1100 ДОЛЛАР ТЎЛАБ, УМРАДА ОВҚАТДАН ҚИЙНАЛИШМОҚДАМИ?
Наманганлик зиёратчилар 1100 доллар тўлаб, «Ashan Travel» орқали умра сафарига кетганини, аммо таомлар сифати паст ва овқатланиш шароити қониқарсиз эканини айтмоқда. Мурожаатчи мутасаддилардан вазиятга аралашишни сўраган.
Наманган вилоятидан умра зиёратига йўл олган фуқароларнинг овқатланиш шароитидан норозилиги ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, зиёратчиларнинг ҳар биридан 1100 АҚШ доллари олинган, аммо сафар давомида берилаётган таомлар сифати талабга жавоб бермаяпти.
Мурожаатга кўра, зиёратчилар 13 октябрь куни «Ashan Travel» деб кўрсатилган фирма орқали умрага жўнаб кетган. Муаллиф уларга эски таомлар берилаётгани, овқатланиш жойларининг шароити ҳам қониқарсиз эканини даъво қилмоқда.
«Зиёратчиларнинг ичида ёнида пул олиб кетганлар ҳам, фирмага ишониб кетганлар ҳам бор. Илтимос, овқатларини яхши қилиб беришсин, зиёратчилар қийналмоқда», – дейилади мурожаатда.
Мурожаатчи фирма раҳбари Наманган вилояти Уйчи туманидан Дилмурод исмли шахс эканини билдирган. У мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликдан вазиятга эътибор қаратиб, зиёратчиларнинг овқатланиш шароитини яхшилашга кўмаклашишни сўраган.
Мурожаатдаги даъволарга исбот тариқасида Элтузарга видео ҳам йўлланган. Тўловга қайси хизматлар киритилгани ва шартномада қандай шароитлар ваъда қилингани ҳақида ҳужжатлар тақдим этилмаган. Элтузар фирма вакилларининг мазкур шикоят юзасидан изоҳини ёритишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг