КУЧЛИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИ ТИЙИБ ТУРИШ УЧУН КУЧЛИ ЖАМИЯТ КЕРАК
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров кучли давлат органларини тийиб туриш учун кучли жамият, мустақил суд, рақобатбардош иқтисодиёт ва сиёсий ҳамда ҳарбий мустақилликни таъминлайдиган ислоҳотлар зарурлигини ёритади.
Ўзбекистон 1991 йил 31 августда ўз мустақиллигини эълон қилди. Мустақилликни сақлаб қолиш учун ҳар куни курашиш ва уни мустаҳкамлаб бориш керак. Мустақилликнинг 35 йиллигини нишонлар эканмиз, бизга қайси ашулачи қандай ликкиллагани, қайси маддоҳ нима дегани қизиқ эмас. Бизга Ватаннинг келгусида қандай ривожланиши зарурлиги ҳақидаги фикрлар ва баҳслар керак. Мен ўз фикрларимни санайман, ойдинлар давом эттирсин.
Кучли давлат.
Давлатимиз тобора кучайиб бормоқда ва жамиятимиз ривожидан анча олдинлаб кетди. Кучли Президент, армия, полиция, суд, қонун чиқарувчи ҳокимият, ижро ҳокимияти мавжуд бўлиб, бундан ортиқчаси кўплик қилади, тетапоя бўлиб турган жамиятни сиқиб қўйиши мумкин. Вилоят маъмурий бирлигини сақлаб қолган ҳолда вилоят ҳокимликлари ва ташкилотларини тугатиш, туман ҳокими лавозимини соддароғи (масалан, маъмурият бошлиғи)га алмаштириш керак. Жамиятга профессионал, ҳисобдор, очиқ ва қисқарган давлат органлари керак. Минглаб кеккайган, оёғи ердан узилган, ойликхўр амалдорлар керак эмас.
Кучли жамият.
Бир вақтлар “Кучли давлатдан кучли жамият сари” шиори бўлар эди. Шу шиоримиз иккинчи планга ўтиб қолгандек, назаримда. Келгусида ўта кучли жамият яратиш ҳақида ўйлашимиз ва бунга тегишли қадамларни қўйишимиз керак. Бизга кўпроқ профессионал, мустақил ва эркин оммавий ахборот воситалари ва журналистлар, мухолиф партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кучли институтлар, ақл марказлари, эркин фуқаролар керак. Шундагина жамият ҳам янада етук, уюшган ва талабчан бўлиб боради. Бу кучли давлат органларини тийиб туриш, коррупцияни ва бюрократияни жиловлаш учун керак. Ноқулай саволларни бериш ва фуқароларнинг давлат қарорларига таъсир кўрсатиш ҳуқуқи амалда бўлиши зарур. Жамият кучайса, давлат органлари самаралироқ ишлашга ва ҳисобдор бўлишга мажбур бўлади. Бу давлат органлари ва улар мансабдор шахсларини хатолар қилмасликка мажбур қилади.
Сиёсий мустақиллик.
35 йилликни нишонлаш байрам тадбирларида ноҳақ қатағон қилинган ватандошлар номини оқлаш ишлари давом эттирилиши ҳақидаги баёнотлар, бунга бағишланган саҳналаштирилган катта томошанинг кўрсатилганлиги жамиятга жуда катта куч беради. Жапаровнинг “Путиндан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш учун рухсат олганман” каби баёнотлари бизда ҳеч қачон янграмаслиги керак. Қайси давлат билан қандай алоқа қилишни, тарих китобини қандай ёзишни ҳеч ким ўргатмаслиги ва бунга йўл қўйилмаслиги шарт. Токи, мустақил эканлигимизга ҳеч ким шубҳа қилмасин.
Ҳарбий мустақиллик.
Хитойда ишлаб чиқарилган Chengdu J-10CE кўп мақсадли қирувчи самолётлар Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари сафига қўшилгани жуда яхши хабар бўлди, бу жамиятга кучли мессеж беради. Туркия йўлидан бориб ўз ҳарбий саноатимизни ривожлантиришни ҳозирдан бошлашимиз керак. Бунга йиллар ва профессионал мутахассислар керак.
Рақобатбардош иқтисодиёт.
Давлат солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини таъминлаши керак. Ташқи қарзни олишда самарадорлик, ҳисобдорлик ва келгуси авлодлар олдида жавобгарлик биринчи ўринда бўлиши зарур. Солиқ, бож ва бошқа соҳаларда имтиёзлар ва субсидиялар бериш сиёсатидан бутунлай воз кечиш, бизнесни инкубатордан чиқариш, Жаҳон савдо ташкилоти ўйин қоидалари билан ишлаш устувор бўлиши лозим.
Суд мустақиллиги.
Ижро этувчи ҳокимият, супер ваколатлар олган Администрация ва бошқаларнинг судга аралашувини мутлоқо чеклаш керак. Ҳар бир қўнғироқ, ҳар бир учрашув назоратга олиниши, бу борада берилган ҳар бир хабарни махсус орган синчиклаб ўрганиши керак.
Озиқ-овқат ва ғалла, энергетика, сув мустақиллиги
га амалда эришмасакда, давлат оқилона ечимлар билан таъминотни ва нархларни адолатли ушлаб туриш сиёсатини давом эттириши керак. Ресурслардан оқилона фойдаланиш, келгуси авлодларга сақлаб қўйиш барчанинг вазифаси бўлиши зарур. Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида профессионал муассасалар ва маҳаллий мутахассисларни каррасига кўпайтириш ишларини изчил давом эттириш лозим. Таълимдан қолганини тўйга сарфланг, тўйдан қолганини таълимга эмас.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг