Карантин идорасидаги коррупция: заҳар савдоси ортида кимлар турибди?
Ўсимликлар карантини агентлигидаги миллиардлаб сўмлик коррупция схемаси фош этилди. Мутахассислар бу ҳолат ортида хавфли агрозаҳарлар назоратсиз бозорга кириб, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимида миллиардлаб сўмлик коррупцион схема фош этилгани ҳақидаги хабар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва агрокимё соҳасидаги назорат тизимига оид жиддий саволларни кун тартибига чиқарди.
ДХХ ва Бош прокуратура томонидан ўтказилган текширувлар давомида агентликнинг айрим мансабдорлари импорт ҳужжатларини расмийлаштириш, хорижий экспортёрларни реестрга киритиш ва карантин рухсатномаларини бериш жараёнини ноқонуний даромад манбаига айлантиргани маълум бўлди. Тергов маълумотларига кўра, айрим шахслар банк карталари орқали ўн миллиардлаб сўм маблағ айлантирган, пулларнинг бир қисми эса агентлик ходимларига етказилган.
Бир қарашда бу оддий порахўрлик ҳолатига ўхшайди. Мазкур идора нафақат импорт ҳужжатларини расмийлаштиради, балки мамлакат ҳудудига кириб келаётган агрокимёвий воситалар, пестицидлар ва бошқа кимёвий моддалар устидан ҳам муҳим назорат функцияларини бажаради.
Биолог олим Бахтиёр Абдуғафур бу воқеани изоҳлар экан, коррупциянинг эҳтимолий оқибатлари анча чуқурроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
«Ўзбекистонда заҳарлар нега кўпайиб кетгани тушунарли бўлса керак. Қатъий фикрим шуки, иш шу билан ёпилмаслиги керак. Ўзбекистонда рўйхатга олинган ҳар бир агрозаҳар қаерда ва қандай текширилгани тафтиш қилиниши лозим», деб ёзди у ўзининг Фэйсбук саҳифасида.
Олимнинг фикрича, очиқдан-очиқ хавфли ёки заҳарли деб баҳоланган айрим кимёвий бирикмаларнинг «зарарсиз» деб топилиши ортида сохта лаборатория хулосалари ёки қоғозда ўтказилган синовлар туриши мумкин. Олимнинг тахминича, кўплаб кимёвий воситалар тегишли илмий ва токсикологик текширувларсиз рўйхатдан ўтказилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Бу иддаолар ҳозирча расман тасдиқланган эмас. Аммо коррупция схемаси айнан назорат ва рухсат бериш тизимида аниқланганини ҳисобга олганда, давлат органлари фақат порахўрлик занжирини эмас, балки сўнгги йилларда рўйхатдан ўтган агрокимёвий маҳсулотларнинг қонунийлиги ва хавфсизлигини ҳам қайта кўриб чиқишига тўғри келади.
Чунки бу ерда гап фақат бюджет ёки тадбиркорлар пуллари ҳақида эмас. Агар ҳақиқатан ҳам хавфли кимёвий моддалар етарли синовларсиз бозорга киритилган бўлса, масала инсон саломатлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва атроф-муҳит хавфсизлигига бориб тақалади.
Шу боис мазкур ишнинг ҳақиқий аҳамияти қанча пора олингани ёки кимлар қўлга олинганида эмас. Асосий савол – коррупция туфайли мамлакатга қандай моддалар кириб келгани ва уларнинг оқибатлари қандай бўлганидадир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг