АЙРИМ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРДАГИ “УЛУҒВОР МАҚСАД”ЛАР ҲАҚИДА
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муқаддимасидаги улуғвор мақсадлар ортида муайян тижорий гуруҳлар манфаати қандай яширилиши, протеционизм ва лоббизм истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаётганини таҳлил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.
Ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муқаддимаси (преамбуласи) доимо улуғвор мақсадлар, масалан, “ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш”, “аҳоли фаровонлигини ошириш”, “инвестиция муҳитини яхшилаш” каби баландпарвоз жумлалар билан бошланади.
Ҳужжатни дастлаб ўқир экансиз мақсаднинг улуғворлигига ишонч ҳосил қиласиз, бу қисми сайловчиларни ёки имзо қўйгувчини рози қилиш учун ёзилганига амин бўласиз. Ҳужжатни ўқишни давом эттирар экансиз, муқаддимада белгиланган мақсадларга мос бўлган асосий бандларида ҳуқуқий нормалар белгиланиб бошлайди. Буёғи ҳаммаси рисоладагидек.
Лекин, айрим ҳужжатларнинг рақамсиз хатбоши, изоҳ қисми ва иловаларида мазкур ҳужжат нормалари ҳамма учун эмаслиги, айрим кичик гуруҳларнинг манфаатлари яширинганлиги маълум бўлади. Ҳужжатда маълум бир тармоқ, монопол тузилма ёки муайян компания учун имтиёз, эксклюзив ҳуқуқ ёки истиснолар тажрибасиз инсонларнинг кўзига ташланмайдиган қилиб, ёзиб юборилган бўлади. Бу ҳолатни соҳада суяги қотган, тажрибали ва сўз ўйинларини яхши тушунадиган мутахассис ҳужжат матнини ўқиганда аниқлаши мумкин.
Бундай манфаатли тартиб ва қоидалар “маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш”, “аҳолини сифатли товар ва хизматлар билан таъминлаш”, “аҳолини иш билан таъминлаш”, “миллий брендларни қўллаб-қувватлаш”, “аҳоли хавфсизлигини таъминлаш” каби эртак ва чўпчаклар билан асосланади.
Бундай айрим гуруҳлар учун манфаатли бўлган нормалар амалда қандай ишлайди? Биринчи, энг кўп тарқалгани айрим товар ва хизматлар кириши учун мамлакат эшиклари ёпилади ёки уларга аждарҳо божлар солинади. Буни биз биргина хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналар, маиший техникалар импортига бўлган чекловлар ва божлар мисолида кўрдик. Бундай мисолларни жуда кўплаб санаш мумкин. Иккинчиси, лойиҳани амалга оширишга вақтни йўқотмаслик учун “тендерсиз тўғридан тўғри шартнома тузиш”, “истисно тариқасида фақат бир компанияга юклаш” шаклида бўлади. Буни биз СанЭГ, Эриел групп, Энтер инжиниринг компанияларига шу тариқа берилган лойиҳаларда кўрганмиз. Газлидаги газ омборининг бошқа давлат компаниясига бериб юборилиши ҳам саволларни туғдиради. Учинчиси, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидир. Бу ерда давлатга тегишли юқори ликвидли ер, мулк ва бошқа ресурслар хусусий шерикка қўш-қўллаб сув текинга топшириб қўйилади. Буни биз биргина авторақам тайёрлаш, автомашинани рўйхатга қўйиш, миллий ва хорижий паспорт олишдаги нархларда кўрмоқдамиз. Тўртинчиси, давлат активларини хусусийлаштиришдаги ҳақиқий рақобат муҳити ва ошкоралик таъминланмаслигидир.
Одатда, протеционизм сиёсати юритилаётган, рақобат чекланаётган, танлов эркинлиги мавжуд бўлмаганда аҳоли (истеъмолчи) манфаати эмас, балки муайян тижорий гуруҳларнинг манфаати биринчи ўринга қўйилади. Охирги натижа нима бўлмоқда? Истеъмолчиларнинг танлаш ҳуқуқи чекланмоқда, сифатсиз товар ва хизматлар учун қиммат нархда ҳақ тўланмоқда, шубҳали схемалар асосида бюджет маблағлари, давлатга тегишли юқори ликвидли корхона, ер, мулк ва бошқа ресурслар ўзлаштирилмоқда.
Шундай экан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси пухта бўлиши, ҳукумат протеционизм сиёсатидан, лоббизмдан, солиқ, бож ва бошқа соҳаларда юридик шахсларга имтиёзлар ва субсидиялар бериш сиёсатидан бутунлай воз кечиши керак. Бизнесни инкубатордан чиқариш ва Жаҳон савдо ташкилоти ўйин қоидалари билан ишлаш устувор бўлиши лозим. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бир хилда таъминланиши, жамият ва давлат манфаатлари устувор бўлиши керак. Тижорий тузилмалар давлат таълим ва соғлиқни сақлаш объектларига бир километр ҳам яқинлашмаслиги керак.
Лоббизимни ҳам жиноят қонунчилигида алоҳида малакалаш, санкциясини белгилаш керак.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг