МАНСАБДОРМИ ЁКИ ХИЗМАТЧИ?
Жиноят кодексидаги таърифларга таянилган ҳолда “мансабдор шахс” ва “хизматчи” тушунчалари ўртасидаги фарқ, уларни лавозим йўриқномаси орқали аниқлаш тартиби ва бунинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳуқуқшунос изоҳи.
Кўпчилик “мансабдор шахс” деганда фақат вазир, раис, ҳоким, директор, бош ҳисобчи ёки давлат хизматчисини, “хизматчи” деганда ёрдамчи ходимни тушунади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” деб номланадиган саккизинчи бўлимида “Мансабдор шахс” атамасининг таърифи берилган. Мансабдор шахс – доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахсдир.
Энг муҳим жиҳат шундаки, шахснинг мансабдор шахс эканлиги кўп ҳолларда унинг лавозими номига қараб эмас, балки унга берилган ваколатлардан келиб чиқиб баҳоланади.
Шунинг учун ҳуқуқий ҳолатларда биринчи навбатда ходимнинг лавозим йўриқномаси ўрганилади. Ходимнинг лавозим мажбуриятлари ташкилот фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, Устави (Низоми)да белгиланган ёки алоҳида ички ҳужжат сифатида тасдиқланган бўлиши мумкин.
Айнан, лавозим йўриқномасида ходим қандай бошқарув ваколатларига эга экани; мол-мулк ёки маблағлар бўйича қандай ҳуқуқларга эгалиги; қандай ҳужжатларни имзолаши; қандай қарорлар қабул қилиши; ходимлар фаолиятини ташкил этиш ёки назорат қилиш ваколати бор-йўқлиги ва бошқалар кўрсатилади.
Шу сабабли, айрим ҳолатларда лавозими оддий кўринган ходим ҳам мансабдор шахс деб топилиши, аксинча, раҳбарликка ўхшаш лавозим номига эга шахс эса зарур ваколатларга эга бўлмаса, мансабдор шахс сифатида баҳоланмаслиги мумкин.
Мисол учун бир ташкилотда Бошқарув раиси лавозими мавжуд бўлиб, у юқоридаги ҳужжатларга кўра фақат Бошқарув кенгаши мажлисларига раҳбарлик қилади ва унинг мажлиси баёнларини имзолайди. У мол-мулк ёки маблағларни тақсимламайди, буйруқлар қабул қилмайди, шартномалар имзоламайди, ходимларни ишга олмайди, фаолиятини назорат қилмайди ва бўшатмайди. У мансабдор шахс эмас, хизматчи деб баҳоланиши мумкин. Шу ташкилотда Ижрочи директор лавозими мавжуд бўлиб, у мол-мулк ёки маблағларни тақсимлайди, буйруқлар қабул қилади, шартномалар имзолайди, ходимларни ишга олади, фаолиятини назорат қилади ва бўшатади. У мансабдор шахсдир. Бошқа бир ташкилотда худди шунинг тескариси бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” деб номланадиган саккизинчи бўлимида “Хизматчи” атамасининг ҳуқуқий маъноси берилган. Хизматчи – давлат органида, тижорат, нотижорат ташкилотида меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган, мансабдор шахс аломатига эга бўлмаган жисмоний шахсдир.
Шахснинг мансабдор ёки хизматчи эканлигига қараб унинг йўл қўйган ҳуқуқбузарлиги ёки содир этган жинояти бошқа бошқа моддалар билан малакаланиши ва бошқа бошқа санкция қўлланилиши мумкин. Масалан, маълум бир “хизмат” эвазига ноқонуний пул олиш билан боғлиқ ҳолат ким учундир пора олиш, ким учундир фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ташкилотда ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлашда алоҳида аҳамиятга эга ҳужжат деб қараш лозим. Бўлажак ходим эса, ишга киришдан олдин лавозим йўриқномасини синчиклаб ўрганиб чиқиши ва мансаби бўйича берилаётган ваколатлар унга оғирлик қилиши ёки қилмаслигини ўйлаб кўриши керак. Ваколат қанча кўп бўлса, унинг жавобгарлиги ва масъулияти шунча кўп бўлади.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг