ПРОКУРАТУРА МИГРАЦИЯ АГЕНТЛИГИДА “ЎЛИК ЖОНЛАР”НИ ТОПДИ. БЕҲЗОД МУСАЕВ НЕГА ҲАЛИ ҲАМ КУРСИДА?
Бош прокуратура Миграция агентлигида амалда ишламаган ходимларга қарийб 1 млрд сўм маош тўланганини аниқлади. Жиноят иши қўзғатилди, аммо агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев ҳануз лавозимида қолмоқда.
Бош прокуратура Миграция агентлигида амалда ишламаган ходимларга юзлаб миллион сўм маош тўланганини аниқлади. Бу расмий текширув Элтузар бир неча ойдан бери кўтариб келаётган “ўлик жонлар”, шахсий манфаатлар ва назоратсизлик ҳақидаги саволларни янада оғирлаштирди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигида 1 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағи растрата йўли билан талон-торож қилинганини маълум қилди.
Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ўтказган терговга қадар текширувда агентликнинг айрим масъул шахслари Баҳром Жабборов ва Наби Атаханов исмли икки ходимга улар амалда ишламаган давр учун жами 931,6 миллион сўм иш ҳақи тўлаб бергани аниқланган.
Бундан ташқари, интизомий жазоси амалда бўлган саккиз нафар ходимга Меҳнат кодекси талабларига зид равишда яна 88,5 миллион сўм тўланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланган.
ЭЛТУЗАР ЁЗГАН “ЎЛИК ЖОНЛАР” ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛДИ?
Элтузар 29 июль куни Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемировнинг баёнотлари асосида агентликда “ўлик жонлар” мавжудлиги ҳақида материал эълон қилган эди.
Тоштемировнинг даъвосига кўра, Беҳзод Мусаевнинг уйида ишлагани айтилган Наби Атаханов ва Баҳром Жабборов 2024 йил 15 ноябрда бир кунда Миграция агентлигига ишга қабул қилинган. У улар агентликда амалда ишламагани, аммо давлат ҳисобидан маош олганини иддао қилган.
Мана энди расмий текширув агентликда ҳақиқатан ҳам амалда ишламаган икки ходимга қарийб бир миллиард сўм тўланганини кўрсатмоқда. Энди бу ҳолатни “ижтимоий тармоқдаги асоссиз гаплар” деган умумий жумла билан Беҳзод Мусаев ёпиб юбора олмайди. Энди у таянган окахони, ишонган тоғи ҳам ёрдам бера олмайди. Ҳаммага жон ширин.
Тергов икки ходимнинг кимлиги, уларни ишга қабул қилиш буйруғини ким имзолагани, табелларни ким тасдиқлагани, маошлар қайси даврда ва қайси ҳисоб рақамларига ўтказилганини жамоатчиликка очиқлаши керак.
УМУМИЙ РАДДИЯДАН КЕЙИН ЖИНОЯТ ИШИ
Элтузар июнь ойида Беҳзод Мусаев атрофидаги қатор даъволарни ёритганидан кейин Миграция агентлиги расмий муносабат билдириб, интернетда “ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган маълумотлар” тарқатилаётганини айтган эди.
Бироқ идора Hyundai Palisade автомобили, 150 минг долларлик эҳтимолий харажат, қимматбаҳо маҳсулотлар, ходимлардан пул йиғилиши ва шахсий топшириқлар ҳақидаги саволларга пунктма-пункт жавоб бермаган. Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширув олиб бораётганини билдириш билан чекланганди.
Энди ана шу текширувлардан бири жиноят иши қўзғатилишига олиб келди.
Демак, жамоатчиликка таҳдидомуз баёнот бериш ва журналистларни “текширилмаган ахборот” тарқатишда айблашдан олдин агентлик ўз бухгалтерияси, кадрлар бўлими ва ички назорат тизимида нималар бўлаётганини текшириши керак эди.
БЕҲЗОД МУСАЕВНИНГ ШАХСИЙ АЙБИ ҲОЗИРЧА ЭЪЛОН ҚИЛИНМАДИ
Бош прокуратура ҳозирча Беҳзод Мусаевнинг ўзига нисбатан айб эълон қилинганини ёки у ноқонуний тўловларга шахсан имзо қўйганини билдирган эмас.
Шу сабаб Мусаевни суд ҳукмисиз жиноятчи деб аташ мумкин эмас. Аммо бу уни раҳбарлик масъулиятидан озод қилмайди.
Агентликка Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилмоқда ва идоранинг расмий хабарларида у ҳали ҳам директор сифатида кўрсатилган.
Бир миллиард сўм – бухгалтер адашиб қўшимча бир рақам ёзиб қўйган майда хатолик эмас. Бундай тўлов амалга ошиши учун ходимни ишга қабул қилиш, буйруқ чиқариш, иш табелини юритиш, маош ҳисоблаш, уни тасдиқлаш ва банк орқали ўтказиш каби бир нечта босқичдан ўтиш керак.
Агар икки киши ишламай туриб шунча маблағ олган бўлса, демак, агентликдаги бутун назорат занжири ишламаган ёки атайлаб ишлатилмаган.
Ҳар икки ҳолатда ҳам асосий сиёсий ва маъмурий жавобгарлик идора раҳбари бўлган Беҳзод Мусаев зиммасига тушади.
МУСАЕВ ИСТЕЪФО ҲАҚИДА ЎЙЛАШИ КЕРАК
Беҳзод Мусаев атрофидаги можаролар фақат “ўлик жонлар” билан чекланмаяпти.
Элтузарда E-8 визаси орқали ишчи юбориш тизимининг «NAIMIX» хусусий агентлигига берилиши ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги даъволар ёритилди. Бу иддаолар ҳам ҳозирча мустақил тасдиқланмаган, аммо агентлик уларга ҳужжатлар билан батафсил жавоб бермади.
Буюк Британияга мавсумий ишчилар юбориш жараёнига учинчи томонлар аралашгани ва иш топиб бериш учун пул олингани ҳақидаги шубҳалар ортидан ҳамкорлик меморандуми тўхтатилгани айтилган ҳужжат ҳам эълон қилинди.
Шунингдек, Кореяга ишга юборилганлар статистикасини сунъий равишда ошириш, ходимларга шахсий буюртмалар бериш, қимматбаҳо маҳсулотлар жўнаттириш ва давлат маблағидан шахсий мақсадларда фойдаланишга уриниш ҳақида оғир иддаолар янгради. Уларнинг катта қисми ҳали суд ёки тергов орқали тасдиқланган эмас. Бироқ уларга жавоб бериш ўрнига сукут сақлаш ҳам давлат раҳбарига ярашадиган позиция эмас.
Энди эса тахмин ёки ижтимоий тармоқдаги пост эмас, Бош прокуратура қўзғатган жиноят иши бор.
Беҳзод Мусаев жамоатчилик олдига чиқиб, камида қуйидаги саволларга жавоб бериши шарт:
Амалда ишламаган ходимларни ким ишга олган? Уларга маош тўлашни ким тасдиқлаган? Ички аудит буни нега ўз вақтида аниқламаган? Жиноят ишида кимлар гумонланмоқда? Мусаев тергов даврида лавозимида қоладими?
Давлат идораси раҳбари фақат халқаро форумларда “ислоҳотлар” ҳақида нутқ сўзлаш учун эмас, қўл остидаги ҳар бир бюджет сўми учун жавоб бериш учун ҳам тайинланади.
Агар Беҳзод Мусаев агентлигида кимлар ишлаётгани ва миллиардлаб бюджет маблағи қаерга кетаётганини назорат қила олмаган бўлса, унинг бу лавозимда қолишига қандай асос бор?
Агар билган бўлса, саволлар янада оғирлашади.
Элтузар Беҳзод Мусаев, Миграция агентлиги, Бош прокуратура ва тергов органларининг муносабатини тўлиқ ва таҳрирсиз эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг