15 МИНГ МИГРАНТНИНГ КОРЕЯГА БОРИШ УМИДИ НЕГА ЧИЛПАРЧИН БЎЛДИ
Кореяга ишга кетишни кутган минглаб ўзбекистонликлар ҳақида янги мурожаат: миграция тизимида 2023–2025 йилларда “уюшган ноқонуний механизм”, пул ундириш, фуқаролар ва ўқув марказларига босим бўлгани иддао қилинмоқда.
Элтузар таҳририятига Миграция агентлиги тизимида 2023–2025 йиллар давомида юз бергани иддао қилинаётган ҳолатлар ҳақида янги мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифларига кўра, бу бир гуруҳ фуқароларнинг норозилиги эмас, балки Кореяга ишга кетиш умиди билан йиллар давомида кутган минглаб одамларнинг адолатни қарор топтириш умиди ҳисобланади.
Мурожаатда айтилишича, 2023–2025 йилларда миграция тизимида айрим мансабдорлар ва уларга алоқадор шахслар иштирокида “пухта ўйланган, тизимли ва уюшган ноқонуний механизм” шаклланган бўлиши мумкин. Унда Азиз Тоштемиров, Бекзод Бойсарев ҳамда улар атрофидаги Элдор, Дилшод, Абдуғаффор каби шахсларнинг номлари тилга олинган.
Мурожаат муаллифлари ушбу шахслар юқорида турган “акаларининг” кўрсатмалари билан ҳаракат қилганини иддао қилмоқда. “Акалар” деганда мурожаатчилар кимни назарда тутгани Элтузарга маълум эмас. Бу даъволар ҳозирча расмий манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.
“ЎҚИТСАНГ ҲАМ, ЎҚИТМАСАНГ ҲАМ ПУЛ БЕРАСАН”
Мурожаатда илгари сурилган энг оғир иддаолардан бири Кореяга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролар ва корейс тили ўқув марказларига нисбатан босим ўтказилгани ҳақида.
Айтилишича, айрим ўқув курслари раҳбарлари турли давлат ташкилотларига чақирилган, қўрқитилган ва улардан пул талаб қилинган. Мурожаатда ҳатто “ўқитсанг ҳам, ўқитмасанг ҳам пул берасан, акс ҳолда қамаласан ёки марказинг ёпилади” мазмунида таҳдидлар қилингани иддао қилинмоқда.
Мурожаат муаллифларига кўра, бир ўқув маркази раҳбари бир неча кун давомида босим остида ушлаб турилган, руҳий сиқувга солинган, ҳақоратланган ва катта миқдорда пул беришга мажбур қилинган. У бунга ўз ўқувчилари ва оддий фуқаролар зарар кўрмаслиги учун рози бўлгани айтилмоқда.
Агар бу иддаолар тасдиқланса, гап фуқароларнинг меҳнат миграцияси орқали ҳаётини яхшилаш умидидан пул ундириш тизими ҳақида бораётгани англашилади.
15 МИНГ ФУҚАРО ҚАЕРДА ҚОЛДИ?
Мурожаатда келтирилишича, 2022 йил охиригача Кореяга ишга кетиш учун имтиҳондан ўтган номзодларнинг бор-йўғи 1–1,5 фоизи турли сабабларга кўра кета олмай қолган. Яъни ҳар минг нафар номзоддан тахминан 10–15 нафарида муаммо юзага келган.
Аммо мурожаат муаллифларининг иддаосига кўра, 2023–2024–2025 йилларда вазият кескин ўзгарган. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳар 1000 нафар фуқародан 700–750 нафари Кореяга кета олмай қолган.
Мурожаатда таъкидланишича, ушбу даврда имтиҳондан ўтган тахминан 20 минг фуқародан бор-йўғи 5 минг нафари Кореяга кетган, қолган 15 минг нафар фуқаро эса турли сабаблар билан жараёндан четда қолган.
Бу рақамлар расмий идоралар томонидан ҳозирча тасдиқлангани йўқ. Бироқ агар мурожаатдаги маълумотлар ҳақиқатга яқин бўлса, бу Ўзбекистон меҳнат миграцияси тизимидаги энг катта ижтимоий ва коррупцион саволлардан бирига айланиши мумкин.
ХАЛҚ ПУЛ ТЎЛАДИ, ЛЕКИН КОРЕЯГА КЕТА ОЛМАДИ
Мурожаат муаллифларига кўра, ушбу жараёнда йиғилган пуллар охир-оқибат оддий фуқаролар чўнтагидан чиққан. Кореяга ишга кетиш орқали оиласини боқишни, қарзларидан қутулишни ёки ҳаётини ўзгартиришни истаган одамлар бу тизим қурбонига айлангани айтилмоқда.
Мурожаатда фуқаролар кредитга ботгани, қарзга киргани, оилавий муаммоларга дуч келгани ва ҳаётий режалари издан чиққанини билдирилган.
“Бу фақат молиявий йўқотиш эмас, балки минглаб инсонларнинг орзулари ва ишончининг поймол қилиниши”, дейилади мурожаатда.
НОРОЗИ ФУҚАРОЛАР “МИТИНГ ҚИЛЯПСИЗЛАР” ДЕБ ҚЎРҚИТИЛГАНМИ?
Мурожаатда яна бир жиддий ҳолат тилга олинган. Унга кўра, адолатсизликка қарши чиққан, миграция идораларига бориб ўз дардини айтган фуқаролар ҳам босимга учраган.
Айтилишича, шикоят қилган одамлар “митинг қиляпсизлар” деган важ билан куч ишлатар тизимлар орқали қўрқитилган. Мурожаат муаллифлари бу ҳолат фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари поймол қилинганини кўрсатишини таъкидламоқда.
Бу иддаолар ҳам тегишли давлат органлари томонидан очиқ ва холис текширилиши лозим.
“ЯНГИ ТИЗИМ” ДЕЙИШ БИЛАН ЭСКИ САВОЛЛАР ЙЎҚОЛМАЙДИ
Мурожаатда Миграция агентлиги бугун ўзини “янги тизим” сифатида кўрсатишга уринаётгани, бироқ 2023–2025 йилларда ва 2026 йилгача ушбу тизим Беҳзод Мусаев раҳбарлиги остида фаолият юритгани таъкидланган.
Шу сабабли ўша даврда қабул қилинган қарорлар, юз берган эҳтимолий қонунбузарликлар ва уларнинг оқибатлари бўйича масъулият масаласи очиқ қолаётгани айтилмоқда.
Мурожаат муаллифларига кўра, агар ўтмишдаги эҳтимолий қонунбузарликларга ҳуқуқий баҳо берилмаса, тизимни “янги” деб аташ жамоатчилик саволларига жавоб бўла олмайди.
АСОСИЙ САВОЛЛАР ҲАЛИ ҲАМ ЖАВОБСИЗ
Мурожаатда бир қатор оғир саволлар қўйилган:
Азиз Тоштемиров қандай қилиб мамлакатдан чиқиб кетган?
Уни ким молиялаштирмоқда? Унинг ортида кимлар турибди?
Агар у йиллар давомида тизимли режа асосида ҳаракат қилган бўлса, бу режа ким томонидан тузилган? Унинг қочиб кетишидан ким манфаатдор?
Бу саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.
Элтузар ушбу мурожаатда келтирилган иддаоларни мустақил равишда тасдиқлай олмайди. Бироқ уларнинг кўлами, тилга олинган шахслар ва минглаб фуқаролар тақдирига таъсири инобатга олинса, мазкур ҳолатлар юзасидан очиқ, холис ва кенг қамровли текширув ўтказилиши зарур.
Элтузар Миграция агентлиги, Беҳзод Мусаев, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мурожаатда номи тилга олинган барча шахсларнинг ушбу иддаолар юзасидан расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг