаси» ёки харажатларни шунчаки қоплаб бериш тизимидан) фарқли ўлароқ, Price Cap тизимида агар компания ўз харажатларини белгиланган чекловдан ҳам кўпроқ камайтира олса, юзага келган қўшимча фойда ўзида қолади. Бу корхонани инновациялар киритишга ва исрофгарчиликни камайтиришга мажбур қилади. Бу тизим самарадорликни рағбатлантириш (Incentive Regulation)дан иборат. Бу тизим илк бор 1980 йилларда Буюк Британияда иқтисодчи Стивен Литтлчайлд томонидан ишлаб чиқилган ва телекоммуникация, сув, газ ва коммунал тармоқларида кенг қўлланилган.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг