Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларига банкоматлар билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан расмий кўрсатма юборди.

Ҳужжатда нақд пул ечишда кузатилаётган узилишлар, банкоматда карта “ушланиб қолиши”, пул ечилган бўлса-да, мижозга берилмаслиги каби ҳолатлар оддий техник нуқсон эмас, балки фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига дахл қилувчи жиддий муаммо экани таъкидланган.

Марказий банк техник носозлик сабаб ушлаб қолинган комиссияларни автоматик тарзда қайтариш, муваффақиятсиз операцияларни тезкор қайта ишлаш ва эскирган банкомат ускуналарини алмаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

Ҳужжат сўнгида бозор иштирокчилари мижозларга “масъулият эмас, адолат нуқтаи назаридан” ёндашишга чақирилган.

Марказий банк банклардан бундай ҳолатларда мижозни сарсон қилмасликни, муаммони ҳал этиш жараёнини соддалаштиришни ва инсон омилини қисқартиришни талаб қилмоқда.

Жумладан, банклардан колл-марказ, мобил илова, сайт ёки филиалга қилинган мурожаатдан қатъи назар, мижозга бир хил мазмундаги аниқ ва тушунарли маълумот бериш сўралган.

Ҳужжатда, шунингдек, “мурожаатни кўриб чиқишдан” “кафолатланган натижа” моделига ўтиш зарурлиги қайд этилган. Бу дегани, банклар асосий мезон сифатида муаммо ёпилганини эмас, балки мижоз пулдан қайта фойдалана олган вақтни ҳисобга олиши керак.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда банк карталари ва рақамли тўловлар оммалашди. Ҳукумат нақд пулсиз иқтисодиётга ўтишни тезлаштиряпти, банклар эса миллионлаб фуқароларни мобил иловалар ва пластик карталарга ўтказди. Аммо инфратузилма бу суръатга мослаша олмаяпти.

Марказий банкнинг мазкур хати ортида оддий техник тавсия эмас, балки тизимли муаммо ётибди. Чунки банкоматда пул “йўқолиши”, карта ушланиб қолиши ёки операция “муваффақиятсиз” тугаса ҳам ҳисобдан маблағ ечилиши Ўзбекистонда деярли ҳар куни кузатиладиган ҳолатга айланган.

Энг катта муаммо эса техник носозликнинг ўзи эмас. Муаммо шундаки, банклар кўп ҳолларда масъулиятни бир-бирига юклайди. Мижоз эса колл-марказ, филиал ва тўлов тизимлари ўртасида юриб қолади. Марказий банк ҳужжатида айнан шу ҳолат “адолатсиз муносабат” сифатида тилга олингани бежиз эмас.

Бу ҳужжатдан яна бир муҳим жиҳат кўринади: регулятор банкларнинг “мурожаат қабул қилинди” деган формал ёндашувидан чарчаган. Энди талаб бошқача. Агар мижоз пулсиз қолган бўлса, банкнинг асосий вазифаси ариза рақами бериш эмас, балки маблағни тезроқ қайтариш бўлади.

Ҳужжатда “проактив қайтариш” механизмини кенгайтириш ҳақидаги банд айниқса диққатга сазовор. Бу банк хатони мижоз аризасисиз ҳам аниқлаб, пулни автоматик қайтариши кераклигини англатади. Агар бу талаб амалда ишласа, банк тизимидаги энг катта асаббузар муаммолардан бири камайиши мумкин.

Хўш, банклар бунга тайёрми?

Чунки Ўзбекистондаги кўплаб банкоматлар ҳали ҳам эски инфратузилмага таянади. Электр таъминотидаги узилишлар, интернет алоқасининг барқарор эмаслиги, инкассация муаммолари ва серверлар юкламаси техник носозликларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Марказий банкнинг UPS тизимлари ва эски ускуналарни янгилаш ҳақида алоҳида тўхталгани ҳам вазият жиддийлигини кўрсатади.

Яна бир жиҳат бор: банк тизими рақамлашяпти, аммо мижозлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш маданияти бу тезликда шаклланмаяпти. Кўпчилик фуқаро ҳали ҳам банк билан баҳсда ўзини ожиз ҳис қилади. Айрим ҳолларда бир неча кун ёки ҳафталаб “текширув кетяпти” деган жавобни эшитади.

Марказий банкнинг бу сафарги мурожаати шу маънода оддий бюрократик хат эмас. Бу банк тизимига берилган очиқ сигнал: рақамли иқтисодиёт фақат янги иловалар ёки чиройли интерфейслар билан эмас, балки ишонч билан қурилади. Агар одам банкоматдан ўз пулини хавфсиз ечиб ололмаса, ҳар қандай финтех ислоҳотига ишонч пасаяди.

Элтузар учун энг муҳим савол ҳам шу: банклар ҳақиқатда мижоз манфаатини биринчи ўринга қўя оладими ёки бу ҳужжат ҳам қоғозда қолиб кетадими?