Ўзбекистонда сўнгги икки ой ичида сохта савдо ва чеклар орқали бюджетдан “кешбек” олиш билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар аниқланмоқда.

Жиноий схема қуйидагича: Бир гуруҳ шахслар МЧЖлар масъуллари билан тил бириктириб, амалда бўлмаган савдони қоғозда бор қилиб кўрсатади. Улар гўёки, товар сотилгани ҳақида маълумотларни расмийлаштириб, назорат-касса машиналари орқали харид чекларини чиқаради, кейин бу чеклар Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номидан “Soliq Mobile” иловасига киритилиб, миллиардлаб сўмлик бюджет маблағларини “кешбек” сифатида ўзлаштиради. Жами ҳолатларни қўшиб ҳисоблаганда бу триллионлаб сўм бюджет пулини ташкил этади. Буларни оддий одамлар қилмайди, тушунган тушунди.

Бу бюджетдан рағбатлантириладиган фаолиятнинг битта тури бўйича ўзлаштириш ва растратанинг кўлами. Бюджетдан рағбатлантириладиган фаолият турлари борки, бундай схемалар бўлмаётганлигига ишончимиз комил эмас. Бу экспортчи, туризм, меҳмонхона, финтех, энергетика, нефтгаз, юк ташувчи корхоналар бўладими, давлат мулкини хусусийлаштириш, хусусий шериклик, миллий брендлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўладими, иш ўринларини яратиш бўладими, барчаси бюджет пулини ва давлат мулкини ўзлаштириш иштиёқида “ёнмоқда”. Буни бюджетдан бериладиган субсидия ёки кешбек деб атаймизми, қўшилган қиймат солиғининг паст фоизлик ставкасини қўллаш ёки ноль қийматда сотиш деймизми, фарқи йўқ. Фойдаланилмай ётган объектлар ниқоби остида биноларни 0 балансда совға қилиб юборишдан кимлар манфаат кўргани барчага маълум.

Афсуски, олдин мавжуд бўлган ижтимоий аҳамиятга эга тўловлар кесиб ташланмоқда, бюджетда режалаштирилмаяпди. Шулардан бири иккинчи ва ундан кейинги туғилган фарзандлар учун бериб келинган суюнчи пули тўланишининг тўхтатилиб қўйилганлигидир. Болаларнинг ҳақини жойига қайтаринглар. Жорий қилинган Минимал истеъмол харажатлари (МИХ) кўрсаткичи (715 000 сўм) ҳам кўплаб саволларни туғдиради. Ўзларингиз бир яшаб кўринглар шу пулга. Бу ҳам ҳеч бўлмаганда Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига тенглаштирилиши керак. Ваҳоланки, 2023 йилда сеники-меники дея Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилган эдик.

Шулар ҳақида ўйлар эканмиз, Россиядан кўчириб олинаётган бузуқ тизимлар ривожланишимиз ўрнига, бир жойда депсинтиришдан нарига ўтказмайди.

2007 йилда Россиядаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири бўлган Hermitage Capital Management компаниясининг ҳужжатлари полиция томонидан мусодара қилинади. Компаниянинг ташқи маслаҳатчи аудитор-бухгалтери бўлган Сергей Магнитский бу ҳужжатлар ёрдамида давлат амалдорлари, полиция, солиқ ва жиноий гуруҳлар компаниянинг активларини ўзлаштириб олганини аниқлайди. Улар давлат бюджетидан ноқонуний равишда рекорд даражадаги 230 миллион доллар миқдоридаги солиқларни ортиқча тўланган деб, қайтариб олишга муваффақ бўлишган.

Магнитский ушбу ўғрилик ортида турган юқори лавозимли шахслар, жумладан, юқори мартабали полиция ва солиқ ходимларининг номларини очиқлайди. Жавоб чораси ўлароқ, терговчилар Магнитскийнинг ўзига нисбатан жиноий иш очиб, уни ҳибсга олишади. 2008 йил ноябрида қамоққа олинган Магнитский 11 ой давомида суд ҳукмисиз сақланган. У руҳий ва жисмоний босимлар остида қолган, оғир шароитларда сақланган, шифокорлар назоратидан маҳрум этилган ва соғлиғи кескин ёмонлашишига қарамай тиббий ёрдам берилмаган. У 2009 йил 16 ноябрда, судгача бўлган ҳибсхонада 37 ёшида вафот этган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ЕЧХС) кейинчалик Россияни Магнитскийнинг асосий ҳуқуқларини (яшаш ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқлари) бузганликда айбдор деб топган. 2012 йилда АҚШ Конгресси “Магнитский Қонуни”ни қабул қилган. Унга кўра, инсон ҳуқуқларини бузган ва коррупцияга аралашган россиялик амалдорларга виза бериш тақиқланади ва уларнинг хориждаги активлари музлатилади. Кейинчалик бу қонун бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқбузарларига нисбатан қўлланиладиган глобал мақомга эга бўлган ва Канада, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқи каби бир қанча давлатлар томонидан қабул қилинган.