КЎКДАЛАДА КЎТАРИЛГАН БОЛТА
Кўкдала туманида ҳокимга болта билан қилинган ҳужум фонида кадрлар сиёсати, хусусий мулк дахлсизлиги ва маҳалий ҳокимиятнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги яна муҳокама марказида. Мақола ҳодиса ортидаги тизимли муаммоларни таҳлил қилади.
Ўзбекистонда ҳоким билан тадбиркор ўртасидаги мулкий низо яна қонли тўқнашувга айлангани ҳақида хабар тарқалди. Бу гал воқеа Қашқадарёнинг Кўкдала туманида содир бўлган. Ҳодиса тафсилотлари ҳали тўлиқ аниқланмаган бўлса-да, у мамлакатда йиллардан бери ечимини кутаётган учта фундаментал муаммони яна кун тартибига чиқармоқда: кадрлар сиёсати, хусусий мулк дахлсизлиги ва маҳаллий ҳокимиятнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги.
14 октябрь куни Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраевга болта билан ҳужум қилингани ҳақида «Озодлик» радиоси хабар берди. Нашрнинг мустақил манбаларига кўра, ҳоким жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган ва операция қилинган. Ҳужумда дўкони бузилиши мумкин бўлган тадбиркор гумон қилинмоқда. Айрим гувоҳларнинг айтишича, можаро «Янги Ўзбекистон қиёфаси» дастури доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан боғлиқ.
Бироқ дўконни бузиш ҳақида қонуний қарор бўлганми, мулкнинг ҳуқуқий мақоми қандай, тадбиркорга компенсация таклиф қилинганми – булар ҳозирча номаълум. Расмий идоралардан ҳам воқеанинг тўлиқ тафсилотларини олиш имкони бўлмаган.
Шу боис ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришда шошилмаслик керак. Ҳокимга нисбатан зўравонликни ҳеч қандай мулкий низо оқлай олмайди. Айни пайтда эҳтимолий жиноятнинг оғирлиги мулкдорнинг ҳуқуқлари бузилган-бузилмаганини текшириш заруратини бекор қилмайди.
Энг муҳим савол бошқа: нима учун Ўзбекистонда ҳокимият билан мулкдор ўртасидаги айрим низолар суд залида эмас, кўчада, бульдозер ёки болта иштирокида ҳал бўладиган даражага етиб бормоқда?
КАДРЛАР СИЁСАТИ: ҲОКИМ КИМГА ҲИСОБ БЕРАДИ?
Ўзбекистонда ҳокимлик институтининг асосий муаммоларидан бири — раҳбарнинг сиёсий тақдири билан маҳаллий аҳолининг унга бўлган ишончи ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқликнинг заифлигидир.
Ҳоким ўз лавозимига маҳаллий сайловчиларнинг бевосита овози билан келмайди. У юқоридан тайинланади ва унинг фаолиятини баҳолашда юқори турувчи раҳбариятнинг муносабати ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бундай тизимда ҳоким учун икки хил манфаат ўртасида зиддият пайдо бўлиши мумкин: юқоридан берилган топшириқни тез бажариш ва аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Масалан, туманни ободонлаштириш, йўлларни кенгайтириш ёки марказий кўчаларни қайта қуриш вазифаси қўйилди, дейлик. Бу вазифани бажаришда ҳокимнинг муваффақияти кўпинча бажарилган ишлар, сарфланган маблағлар ва белгиланган муддатлар билан ўлчанади.
Аммо шу жараёнда нечта тадбиркорнинг манфаати зарар кўрди? Нечта оила даромад манбаидан маҳрум бўлди? Нечта мулкдор ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга мажбур бўлди?
Бундай кўрсаткичлар ҳам раҳбар фаолиятининг асосий мезонига айланмаса, ободонлаштириш аҳоли фаровонлиги учун эмас, ҳисобот учун амалга ошириладиган жараёнга айланиш хавфи бор.
Кадрлар сиёсатида яна бир жиддий масала – раҳбарнинг профессионал тайёргарлиги.
Ҳоким фақат топшириқ бажарадиган маъмур эмас. У ҳуқуқ, иқтисодиёт, мулкчилик муносабатлари, шаҳарсозлик ва жамоатчилик билан мулоқотни тушунадиган бошқарувчи бўлиши керак.
Раҳбарнинг қатъиятли бўлиши унинг қонун доирасидан чиқишига рухсат бермайди. Аксинча, кучли бошқарувчи мураккаб низони куч ишлатмасдан ҳал қила олиши билан ажралиб туради.
Шу нуқтаи назардан, Кўкдала воқеаси кадрларни танлаш ва баҳолаш мезонларини ҳам қайта кўриб чиқиш учун асос бўла олади.
ҲОКИМЛАР ҚАЧОНДИР САЙЛАНАДИМИ?
Кўкдала воқеаси Ўзбекистонда ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласини яна муҳокама қилиш учун асос бўла олади.
Амалдаги Конституциянинг 124-моддасига мувофиқ, вилоят ҳокимларини президент, туман ва шаҳар ҳокимларини эса тегишли юқори турувчи ҳоким тайинлайди. Туман ва шаҳар ҳокимлари номзодлари маҳаллий Кенгаш томонидан тасдиқланади.
Конституцияда маҳаллий Кенгашларнинг назорат ваколатлари ҳам белгиланган. Лекин ҳокимни бевосита сайлаш билан депутатлар орқали тасдиқлаш бир хил сиёсий механизм эмас.
Тайинлаш тизимининг тарафдорлари бу усул давлат бошқарувида мувофиқлашув, ягона сиёсат ва тезкор қарор қабул қилишни таъминлашини таъкидлашлари мумкин. Айниқса, марказлашган инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда бу омил муҳим деб ҳисобланади.
Бевосита сайлов тарафдорлари эса ҳокимнинг сиёсий жавобгарлигини маҳаллий аҳоли билан боғлаш зарурлигини илгари суради.
Чунки сайланган раҳбар учун аҳолининг ишончи шунчаки ижтимоий кўрсаткич эмас, балки ҳокимиятни қўлга киритиш ва сақлаб қолишнинг муҳим шартига айланади.
Тасаввур қилайлик, Кўкдала ҳокими маҳаллий аҳоли томонидан эркин ва рақобатли сайловда сайланган бўлса, ободонлаштириш лойиҳасини амалга оширишда мулкдорлар билан келишиш учун қўшимча сиёсий рағбатга эга бўлар эди. Чунки норози тадбиркорлар, уларнинг оилалари ва маҳалла аҳолиси кейинги сайловда унинг фаолиятига баҳо бериш имкониятига эга бўлади.
Албатта, сайловнинг ўзи барча муаммоларни ҳал қилмайди. Сайланган ҳоким ҳам қонунни бузиши, мулкдорлар билан низога киришиши ёки ўз ваколатини суиистеъмол қилиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳақиқий рақобат, мустақил оммавий ахборот воситалари, холис суд ва шаффоф сайлов жараёни бўлмаса, бевосита сайлов ҳам расмиятчиликка айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Шунинг учун асосий масала фақат ҳокимни ким тайинлаши ёки сайлашида эмас. Гап унинг ким олдида, қандай механизмлар орқали ва қай даражада жавобгар бўлишида.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг