МЕНЕЖЕРЛИК СЕРТИФИКАТИ АТРОФИДА КОРРУПЦИОН СХЕМА БОРМИ?
Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги менежерлик курслари атрофида коррупциявий схема мавжудлиги иддао қилинмоқда: 3 минг доллар эвазига имтиҳонсиз сертификат, раҳбарларга босим ва меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида мурожаатлар келди.
Элтузар таҳририятига Мактабгача ва мактаб таълими тизимида раҳбар кадрлар учун жорий этилган менежерлик курслари ва сертификат бериш жараёни атрофида жиддий норозиликлар борлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифлари иддаосига кўра, айрим раҳбар ва мутахассислар сертификат олиш жараёнида сунъий тўсиқлар яратаётмоқда, кейин эса пул эвазига “муаммони ҳал қилиш”ни таклиф қилмоқда.
Мурожаатда айтилишича, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ва мутахассислари учун малака ошириш курсларида айрим тингловчилар имтиҳонлардан ўтказилмасдан, уларга сертификатни 3 минг АҚШ доллари эвазига олиш мумкинлиги айтилган. Сертификат ололмаган раҳбарлар эса бу ҳолат бўйича кимга мурожаат қилишни билмай сарсон бўлаётгани таъкидланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 231-сонли қарорида раҳбар кадрлар малакасини ошириш менежерлик ўқув курслари учун жорий этилган тартиб асосида ташкил этилиши белгиланган. Қарорнинг 4-банди “б” кичик бандига кўра, раҳбар кадрлар учун малака ошириш курслари менежерлик ўқув курслари модели асосида ташкил этилади.
Мурожаат муаллифларига кўра, ушбу тартиб амалда раҳбарлар учун босим воситасига айланиб қолган. Чунки мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳар беш йилда малака ошириб, менежерлик сертификати олиши керак. Сертификат ололмаган ҳолатда уларнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги раҳбарлар орасида жиддий хавотир уйғотган.
Бундан фойдаланган айрим масъуллар, мурожаатда иддао қилинишича, сертификат бериш жараёнини “пуллаш”га уринмоқда. Тингловчиларнинг раҳбарлик компетенцияси етарли ёки етарли эмаслиги эмас, балки “сертификат бадали” тўланган-тўланмагани асосий мезонга айланаётгани айтилмоқда. Пули борлар сертификат билан қайтмоқда, пули йўқ оддий раҳбарлар эса қайта малака оширишга қолдирилмоқда, дейилади мурожаатда.
Мурожаатда ушбу жараёнларда институтнинг собиқ проректори Тимур Нагметуллаевич номи тилга олинади. Мурожаат муаллифлари у ҳозирда Тошкент вилояти малака ошириш институти директори бўлиб ишлаётганини, аммо сертификатлар атрофидаги иддао қилинаётган жараёнларга ҳамон алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.
Шунингдек, мурожаатда марказ директори Нафиса Шавкатовна нега бу ҳолатларга муносабат билдирмаётгани ҳам савол остига олинади. Сертификат ололмаган айрим тингловчилар, мурожаатда келтирилишича, бу жараёнларда масъул раҳбарлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Мурожаат муаллифлари Тимур Нагметуллаевич устидан очиқ ва ёпиқ шаклда шикоятлар бўлаётганини, аммо Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу масалага ҳанузча жиддий муносабат билдирмаётганини таъкидлайди. “Шунча мурожаат ва шикоятларга қарамай, ҳаммаси яхши деган маълумотномалар билан иш ёпиляптими?” деган савол қўйилмоқда.
Мурожаатда фақат сертификат масаласи эмас, Тошкент вилояти малака ошириш институтидаги меҳнат муносабатлари бўйича ҳам иддаолар келтирилган. Ходимлар меҳнат таътили вақтида моддий ёрдам сўраганда, “ҳисобда пул йўқ”, “моддий ёрдам беришга мажбур эмасман” деган жавоблар билан босимга учраётгани айтилади.
Мурожаат муаллифларига кўра, айрим кафедра мудирлари бирма-бир чақирилиб, “сиз билан ишлай олмайман”, “раҳбарлик қобилиятингиз йўқ” деган гаплар билан ишдан кетишга мажбур қилинмоқда. Бундай босимлар ортидан айрим ходимлар соғлиғи ёмонлашиб, юқори қон босими билан шифохонада даволанаётгани ҳам иддао қилинган.
Шу билан бирга, мурожаатда айрим ходимлар ишга келмасдан ойлик маош олаётгани ҳақида ҳам даъволар бор. Хусусан, Сурайё Ходжабекова исмли ходим 7–8 ойдан буён ишга келмагани, фақат меҳнат таътилига ариза ёзиш учун келгани иддао қилинади. Мурожаат муаллифлари уни вазирликдаги айрим масъуллар, жумладан Лола Бердиева билан боғлаб тилга олмоқда.
“Вазирнинг ёки вазирликдаги юқори лавозимли шахсларнинг одамларига қонун ишламайдими?” дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифлари Меҳнат инспекцияси, вилоят прокуратураси ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу ҳолатларга бефарқ қараётганини таъкидлайди. Уларга кўра, мурожаатлар бир неча бор қилинган бўлса-да, амалда жиддий натижа кўринмаган.
Элтузар таҳририяти ушбу иддаолар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тегишли малака ошириш институтлари, Меҳнат инспекцияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан расмий муносабат кутади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг