МЕДАЛ ОЛМАГАН КИМ ҚОЛДИ?
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан берилаётган эсдалик нишонлари атрофида саволлар кўпайди: мукофотларнинг оммавийлашуви, танлов мезонлари ва жараённинг шаффофлиги уларнинг қадри ва жамиятдаги маънавий қийматига қандай таъсир қилмоқда?
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони бу йил жамоатчилик эътиборида бўлган мавзулардан бирига айланди. Ижтимоий тармоқларда тақдирланганлар суратлари, мукофотлаш маросимлари ва турли ташкилотларнинг табриклари кўпайди. Бир томондан, бу Ғ меҳнат қилган инсонларни эътироф этиш, уларнинг жамият ва давлат олдидаги хизматини қадрлаш нуқтаи назаридан ижобий ҳолат. Бошқа томондан эса, мукофотланганлар сони, уларни танлаш мезонлари ва тақдирлаш жараёнининг шаффофлиги ҳақида саволлар пайдо бўлмоқда.
Энг аввало, расмий ҳужжатга мурожаат қилайлик. “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони 2026 йил 25 июнда Президент фармони билан таъсис этилди. Ҳужжатда нишон билан иқтисодий қудратни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошларни тақдирлаш назарда тутилган.
Демак, нишоннинг мақсади аниқ: Мустақиллик йилларида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонларни рағбатлантириш. Бу, шубҳасиз, ҳар қандай давлат учун табиий ва зарур амалиёт.
Аммо давлат мукофотининг маънавий қиймати унинг фақат расмий мақсади билан эмас, жамиятда қандай қабул қилиниши билан ҳам белгиланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, бу йилги тақдирлаш жараёнида мукофотланганлар ҳақидаги хабарларнинг жуда кўпайгани билан диққатни ўзига тортди. Интернетда бирин-кетин кўкрак нишони таққан инсонлар суратлари тарқалмоқда. Табриклар, тақдирлаш маросимлари ва расмий хабарлар оқимида эса бир савол кўндаланг бўлади: давлат мукофоти қанчалик оммавийлашса, унинг қадрига таъсир қилмайдими?
Аслида мукофотнинг вазифаси шунчаки кўп одамни рағбатлантириш эмас. У жамиятда муайян мезонни белгилаши керак. Яъни мукофот олган инсоннинг фаолияти бошқалар учун намуна бўлиши, унинг меҳнати “нима учун айнан шу инсон?” деган саволга аниқ жавоб бериши лозим.
Агар жавоб очиқ бўлмаса, мукофотнинг ўзи эмас, уни бериш механизми муҳокама қилина бошлайди.
Бугун ижтимоий тармоқларда “таниш-билиш”, “лавозим”, “яқинлик” каби омиллар ҳақида турли фикрлар билдирилаётгани ҳам шу нуқтаи назардан қаралиши керак. Албатта, кимдир мукофот олгани уни таниш-билиш орқали олганини англатмайди. Бундай жиддий хулосани далилсиз айтиш адолатдан эмас. Аммо жамиятда шундай гумонлар пайдо бўлаётганининг ўзи эътиборга лойиқ.
Чунки давлат мукофотларида энг муҳим масала – нафақат адолатли қарор қабул қилиш, балки қарорнинг адолатли қабул қилинганига жамоатчиликни ишонтира олишдир.
Бунинг учун мукофотлаш жараёнининг шаффофлиги муҳим. Масалан, номзодларни кимлар тавсия қилади, қандай мезонлар асосида саралайди, қанча номзод кўриб чиқилади, уларнинг қайси аниқ хизматлари устувор деб топилади — жамоатчилик бу ҳақда қанчалик кўп маълумотга эга бўлса, турли шубҳалар учун шунчалик кам жой қолади.
Бугунги ахборот муҳитида “фалончи мукофот олди” деган хабарнинг ўзи етарли эмас. Одамлар энди “у ким?”, “нима қилди?”, “қандай натижага эришди?”, “нега айнан шу мукофотга муносиб деб топилди?” деган саволларни ҳам бермоқда.
Шу маънода, мукофотланган инсоннинг суратларидан кўра унинг хизмати ҳақидаги маълумот кўпроқ аҳамият касб этади. Кўкракка тақилган нишон – натижа. Унга олиб келган меҳнат эса асосий мазмундир.
Хориж тажрибаси ҳам бу масалага қизиқ нуқтаи назар беради. Масалан, Буюк Британияда миллий ва юбилей саналар муносабати билан махсус медаллар таъсис этилади. Бироқ улар муайян тоифалар, хизмат муддати ёки аниқ хизмат мезонлари асосида тақдим этилади. Миллий мукофотлаш тизимида медалнинг даражаси, уни олиш шартлари ва муносиблик мезонлари алоҳида аҳамиятга эга.
Сингапурда ҳам миллий кун муносабати билан давлат мукофотлари кенг миқёсда берилади. Лекин бу тизимда турли даражадаги мукофотлар мавжуд бўлиб, улар давлат хизмати, жамоатчиликка хизмат, касбий фидойилик, самарадорлик ва бошқа аниқ мезонларга боғланган. Мукофотларнинг даражаланиши эса уларнинг рамзий қийматини сақлашга хизмат қилади.
Бу тажрибалардан чиқариладиган хулоса “чет элда мукофот кам берилади” деган фикр эмас. Аксинча, миллий сана муносабати билан кўплаб инсонларни рағбатлантириш амалиёти дунёнинг турли мамлакатларида мавжуд. Аммо асосий масала -мукофотлашнинг қандай мезон асосида ташкил этилгани.
Ўзбекистонда ҳам Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан кўплаб фидойи инсонларнинг меҳнати эътироф этилаётгани табиий. Уларнинг орасида йиллар давомида ҳалол меҳнат қилган, ўз соҳасида натижа кўрсатган, жамият тараққиётига ҳисса қўшган инсонлар бор. Уларнинг хизматини эътироф этиш керак.
Бироқ мукофотлар сони ва уларнинг оммавий тарзда намойиш этилиши билан бирга, давлат мукофотининг символик қиймати ҳақида ҳам ўйлаш вақти келди.
Чунки ҳар қандай мукофотнинг таъсир кучи унинг қанчалик кам ёки кўп берилганида эмас, унинг ортида турган мезоннинг қанчалик жиддийлигида намоён бўлади.
Мукофот жамиятда “ҳамма оладиган” оддий белгига айланса, унинг рағбатлантирувчи таъсири пасайиши мумкин. Аксинча, мукофот олиш учун аниқ натижа, узоқ йиллик меҳнат, ташаббус ёки жамиятга сезиларли фойда талаб этилса, унинг қадри юқори бўлади.
Шунинг учун бугунги муҳокама “кимлар мукофот олди?” деган савол билан чекланмаслиги керак. Асосий савол бошқача қўйилиши лозим: мукофотлаш тизими қандай ишлаяпти?
Мукофотланганлар рўйхатини очиқ эълон қилишнинг ўзи етарли эмас. Уларнинг ҳар бири қайси хизмати учун муносиб кўрилганини ҳам жамоатчиликка тушунтириш давлат мукофотининг обрўсини оширади. Бу нафақат жамоатчилик ишончини мустаҳкамлайди, балки ҳақиқатан муносиб инсонларнинг меҳнатини ҳам муносиб даражада кўрсатиб беради.
Энг муҳими, давлат мукофоти инсоннинг лавозими ёки таниш-билишига эмас, унинг хизматига берилган баҳо эканини жамият ҳис қилиши керак.
Мустақилликнинг 35 йиллиги – мамлакат тарихидаги муҳим сана. Бу сана муносабати билан тақдим этилаётган нишон ҳам ана шу тарихий масъулиятни ўзида акс эттириши лозим.
Шунинг учун гап мукофотларни кўп бериш ёки камайтириш ҳақида эмас. Гап уларнинг қадрини сақлаш ҳақида.
Чунки ҳақиқий мукофотнинг қиймати уни олганлар сони билан эмас, уни олишга муносиб бўлган инсоннинг жамият кўзидаги хизмати билан ўлчанади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг