Миграция агентлиги ва унинг раҳбари Беҳзод Мусаев атрофида коррупция, хусусий бандлик агентликлари, Корея йўналиши ва мигрантлар пули билан боғлиқ жиддий иддаолар янграётган бир пайтда, агентлик раҳбариятидаги яна бир тайинлов жамоатчилик эътиборига тушиши керак.

Гап 2026 йил февраль ойида Миграция агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланган Элёр Тоштемиров ҳақида кетмоқда.

Расмий таржимаи ҳолда у миграция соҳасида 17 йиллик тажрибага эга мутахассис сифатида кўрсатилади. Аммо айнан шу “тажриба”нинг бир қисми – Санкт-Петербургдаги фаолияти – саволлар туғдирмоқда.

Бу савол фақат битта амалдорнинг биографияси ҳақида эмас. Бу – Миграция агентлигида кимлар қарор қабул қилаётгани, улар қандай муҳитдан келгани ва мигрантлар тақдирига таъсир қилаётгани ҳақидаги саволдир.

Мигрант яна кимлар учун даромад манбаига айланмоқда?

Миграция агентлиги ва унинг раҳбари Беҳзод Мусаев атрофидаги сўнгги воқеалар фонида яна бир муҳим масала бор. Бу масала жамоатчилик эътиборидан четда қолмаслиги керак.

Гап 2026 йил февраль ойида Элёр Дилшодович Тоштемировнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида кетмоқда.

Бир қарашда бу оддий кадрлар тайинловидек кўриниши мумкин. Аммо Агентлик атрофидаги сўнгги коррупцияга оид иддаолар, хусусий бандлик агентликлари, мигрантлардан олинган пуллар, амалга ошмаган юборишлар ва раҳбариятга нисбатан ишонч инқирози фонида бу тайинлов бошқача маъно касб этади.

Расмий таржимаи ҳолга қарасак, ҳаммаси оддий: Элёр Тоштемиров Фарғона вилоятида туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини “Халқаро иқтисодий муносабатлар” йўналиши бўйича тамомлаган, миграция соҳасида 17 йиллик иш тажрибасига эга.

Аммо айнан шу “17 йиллик тажриба” алоҳида эътибор талаб қилади. Чунки таржимаи ҳолидан унинг Санкт Петербургдаги фаолият даври тушириб қолдирилган.

Миграция соҳаси Ўзбекистонда ҳам, хориждаги ўзбек мигрантлари атрофида ҳам йиллар давомида фақат ишга жойлаштириш ёки фуқароларга ёрдам бериш соҳаси бўлиб қолмаган. Бу соҳа атрофида воситачилар, хусусий агентликлар, диаспора вакиллари, ҳужжат тайёрловчилар, “ёрдам берамиз” дейдиган турли одамлар пайдо бўлган. Улар кўп ҳолларда мигрантнинг энг оғир ҳолатидан – тил билмаслиги, қонунларни тушунмаслиги, полициядан қўрқиши, ҳужжатсиз қолиш хавфи ва тезроқ иш топиш истагидан пул ишлаган.

Шунинг учун бугун ана шу муҳитда узоқ йиллар ишлаган одам Миграция агентлиги раҳбариятига келса, табиий савол туғилади: у давлат тизимига қандай тажрибани олиб кирмоқда — мигрантларни ҳимоя қилиш тажрибасиними ёки миграция атрофидаги эски воситачилик муҳитининг тажрибасиними?

Мусаев атрофидаги ишонч инқирози

Элёр Тоштемиров масаласини Беҳзод Мусаев ва Миграция агентлиги атрофидаги сўнгги воқеалардан ажратиб қараб бўлмайди.

Сўнгги кунларда Элтузар Агентлик раҳбариятига нисбатан жиддий айбловлар акс этган бир қатор материалларни эълон қилди. Бу материалларда Агентликнинг собиқ ходими, Кореядаги ваколатхона собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров Беҳзод Мусаевни коррупцияга оид амалиётлар, ходимларга босим ўтказиш, хусусий бандлик агентликларидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айблаган.

Бу материалларда Корея йўналиши, хусусий бандлик агентликлари, ноқонуний тўловлар эҳтимоли, қимматбаҳо совғалар, Hyundai Palisade автомобили, шунингдек, йиллар давомида Кореяга кетишга тайёрланган, тил ўрганган, пул сарфлаган, аммо охирида ишга кета олмаган минглаб фуқаролар ҳақида гап боради.

Албатта, бу айбловлар расмий текширувни талаб қилади. Лекин бу ерда бир нарса аниқ: бу оддий ахборот шов-шуви эмас. Бу – Агентликка нисбатан ишонч инқирози.

Агентлик эса жавобан тарқатилаётган маълумотлар бир томонлама экани, етарли далиллар билан тасдиқланмагани ва текширув ваколатли органлар томонидан олиб борилаётганини билдирди. Аммо жамоатчилик умумий гапларни эмас, аниқ ва очиқ жавобларни кутмоқда.

Айнан шундай вазиятда Элёр Тоштемировнинг Агентлик директори ўринбосари лавозимига тайинлангани янада кўпроқ савол уйғотади. Чунки манбаларимизга кўра, унинг миграция соҳасидаги ўтмиши ҳам воситачилик муҳити, мигрантларга кўрсатилган пулли хизматлар ва алоҳида текширувни талаб қиладиган фаолият билан боғлиқ.

Кадрлар сиёсати ҳақида савол

Беҳзод Мусаев жамоатчилик олдида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишга жойлаштириш тизимини шаффофлаштириш, фирибгарликка қарши курашиш ва ташқи меҳнат миграцияси соҳасида тартиб ўрнатиш ҳақида гапиради.

Лекин Агентликнинг ўзидаги кадрлар сиёсати унинг бу гапларига қанчалик мос?

Ҳар қандай раҳбар ўз атрофида жамоа шакллантиради. Агар бу жамоага холис, обрўли, мустақил мутахассислар эмас, балки шахсан раҳбарга содиқ ва миграция бизнеси билан ўтмишда боғлиқ одамлар келаётган бўлса, жамиятда шубҳа пайдо бўлиши табиий.

Бундай жамоа янги ва шаффоф тизим қурадими ёки эски манфаатларга хизмат қиладими?

Агар Беҳзод Мусаев атрофида хусусий бандлик агентликлари даромад манбаи бўлгани ҳақида иддаолар янграётган бўлса, аввал хусусий миграция бизнеси билан боғлиқ бўлган шахснинг директор ўринбосари лавозимига келиши бу саволларни янада кучайтиради.

Бу фақат Элёр Тоштемировнинг шахсий таржимаи ҳоли ҳақидаги масала эмас. Бу давлат миграция сиёсатига кимлар таъсир ўтказаётгани ҳақидаги масала.

Тоштемиров кимнинг ўрнига келди?

Элёр Тоштемировдан аввал Агентлик директори ўринбосари сифатида очиқ манбаларда Матлаб Куранов номи тилга олинган. У меҳнат миграцияси, хусусий бандлик агентликлари, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳамкорлик бўйича турли учрашувларда иштирок этган.

Манбаларимизга кўра, тизим ичида Куранов миграция соҳасида назорат функцияси билан боғлиқ шахс сифатида қабул қилинган. Шу нуқтаи назардан Тоштемировнинг бу лавозимга келиши оддий кадрлар алмашинуви эмас, балки Агентлик ичидаги мувозанат ўзгариши сифатида кўринади.

Агар аввал бу лавозимда назорат билан боғлиқ деб қаралган одам бўлган бўлса, энди муҳим лавозимга ўтмиши ўзи савол туғдирадиган шахс келмоқда.

(ДАВОМИ БОР)