Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида имтиёзли йўлланма билан даволанаётган беморлар таҳлил, тиббий текширув, дори-дармон ва ҳатто энг оддий тиббий буюмларни ҳам ўз ҳисобидан сотиб олишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.

Бу ҳақда Элтузарга йўлланган мурожаатда маълум қилинди.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, давлат томонидан бепул даволаниш ва тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқини берувчи “давлат ордери” мазкур муассасада амалда беморларнинг харажатларини қопламаяпти.

“Қўлида ордери бўлган бемор шифохонага келганидан бошлаб барча текширувлар ва таҳлиллар учун пул тўлашга мажбур. УЗИ, МРТ ва бошқа аппарат текширувларининг бирортаси ҳам ордер асосида бепул ўтказилмаяпти”, – дейилади мурожаатда.

Манба келтирган маълумотга кўра, марказда МРТ текшируви нархи 400 минг сўм этиб белгиланган. Мурожаат муаллифи айни хизмат айрим хусусий клиникаларда 350–375 минг сўм атрофида эканини билдирган.

У давлат бюджети ҳисобидан харид қилинган ускунадаги хизмат нега хусусий тиббиёт муассасаларидан қиммат экани ва ордери бор беморлардан ҳам нима сабабдан пул ундирилаётганига изоҳ сўраган.

Мурожаатда суяк, чаноқ ва тизза бўғимлари билан боғлиқ касалликлардан даволанаётган беморларга бўғим ичига юбориладиган қиммат дори воситалари ёзиб берилаётгани ҳам қайд этилган.

Манбанинг айтишича, бундай препаратларнинг бир донаси шифохона атрофидаги дорихоналарда 850 минг сўмдан сотилмоқда. Даволаш курси учун эса беморга ўртача олтитадан саккизтагача шундай дори керак бўлиши мумкин.

Бу ҳисобда бир беморнинг фақат шу препарат учун қиладиган харажати 5 миллион 100 минг сўмдан 6 миллион 800 минг сўмгача етади.

Мурожаат муаллифи шифохонада даволанаётганларнинг катта қисми кекса ва кам даромадли фуқаролар эканини таъкидлайди. Унинг ёзишича, айрим беморларнинг ойлик пенсияси 800-900 минг сўм бўлиб, бир дона дори нархи деярли бир ойлик пенсияга тенг келмоқда.

“Олти-саккизта укол олиш учун пенсионер бир неча ойлик даромадини фақат битта даволаш курсига сарфлаши керак. Одамлар қарз олишга, мол-мулкини сотишга мажбур бўлмоқда”, – дейилади мурожаатда.

Шунингдек, ордер билан ётқизилган беморларга шприц, пахта ва спирт каби оддий тиббий воситалар ҳам муассаса томонидан берилмаётгани иддао қилинган. Беморлар уларни ташқаридаги дорихоналардан ўз пулига харид қилаётгани айтилмоқда.

Мурожаатда палаталарда чойшаб ва ёстиқ жилдлари етарли эмаслиги, шу сабабли беморлар уйидан кўрпа-тўшак анжомларини олиб келишга мажбур бўлаётгани ҳам билдирилган.

Манбага кўра, бу ҳолатлар давлат томонидан имтиёз берилган беморларнинг амалда бепул ёки енгиллаштирилган тиббий хизмат олиш имкониятини шубҳа остига қўймоқда.

Мурожаат муаллифи мутасаддилардан давлат ордери бўйича ҳар бир беморга қанча маблағ ажратилиши, ушбу маблағ қайси хизмат ва дори-дармонларни қоплаши, МРТ учун белгиланган 400 минг сўмлик нарх қандай ҳисоблангани ҳамда ордерли бемордан тўлов ундириш қонуний ёки қонуний эмаслигига аниқлик киритишни сўраган.

Шунингдек, шифохона атрофидаги дорихоналарда сотилаётган қиммат препаратлар нархи, уларнинг беморларга муайян дорихоналардан харид қилиш учун тавсия этилаётган-этилмаётгани ва бу жараёнда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли бор-йўқлиги ўрганилиши талаб қилинган.

Мурожаатда келтирилган ҳолатлар ҳозирча мустақил манбалар ёки расмий ҳужжатлар билан тасдиқланган эмас. Ундаги иддаолар юзасидан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази, унинг Наманган филиали, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг муносабатини эълон қилишга тайёрмиз.