МУСАЕВ ТИЗИМИДАГИ $2 МИНГЛИК «ТИЛХАТ» ХАЛҚАРО ЖАНЖАЛГА АЙЛАНДИ
Кореяда ишлаётган ўзбеклардан 2 минг долларлик «тилхат» имзолатилиши икки давлат ўртасида ҳуқуқий можарога айланди. Механизм мажбурий меҳнат ва одам савдоси аломатлари бўйича жиддий саволлар келтириб чиқарди.
Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишлашга кетган фуқароларга имзолатилган бир ҳужжат икки давлат ўртасидаги жиддий ҳуқуқий можарога айланмоқда. Гап ишчи иш жойини алмаштирса, унга ҳар ой учун 2 минг долларгача жарима қўллаш имконини берувчи «тилхат» ҳақида кетмоқда.
Миграция агентлигининг Кореядаги собиқ ваколатхона раҳбари Азизбек Тоштемиров тарқатган маълумотга кўра, мазкур ҳужжат 2024 йил октябрь–ноябрь ойларидан Беҳзод Мусаев раҳбарлик қила бошлаган даврда ишчилар ва уларнинг кафилларига имзолатила бошланган.
Азибек Тоштемиров ижтимоий тармоқда тарқатган ўзбек ва корейс тилларидаги ҳужжатда фуқаро Агентликнинг Кореядаги ваколатхонасининг ёзма розилигисиз иш жойини ўзгартирмаслик мажбуриятини олади.
Агар у белгиланган мажбуриятларни бажармаса, кечиктирилган ҳар бир ой учун 2 минг АҚШ доллари миқдорида жарима қўлланиши қайд этилган. Ҳужжатга ишчининг ўзи билан бирга Ўзбекистондаги кафили ҳам имзо қўяди.
Энг жиддий муаммо шундаки, Корея қонунчилиги E-9 визаси билан ишлаётган хорижликларга муайян қонуний ҳолатларда иш жойини алмаштириш ҳуқуқини беради. Масалан, иш берувчи меҳнат шартномасини бузса, корхона ёпилса, иш шароитлари оғирлашса ёки ишчининг айбисиз у ерда ишлашни давом эттириш имконсиз бўлса, бошқа иш жойига ўтиш мумкин.
Ўзбекистон томонининг «тилхат»и эса бу ҳуқуқ устига яна бир шарт – Миграция агентлиги ваколатхонасининг ёзма рухсатини қўшган.
Айнан шу ҳолат Корея расмийларининг кескин эътирозига сабаб бўлди.
Жанубий Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги август ойида мазкур механизмни E-9 тизимининг мақсадига зид деб баҳолаб, Ўзбекистон томонидан зудлик билан чора кўрилишини талаб қилди. Корея томони бу каби чекловларни «ўта ноҳақ чора» деб атаб, улар одам савдоси аломатларини ҳам келтириб чиқариши мумкинлигини билдирди.
Азизбек Тоштемиров ҳужжатнинг иккинчи бандини мажбурий меҳнат деб баҳоламоқда. Ҳуқуқий жиҳатдан бу хулосани ҳозирнинг ўзида қатъий факт сифатида бериш тўғри бўлмайди. Аммо ишчини катта молиявий жазо билан муайян иш жойида қолишга мажбурлаш мажбурий меҳнат аломатлари нуқтаи назаридан жиддий саволлар туғдириши аниқ.
Икки минг долларлик санкция фақат қоғозда қолгани йўқ.
Миграция агентлигининг ўзи 2026 йил февралда 2025 йил давомида 33 нафар ўзбекистонлик ишчининг кафилларидан давлат фойдасига жами 1 миллиард 771 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилганини маълум қилган.
Демак, мазкур механизм амалда ишлаган ва Ўзбекистонда қолган оила аъзолари ҳам ишчининг Кореядаги ҳаракати учун молиявий жавобгар қилинган.
Миграция агентлигининг Кореядаги айрим иш ўринлари бўйича эълонларида ойлик маош тахминан 1 428 доллардан бошланиши кўрсатилган. «Тилхат»даги бир ойлик жарима эса 2 минг доллар. Яъни жарима ишчининг бир ойлик даромадидан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Тоштемиров мазкур тизим «Агентликка пул тушириш учун» ўйлаб топилганини ҳам даъво қилмоқда. Агентликнинг расмий маълумотида жарималар «давлат фойдасига» ундирилгани айтилган. Шунинг учун маблағ айнан қайси ҳисобрақамга тушгани алоҳида текширувни талаб қилади.
Беҳзод Мусаев 2024 йил сентябрда ташқи меҳнат миграцияси тизими раҳбарлигига келган, октябрда эса янги Миграция агентлиги ташкил этилган. Тоштемировнинг айтишича, баҳсли ҳужжат ҳам айнан шу даврдан қўллана бошланган.
Хўш, бу «тилхат»ни ким тасдиқлаган, уни жорий қилиш учун қандай ҳуқуқий асос бўлган, нечта фуқаро уни имзолаган ва жарималардан жами қанча пул ундирилган?
Ўзбекистон йиллар давомида халқаро майдонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганини таъкидлаб келмоқда. Аммо энди Ўзбекистоннинг ўз давлат идораси жорий қилган механизм Корея расмийларининг эътирозига сабаб бўлиб, ишчилар ҳуқуқини чеклаш ва одам савдоси хавфи ҳақида саволларни келтириб чиқармоқда.
Элтузар Миграция агентлиги ва унинг директори Беҳзод Мусаевдан мазкур «тилхат» кимнинг топшириғи билан жорий қилингани, Корея томонининг эътирозидан кейин у бекор қилинган-қилинмагани ва ундирилган жарима маблағлари қаерга йўналтирилгани юзасидан очиқ жавоб кутади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг