Жаҳон тиллари университетида илмий иш қилиш, монография чиқариш, илмий тадқиқот масалалари кўринмас тўсиқлар билан мураккаблаштирилади. Илмий проректор ихтиёридаги мувофиқлаштирувчи кенгаш тирноқ остидан кир қидирган каби мавзулардан айб топади – Элтузарга ушбу университетнинг шўрпешона тадқиқотчилари яна бир бор мурожаат йўллашди.

Бу университетдан шикоят қилишга асослар талай. Университетнинг илмий ишлар проректори фалсафа доктори Отабек Юсупов ҳар соҳада микроменежмент билан қоғозбозликни урчитмоқда.

«Мувофиқлаштирувчи кенгаш доимий бўлавермайди. Мавзуни шу кенгашда тасдиқламаслик эҳтимоли ўта юқори. Кенгашнинг димоғдор котиби, Юсуповнинг энг яқини бўлган Усмонова Шаҳодатдан тортиб бу театрнинг дирижери проректорнинг ўзигача – уларнинг асл мақсади тадқиқотчига ғов бўлишдан иборат. Илгари бу университетда Бакиева командаси кўкариб бошқаларга йўл берилмаган бўлса, энди Юсуповга ялтоқланганларнинг ошиғи олчи…»

Бир қарашда бу тўсиқлар илмий ишлар сифатини назорат қилишдек кўринади. Аммо ҳимояга чиқаётганларнинг сезиларли улушида тил билиш сертификати йўқ. Раҳбарият назорат борасида бошқа жиҳатга урғу бериб ўзи учун ноқулай бўлган сертификат масаласига панжа ортидан қарайди. Иддаоларга кўра мустақил тадқиқотчиликка қабулда ҳам сертификат талаби қатьий эмас.

«Мавзудаги бир сўз, бир терминга урғу берувчи кенгаш тадқиқот мазмунини тушуниб-тушунмай одамига қараб эътироз билдиради. Бу мурожаатдан сўнг Усмонова хоним ўзини зўр деб, шикоятчиларни кўролмасликда айблаши мумкин. Тўғриси, бирор тош силжиб, аҳвол яхшиланишидан умидимиз йўқ. Мана энди ўзлари бош қотириб бирор жўяли мақоласини нуфузли журналларда якка ўзи чиқартиролмаган, кимларгадир эргашиб ҳаммуаллиф бўлган шу раҳбарлар докторантлардан халқаро индексация талаб қила бошлайди» – дейилади мурожаатда.

Линвистика, адабиётшунослик, тил таълимига бағишланган нуфузли, халқаро индексацияга эга журналлар жуда кам, бошқа соҳаларга нисбатан каррасига кам. Табиийки, улар фақат Ўзбекистон тадқиқотчиларини нашр қилавермайди. Университет раҳбарияти буни кўра-била туриб талабни қатъийлаштирмоқда.

Олий аттестация комисмияси бундан бир неча ой аввал тадқиқотлар ҳимоясини имкон қадар электорнлаштириш, субъективизмдан қутқаришга ваъда берган энди. Шу ислоҳот имкон қадар тезроқ амалга ошиши шарт.

Элтузар таклифи: университет архивини остин-устун қилиб диссертациялар сиффати тафтиш қилиниши, эълонлар чиқиши динамикаси, ҳимоя қилган уруғ-аймоқнинг билим даражаси, тил кўникмалари текширилсин. Шундан сўнг ОАК талаблари сирасида шарт бўлмаган ҳар қандай бюрократик жараён йўқ қилинсин.