Шаҳарларнинг тартибсиз кенгайиши, яшил ҳудудларнинг қисқариши, болалар майдончалари ва умумий фойдаланишдаги жойларнинг эгаллаб олиниши бугунги урбанизация жараёнида жиддий муаммолардан бирига айланмоқда. Айниқса, тегишли рухсатларсиз ёки лойиҳа талабларига риоя этилмасдан қурилаётган объектлар нафақат шаҳар қиёфасига, балки аҳоли хавфсизлиги ва яшаш шароитига ҳам таъсир кўрсатади.

Шу боис шаҳарсозлик ва урбанизация соҳасида қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган янги чоралар таклиф этилмоқда. Урбанизация миллий қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Парламентга киритилиб, депутатлар томонидан биринчи ўқишда маъқулланган.

Муаммонинг кўламини сўнгги йилларда аниқланган қоидабузарликлар ҳам кўрсатиб турибди. 2023 йилда қарийб 8 мингта, 2024 йилда эса 9 мингга яқин шаҳарсозлик қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган. Сифатсиз ёки талабларга жавоб бермайдиган қурилишлар сабаб 4 мингдан ортиқ объектда ишлар тўхтатилган. 2025 йилнинг ўзида эса 2 350 та объектдаги қоидабузарлик ноқонуний қурилмаларни бузиш орқали бартараф этилган.

Эътиборли жиҳати, янги қонун лойиҳасида қонунбузарлик содир этган юридик шахсларга нисбатан молиявий жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинмоқда. Хусусан, лойиҳасиз, рухсатсиз ёки объектнинг белгиланган функционал мақсадини бузган ҳолда қурилиш ишларини амалга оширган юридик шахсга ҳар бир квадрат метр учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида молиявий санкция қўллаш назарда тутилмоқда.

Бу чоранинг асосий мақсади фақат ноқонуний қурилган объектларни кейинчалик бузиш эмас, балки қонунбузарликни қурилиш бошланишидан олдин тўхтатишга иқтисодий рағбат яратишдир. Чунки ноқонуний объектни қуриб бўлгандан кейин бузиш вақт ва маблағ талаб қилади, энг муҳими, бундай жараёнда аҳоли, тадбиркорлар ва шаҳар инфратузилмаси манфаатларига зарар етиши мумкин.

Масалан, рухсатсиз қурилиш натижасида йўллар ва муҳандислик тармоқларига қўшимча юк тушиши, автотураргоҳлар етишмаслиги, яшил ҳудудлар қисқариши ёки аҳоли учун мўлжалланган ижтимоий объектлар майдони камайиши мумкин. Кўп қаватли уйлар қурилишида эса масала янада жиддий: қурилиш меъёрларига риоя этилмаслиги хавфсизлик билан боғлиқ таваккалларни оширади.

Шу нуқтаи назардан, янги молиявий санкцияларни шаҳарсозлик интизомини таъминлашга қаратилган превентив механизм сифатида баҳолаш мумкин. Яъни қурилишни қонунга хилоф равишда амалга оширишдан кўра, белгиланган талабларга риоя қилиш тадбиркор учун манфаатлироқ бўлиши керак.

Бироқ қонуннинг самарадорлиги фақат жарима миқдорига эмас, балки назоратнинг шаффофлиги ва барча қурилиш иштирокчилари учун бир хил қўлланилишига ҳам боғлиқ. Қонунбузарликларни аниқлаш, рухсат бериш жараёнларини рақамлаштириш, қурилиш ҳужжатларининг очиқлигини таъминлаш ва назорат органларининг масъулиятини ошириш бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Умуман, таклиф этилаётган ўзгаришлар шаҳарсозликда «аввал қуриш, кейин қонунийлаштириш» ёндашувидан воз кечишга хизмат қилиши мумкин. Бу эса замонавий, хавфсиз ва аҳоли манфаатларига мос шаҳар муҳитини шакллантиришда муҳим қадамдир.

Аслида, энг асосий вазифа қурилишни чеклаш эмас, балки уни қонуний, сифатли ва шаҳар инфратузилмаси билан уйғун ҳолда амалга оширишдир.