Каттақўрғон туман суди «Муслумбек Биолабораторияси» МЧЖ раҳбари А.ни 95 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштириш ҳамда қалбаки ҳужжат тайёрлашда айбли деб топди.

Суд ҳукмига кўра, тадбиркорга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Унинг қамоқда ўтказган уч куни ҳисобга олиниб, узил-кесил жазо муддати 2 йил 21 кун этиб белгиланган. Жазо маҳкумнинг ўз иш жойида ўталади.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг ҳукмида қайд этилишича, А.Б Президентнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга доир қарори асосида «Бизнесни ривожлантириш банки»дан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олган.

Кредит шлакоблок ва пенаблок ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилиш учун 60 ой муддатга, 12 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 18 фоиз устама шарти билан ажратилган.

Бироқ суд ҳужжатига кўра, маблағнинг 95 миллион сўми «Constructions Beton Stroy» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган. Амалда эса кредит эвазига ҳеч қандай ускуна ёки товар-моддий бойлик олинмаган, маблағ нақдлаштирилган. Ускуналар етказиб берилганини кўрсатиш мақсадида қалбаки ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган.
Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг кўрсатмасига кўра, таъминотчи корхона банк ва солиқ хизматлари учун тўловларни ушлаб қолиб, маблағнинг қолган қисмини нақд кўринишда берган. Кредит ҳисобига сотиб олиниши керак бўлган ускуналар эса етказиб берилмаган.

Банк ходимлари 2025 йил 29 январда тадбиркорлик манзилини текширганда, у ерда ишлаб чиқариш жойи ҳам, кредит ҳисобига олинган ускуналар ҳам мавжуд эмаслигини аниқлаган. Суд материалларида бизнес-режада кўрсатилган лойиҳа амалга оширилмагани ва корхона ҳисоб рақамида пул айланмаси бўлмагани ҳам келтирилган.

Иш бўйича банкка етказилган 83 миллион 103 минг сўм моддий зарар судланувчининг яқин қариндошлари томонидан тўлиқ қопланган. Суд ушбу маблағни «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг Каттақўрғон филиали фойдасига ўтказишни белгилаган.

Жазо тайинлашда суд А.Б.нинг айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва зарар тўлиқ қопланганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаган. Жиноятнинг ғараз ниятида содир этилгани эса оғирлаштирувчи ҳолат деб топилган.

Суд тадбиркорлик унинг асосий тирикчилик манбаи эканини ҳисобга олиб, муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини қўлламаган.