Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунида 84,1 миллиард долларга етди. Йил бошидан буён ташқи қарз қарийб 1,9 миллиард долларга кўпайган.

Марказий банкнинг тўлов баланси, халқаро инвестицион позиция ва ташқи қарз бўйича янги ҳисоботига кўра, 1 июль ҳолатида давлат ташқи қарзи 41,7 миллиард долларни, корпоратив ташқи қарз эса 42,4 миллиард долларни ташкил қилган.

Шу тариқа, мамлакат ташқи қарзининг қарийб ярми давлат, қолган қисми эса хусусий сектор, корхона ва банклар зиммасига тўғри келмоқда.

Марказий банк корпоратив ташқи қарз давлат кафолатисиз жалб қилинган хусусий сектор қарзларини ҳам ўз ичига олишини таъкидлаган. Бундай қарзлар бўйича давлат мажбурият олмайди — уларни тегишли компания ва банклар ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди.

Импорт кескин ошган

Ҳисоботда ташқи савдодаги номутаносиблик ҳам кўзга ташланади.

2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон экспорти 15,4 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга камайган. Бу асосан олтин экспорти қисқариши билан боғлиқ.

Айни пайтда олтинни ҳисобга олмаганда товарлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти эса 45 фоизга ошган.

Импорт эса аксинча, 24 фоизга кўпайиб, 28,8 миллиард долларга етган. Мамлакат асосан машина ва ускуналар, транспорт воситалари, кимё ва минерал маҳсулотлар ҳамда озиқ-овқат импорт қилган.

Натижада биринчи ярим йилликда ташқи савдо балансидаги манфий фарқ 13,4 миллиард долларга етган.

Жорий ҳисоб тақчиллиги — 6,2 миллиард доллар

Импортнинг экспортдан юқори бўлиши мамлакатнинг жорий операциялар ҳисобида ҳам сезиларли тақчилликни юзага келтирган.

Биринчи ярим йиллик якунида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги қарийб 6,2 миллиард долларни ташкил қилган. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 5,79 миллиард доллар эди.

Савдо балансидаги катта манфий фарқ бирламчи ва иккиламчи даромадлар, жумладан хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳисобига қисман қопланган.

Хорижий инвестициялар оқими давом этмоқда

Тақчилликни молиялаштиришда хорижий инвестициялар муҳим ўрин тутган.

Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга соф тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими 2,3 миллиард долларни ташкил қилган. Портфель инвестицияларининг соф жалб қилиниши қарийб 2 миллиард долларга етган. Бошқа инвестициялар бўйича эса яна 1,5 миллиард долларлик соф кирим қайд этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестицион позицияси йил бошидан 34 фоизга қисқариб, 1 июль ҳолатида 13,3 миллиард долларга тушган.

Мамлакатнинг ташқи активлари 127,4 миллиард доллар, ташқи мажбуриятлари эса 114,1 миллиард долларни ташкил қилган.

Ташқи қарзнинг ўсиши нимани англатади?

84,1 миллиард долларлик жами ташқи қарзни тўлиқ давлат қарзи сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Унинг 42,4 миллиард доллари корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келади ва бу мажбуриятларнинг бир қисми давлат кафолатига эга эмас.

Шу билан бирга, ташқи қарз ўсиши импортнинг тез суръатларда кўпайиши ва жорий операциялар тақчиллигининг сақланиб қолаётгани билан бир вақтда кечмоқда.

Марказий банк маълумотига кўра, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг қарз юкини ҳозирча паст даражада деб баҳолайди. Ташқи қарзнинг салмоқли қисми имтиёзли шартларда жалб қилинган.

Бироқ рақамлар Ўзбекистон иқтисодиётида бир вақтнинг ўзида икки жараён кетаётганини кўрсатади: хорижий инвестициялар ва олтиндан ташқари экспорт ўсмоқда, аммо импорт ва ташқи мажбуриятлар ҳам тез суръатда кўпаймоқда.

Шу сабаб кейинги даврда асосий масала ташқи қарзнинг мутлақ ҳажмидан кўра, жалб қилинаётган маблағлар қайси соҳаларга йўналтирилаётгани, улар қанчалик даромад келтираётгани ва келажакда қарзни қайтариш учун етарли валюта тушумини ярата олишида бўлади.