Ўзбекистонда халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишдан иборат.

Аммо айрим ҳолатларда бу маблағлар ўз эгаларига етиб бормаяпти. Навбатдаги шундай ҳолат Савдо-саноат палатаси фаолияти билан боғлиқ.

Гап шундаки, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки кредити ҳисобидан амалга оширилган “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси расман 2025 йил 31 декабрь куни якунланган. Лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилган.

Лойиҳа тугаганига ярим йилдан ошган бўлса-да, унда меҳнат қилган ходимларга тегишли маблағлар ҳанузгача тўлаб берилмаган.

Энг қизиғи, мурожаатчиларнинг айтишича, пулларни тўлаш масаласи Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайховнинг розилигига боғлаб қўйилди.

Яъни Жаҳон банки томонидан ажратилган ва Палата ҳисоб рақамларига ўтказилган маблағларнинг тақдири бир амалдорнинг хоҳиш-иродасига қараб қолгандай таассурот уйғонмоқда.

Аксинча маблағлар ҳақиқатдан ҳам тўлиқ ўтказилган бўлса, нега улар ўз эгаларига берилмаяпти? Маблағлар сарфланган бўлса, улар қаерга сарфланди, ҳисоботи қани? Нега лойиҳада ишлаган мутахассислар ойлаб ўз ҳақларини кутиб юришибди?

Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган текширувда ҳам мазкур маблағларни тўлаб бериш зарурлиги қайд этилган. Аммо бу тавсиялар амалда натижа бермаган.

Халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган маблағлар устидан назорат борми ўзи? Наҳотки, бир неча ой меҳнат қилган одамларнинг маоши ёки хизмат ҳақи бир амалдорнинг имзоси ёки розилигига қараб қолган бўлса?

Бу маблағлар ортида инсонлар тақдири, уларнинг оилалари, фарзандлари ризқи турибди. Қонун бўйича тўланиши лозим бўлган ҳақни олиш учун одамлар оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлишяпти

Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу ҳолатга ойдинлик киритиши керак. Бу ташкилотлар қачон молиявий ҳисобдорлик тафтишини бошлайди