МАМЛАКАТ МЕҲНАТ БОЗОРИ ЖУДА ҚАТТИҚ ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ КЕРАК
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров мамлакат меҳнат бозоридаги сохта бандлик, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳақдан маҳрум этилиши ва арзон имтиёзлар туфайли чет эллик ишчилар оқими кучайганини танқид қилади ҳамда қонунчиликни кескин қатъийлаштиришни таклиф этади.
Ўзбекистоннинг Андижонида ногиронлиги бўлган аёлнинг шахсий маълумотини ўғрилаб, тикув цехига сохта “ишга жойлаб, иш билан банд” қилинганлиги оқибатида 12 ёшли I гуруҳ ногиронлиги бўлган қизини парвариш қилаётган аёл “Камбағаллик реестри”дан чиқарилиб, давлат нафақасидан маҳрум бўлган. Сохта ишга жойлаштирилганлигини бекор қилдира олмаётганлиги юзасидан фуқароларнинг ўнлаб мурожаатларини ижтимоий тармоқларда ҳар куни кўриш мумкин.
Юқоридаги биргина мисол бандлик бўйича бажариб бўлмас режалар тузиш, сохта статистик маълумотларни ясаш нималарга олиб келиши мумкинлиги исботи бу. Ҳокимлар, бандлик раҳбари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, маҳалла банкирларининг ўзининг ўтирган жойини сақлаб қолиш учун қилган иши бу.
Ўзимизникилар қучоқ очиб кутиб олинмаётган жойларда иш излаб, сарсон бўлиб, ертўла ва вагонларда яшаб, оиласидан ажрашиб, СПИД орттириб юрган бир вақтда, Ўзбекистонда яратилаётган иш жойларини бангладешлик, хитойлик, ҳиндистонлик ва яна аллақаерлик шахслар эгаллаб бормоқда.
Инвестор дегани борки, ўзининг Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳаларига ўзининг топ менежерлари, муҳандислари, ҳатто, ишчиларини олиб келмоқда. Бунга 7.11.2018 йилдаги 4008-сонли, 25.03.2019 йилдаги 244-сонли, 22.02.2022 йилдаги 86-сонли, 7.08.2024 йилдаги 286-сонли, 22.02.2025 йилдаги 30-сонли ҳужжатлар билан маҳаллий корхона ва хорижий инвесторларга хорижий ишчи жалб қилишга қулай шарт-шароитлар яратилиб қўйилгани сабабчи бўлмоқда.
Хорижий мутахассис олиб киришга рухсатнома бериш ва лицензиялаш тўловлари, бож ва даромад солиғи энг паст даражага келтириб қўйилган. Ваколатли органлар эса ҳеч нарсани ўйламай муҳрни босиб бермоқда. Бу ерда ҳам коррупция урчиб ётибди. Солиқ тўловчилар ҳисобидан яратилаётган иш ўринлари нима учун чет элликларга совға қилинмоқда? Қани сиздаги ватанпарварлик, қани сиздаги миллат қайғуси?
Малакали мутахассис йўқ дея кўрманг, баҳонангиз ўтмайди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан бандлик жамғармаси ҳисобидан харажат қилинаётган триллионлаб сўмлик касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари, «Ишга марҳамат» мономарказлари маблағни қаерга ёки нимага сарфлаяпди, унда?
39 миллионлик аҳолини иш жойлари билан барқарор таъминлай олмас экансиз, мамлакат меҳнат бозорини жуда қаттиқ ҳимоя қилишингиз керак. Чет элликни ишга олиш учун иш берувчи ёки инвестор ҳақиқий “қийинчиликлар”га дуч келиши, Ўзбекистон қонунлари билан ҳисоблашиши ва маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлашга мажбур бўлиши керак. Хорижий ишчи учун Ўзбекистон меҳнат бозори жозибадор бўлмаслиги керак.
Бунинг учун қонунчиликни қатъийлаштиришингиз керак:
- Оддий ходим ва ишчиларни хориждан олиб келишни имконсиз даражага олиб келиш, фақат топ-менежерларни олиб келишга рухсат бериш;
- Хорижий ишчи олиб киришга рухсатнома бериш ва лицензиялаш тўловлари, иш берувчининг ажратмалари ҳамда хорижий ишчи Ўзбекистонга тўлайдиган бож ва даромад солиғини каррасига кўтариш;
- Маҳаллий малакали мутахассис топилмаган ҳолларда бизнес маҳаллий кадрларни ўқитишга ва уларга сармоя киритишга мажбур бўлиши;
- Иш берувчи бўш иш ўрнини меҳнат биржасига қўйиб, маҳаллий мутахассисни қидириши, камида уч марта эълон бериши шартлиги;
- 1 нафар чет эллик ходимни ишга олган иш берувчи камида 9 нафар маҳаллий ходимни ишга олиши шартлиги каби ва бошқа талаблар билан қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш, хорижий ишчи жалб қилишга бўлган барча имтиёзларни бекор қилиш керак.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг