МТРК «ФИЛЛАР ҚАБРИСТОНИ»ГА АЙЛАНДИ
Элтузарга келган мурожаатда МТРКда қоғозбозлик, маъмурий назоратнинг кучайиши ва ижодий эркинликнинг чекланаётгани танқид қилинади. Муаллиф компанияни “филлар қабристони”га қиёслаб, раҳбариятдан туб ислоҳотлар талаб этиш кераклигини айтмоқда.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида бошқарув тизими, ортиқча қоғозбозлик ва ижодий эркинликнинг чекланаётгани ходимлар орасида жиддий норозиликка сабаб бўлаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифи МТРК раиси бошқаруви даврида компанияда ижодий жараёндан кўра маъмурий назорат ва ҳисоботбозлик устун бўлиб қолганини иддао қилмоқда.
«Умри қоғозбозлик билан боғлиқ фаолиятда ўтган раҳбар ижодий ташкилот иш жараёнини тушунмади. Қоғозбозлик ва назоратдан бошқасини тушунмайдиган танишларини йиғиб келиб, компанияда турли бошқарма ва бўлимлар очиб берди», -дейилади мурожаатда.
Муаллифнинг таъкидлашича, янги тузилмалар телеканалларнинг ижодий ишига ёрдам бериш ўрнига директорлардан тортиб оддий ходимларгача доимий текширув ва ҳисоботлар билан банд қилмоқда.
Айниқса, ижодкорларга тўланадиган қалам ҳақи ва кўрсатувлар учун ажратиладиган маблағлар бўйича ўтказилаётган назоратлар танқид қилинган.
«Аудит ходими келиб, нега битта кўрсатув учун 1 миллион сўм олгансан, деб сўрайди. Қанча олишим керак эди, десанг, “билмадим, лекин бунча бўлмаслиги керак эди”, дейди», – дея ёзади мурожаат муаллифи.
Унинг фикрича, бундай муносабат натижасида МТРКда ижодкорларга нисбатан ишончсизлик муҳити шаклланган.
Мурожаатда телеканаллар контентининг сифати ҳам танқид остига олинган. Муаллиф ижтимоий-сиёсий воқеаларни эркин таҳлил қилиш имконияти чеклангани, маданий ва кўнгилочар кўрсатувлар эса студиялар ҳамда моддий-техник базанинг етарли эмаслиги сабаб хусусий телеканаллар билан рақобатлаша олмаётганини таъкидлайди.
«Натижада МТРК телеканаллари кундан-кунга аудиториясини йўқотиб бораяпти. Бу шу соҳада ишлаб, шу ердан ризқ топаётган журналист ва режиссёрларни ташвишга солади», – дейилади мурожаатда.
Муаллиф хусусий телеканалларда фаолият юритаётган кўплаб мутахассислар ҳам айнан МТРК мактабидан чиққанини эслатиб, уларнинг хусусий секторда самарали ишлаётганига сабаб сифатида маъмурий аралашувнинг камлигини кўрсатади.
Мурожаатда яна бир муаммо сифатида бир хил ҳужжатларни ҳам электрон, ҳам қоғоз шаклида юритиш талаби тилга олинган.
Хусусан, қалам ҳақини электрон ҳисоблаш тизими жорий қилингач, ходимлар қоғоз ҳужжатлардан халос бўлишни кутган, аммо орадан кўп ўтмай электрон тизим билан бирга қоғоз папкаларни ҳам юритиш талаб қилингани айтилмоқда.
Мурожаат муаллифи шу сабаб МТРКни «филлар қабристони»га қиёслаб, профессионал ижодкорларнинг бир қисми тизимни тарк этгани, қолган ходимларда эса ишга қизиқиш пасайганини иддао қилмоқда.
Унинг ёзишича, айрим ходимлар вазият юзасидан Президент администрациясига жамоавий мурожаат қилиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Мурожаатнинг асосий хулосаси эса МТРК каби ижодий ташкилотга маъмурий-канцелярия тафаккуридан кўра, соҳани биладиган ва замонавий фикрлайдиган раҳбар кераклиги ҳақида.
«Хавфсизлик хизмати хавфни ўйлайди, канцелярия тартибни. Ижод эса эркинликни талаб қилади. Мафкуравий-ижодий ташкилотга қоғозбозликка одатланган одамнинг раҳбар бўлиши кадрлар сиёсатидаги хатарли тенденциядир», – дейди муаллиф.
Элтузар мурожаатда келтирилган даъволарни мустақил тасдиқлаган эмас. Шу билан бирга, улар МТРК раҳбариятидан жавоб талаб қиладиган бир қатор саволларни ўртага чиқаради: компанияда сўнгги йилларда нечта янги бошқарма ва бўлим ташкил этилди? Маъмурий ходимлар сони қанчага ошди? Телеканаллар аудиторияси ва реклама даромадларида қандай ўзгариш бўлди? Ижодкорларнинг кетиши бўйича статистика юритиладими?
Элтузар МТРК раҳбариятига ушбу мурожаатда келтирилган танқид ва саволларга муносабат билдириш учун минбар беришга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг