231-МОДДА СУДЬЯНИ ЖАВОБГАР ҚИЛАДИМИ ЁКИ ҚЎРҚИТАДИМИ?
Адвокат Абдуллаев Жиноят кодексининг 231-моддаси амалиётда судьяларга босим ўтказиш воситасига айланиши мумкинлигидан огоҳлантириб, уни суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш натижаларини очиқлашни талаб қилмоқда.
Ўзбекистонлик адвокат Абдуллаев Жиноят кодексининг адолатсиз суд ҳужжати чиқарганлик учун жавобгарлик белгилайдиган 231-моддаси амалиётда судьяларга босим ўтказиш воситасига айланиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Адвокат бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб, мазкур моддани суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича давлат идораларига берилган топшириқ натижалари жамоатчиликка очиқланиши кераклигини таъкидлади.
Унинг билдиришича, Тошкент шаҳар судининг собиқ судьяси Муҳтарама Турғунова ва бошқа судьяларга нисбатан юритилаётган жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида 231-модданинг амалда қандай қўлланилаётганига оид саволлар пайдо бўлган.
Сўнгги кунларда адвокатга ушбу модда асосида жиноий жавобгарликка тортилган судьяларга доир бир қатор суд қарорлари ҳам тақдим этилгани айтилмоқда.
ҚОНУНДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Жиноят кодексининг 231-моддасида судьянинг олдиндан била туриб адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариши учун икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Агар бундай ҳаракат одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Моддада жиноий жавобгарликнинг муҳим шарти сифатида судья адолатсиз қарор чиқараётганини олдиндан билган бўлиши кўрсатилган.
Адвокатнинг фикрича, юқори инстанция суди томонидан қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши ўз-ўзидан уни чиқарган судья жиноят содир этганини англатмаслиги керак.
У ҳар бир бекор қилинган қарор ортидан судьянинг жиноий таъқиб қилиниши эҳтимоли пайдо бўлса, судьялар қарорни қонун ва ички ишонч асосида эмас, кейинчалик ўзларига нисбатан қандай чора кўрилишини ўйлаб қабул қила бошлаши мумкинлигини таъкидлаган.
«Судья қасддан қонунни бузгани учун жавоб бериши керак. Лекин мустақил ҳуқуқий позиция билдиргани, далилларга бошқача баҳо бергани ёки юқори суд бошқа хулосага келгани учун эмас», дейилади адвокат баёнотида.
УЧ ОЙЛИК ТОПШИРИҚ НИМА БЎЛДИ?
Президентнинг 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ–227-сонли фармонида ҳам адолатсиз суд ҳужжати чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи нормаларни қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланган.
Фармонга мувофиқ, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратура уч ой муддатда мазкур нормаларни суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида таҳлил қилиб, таҳлилий маълумотнома киритиши керак эди.
Ҳужжатга илова қилинган «йўл харитаси»да бу вазифани 2026 йил март ойига қадар бажариш белгиланган.
Адвокат Абдуллаев белгиланган муддат ўтиб бўлганини таъкидлаб, мутасадди идораларга қуйидаги саволларни йўллаган:
Жиноят кодексининг 231-моддаси бўйича қандай таҳлил ўтказилди? Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратура қандай хулосага келди? Халқаро стандартлар асосида қандай таклифлар ишлаб чиқилди? Нега таҳлил натижалари ҳуқуқшунослар ва кенг жамоатчиликка эълон қилинмади?
ХАЛҚАРО МОНИТОРИНГДА БУ МАСАЛА КЎТАРИЛГАНМИ?
Айни пайтда Ўзбекистонда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Аксилкоррупция тармоғи доирасидаги Истанбул ҳаракатлар режасининг бешинчи давра мониторинги ўтказилмоқда.
ЎзАнинг 2026 йил 10 июлдаги хабарига кўра, мониторингнинг иккинчи босқичи бошланган. Баҳолаш доирасида коррупцияга қарши сиёсат, давлат харидларида ҳалоллик, суд ва прокуратура мустақиллиги ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик каби тўққизта йўналиш ўрганилмоқда.
Адвокат мазкур мониторинг давомида 231-модданинг қўлланиши ва унинг суд мустақиллигига таъсири ҳақида халқаро экспертларга тўлиқ ахборот тақдим этилган-этилмаганини ҳам очиқлашга чақирди.
Унинг таъкидлашича, судьяларнинг қонунни қасддан бузгани учун жавобгарликка тортилиши зарур. Бироқ жиноий жавобгарлик мустақил ҳуқуқий позиция, далилларни бошқача баҳолаш ёки юқори инстанциянинг бошқа хулосага келиши учун жазолаш механизмига айланмаслиги керак.
Шу муносабат билан асосий савол очиқ қолмоқда: Жиноят кодексининг 231-моддаси суд мустақиллигини мустаҳкамлаяптими ёки судьяни чиқарган қарори учун қўрқитиш воситасига айланиш хавфини туғдиряптими?
Элтузар Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратурани мазкур масала бўйича таҳлил натижалари ҳамда 231-моддани қайта кўриб чиқиш юзасидан ишлаб чиқилган таклифларни жамоатчиликка маълум қилишга чақиради. Таҳририят ушбу идораларнинг муносабатини ҳам эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг