«Ҳамма нарса инсоннинг ижтимоийлашуви таъсирига тушади».
Мишель Фуко

«Билиш, билим ҳосил қилиш ва билимнинг ўзи назариялар таъсирида шаклланади».
Карл Поппер

Ушбу мақолада собиқ СССР парчаланганидан кейин АҚШ бошчилигидаги Ғарб нега исломчилик ёки исломий терроризмни эмас, балки, айнан Исломнинг ўзини ўз турмуш тарзи ва мавжудлигига таҳдид сифатида танлагани сабабларини ёритишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, Исломни, қолаверса, бошқа динларни ҳам ташқи таъсирларга нисбатан заифлаштириши мумкин бўлган ижтимоийлашув каби инсонга хос ҳодисалар ҳақида сўз юритамиз.

Дунёда кўпчилик 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги Эгизак минораларга уюштирилган террорчилик ҳужумлари Ислом ва мусулмонлар учун мисли кўрилмаган оқибатларга олиб келган, деб ҳисоблайди. Чунки ушбу ҳужумлардан сўнг АҚШ бошчилигидаги Ғарб ўзининг ҳарбий, сиёсий, дипломатик ва цивилизацион ғазабини Ислом ва мусулмонларга қарата бошлади.

Айнан шу воқеалардан кейин Ғарб сиёсий дискурсида «динга асосланган терроризм» атамаси пайдо бўлди ва у асосан Ислом ҳамда мусулмонларни тасвирлаш учун қўлланди. Афғонистонда Толибон ҳаракатининг кучайиши, Суданда Ал-Қоиданинг пайдо бўлиши, кейинчалик Ироқ ва Сурияда ДОИШнинг юзага чиқиши Ғарб марказчилик қарашларини янада мустаҳкамлади. Ушбу қарашга кўра, гўё Исломнинг моҳияти зўравонликдан иборат, ҳар бир мусулмон эса эҳтимолий террорист эди.

Бироқ исломий терроризмни йигирма йил давомида ўрганган Стив Коллнинг фикрича, на Ислом, на мусулмонлар табиатан зўравонликка мойил бўлган. Ислом ва мусулмонларнинг зўравонлик билан боғланиши сабабларини инсонга хос икки ҳодиса  – сиёсийлаштириш ва ижтимоийлаштиришдан излаш керак.

Колл ўзининг машҳур «Арвоҳлар уруши» – Ghost Wars асарида Исломнинг сиёсийлаштирилиши ва ижтимоийлаштирилиши ҳақида батафсил изоҳ беради. Унинг фикрича, XX асрда Исломнинг сиёсийлаштирилиши бир қанча омиллар натижасида юзага келган. Уларнинг энг муҳимларидан бири Марказий разведка бошқармаси – ЦРУ билан Қуръони карим ва исломий тамойилларнинг жанговар талқинига таянган ҳаракатлар ўртасидаги ҳамкорлик бўлган.

Мазкур ҳамкорлик натижасида Абдуллоҳ Аззам раҳбарлик қилган, «Мактаб ал-хизмат» номи билан танилган халқаро мужоҳидлар ҳаракати пайдо бўлди.

1980-йиллар бошида Совет Иттифоқи Афғонистонга бостириб кирганидан кейин ЦРУ, Британиянинг MI6 ташқи разведка хизмати, Покистоннинг Идоралараро разведка хизмати – ISI ва Саудия Арабистони Бош разведка бошқармаси халқаро мужоҳидлар ҳаракати жангчиларини қўллаб-қувватлади.

Бу жангчилар Афғонистонга келиб, ЦРУ мувофиқлаштируви остида совет қўшинларига қарши курашди. Улар орасида кейинчалик 11 сентябрь ҳужумларининг бош ташкилотчиси ва дунёдаги биринчи рақамли террорист сифатида танилган Усома бин Лодин ҳам бор эди.

ЦРУ ва Усома бин Лодин ўртасида яқин ҳамкорлик бўлгани ҳақидаги даъволар Марк Кёртиснинг «Махфий алоқалар» — Secret Affairs китобида ҳам илгари сурилган.

Ушбу таниқли муаллифларнинг фикрича, СССР парчаланганидан кейин АҚШнинг ҳарбий-саноат мажмуаси, ЦРУ ва давлатнинг бутун сиёсий, ҳарбий, хавфсизлик ҳамда разведка аппарати жиддий муаммога дуч келган.

Сиёсатчилар ва Конгресс аъзолари: «Американинг энг катта душмани йўқ бўлди. У ҳолда тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада катта маблағ ва ресурсларни ютаётган бундай улкан ҳарбий, сиёсий, хавфсизлик ва разведка тизими бизга нима учун керак?» деган саволни бера бошлаган.

Бу ҳолат фақат ташқи душман билан курашиш туфайли мавжуд бўлиб келган Американинг ҳарбий, сиёсий, хавфсизлик ва разведка тизими учун ҳалокатли хавф эди.

Мазкур таҳдидни англаган ушбу тизим, ЦРУнинг етакчи иштироки билан, Исломни навбатдаги ташқи душман сифатида танлади ва уни жадал равишда хавфсизликка таҳдид сифатида кўрсата бошлади.

ЦРУда фаолият юритган Стивен Марриннинг фикрича, 11 сентябрь воқеалари разведка тизимининг муваффақиятсизлиги эмас эди. Чунки разведка таҳлилчилари Билл Клинтон ва Жорж Буш маъмуриятларини Ал-Қоиданинг АҚШ ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирган.

Маррин буни разведка эмас, балки сиёсий қарор қабул қилувчиларнинг муваффақиятсизлиги деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, сиёсатчилар разведка огоҳлантиришларини атайлаб эътиборсиз қолдирган.

Колл ва Кёртис ушбу маълумотларга таяниб, АҚШдаги сиёсий қарор қабул қилувчилар, юқори мартабали разведка, хавфсизлик ва ҳарбий раҳбарларга янги ташқи душман керак бўлгани, шу сабаб улар разведка огоҳлантиришларини инкор этиб, Америкада одамларни ларзага соладиган қандайдир воқеа содир бўлишини кутиб тургани ҳақида хулосага келади.

Исломнинг ижтимоийлашувга нисбатан заифлиги

Кўплаб манбаларда келтирилган ушбу маълумотларни ҳисобга олсак, Исломнинг муайян манфаат ва мақсадларга эга бўлган турли кучлар томонидан ижтимоийлаштирилишига нисбатан заифлиги ҳам уни АҚШ бошчилигидаги Ғарб томонидан хавфсизлик таҳдиди сифатида кўрсатишга сабаб бўлганини айтиш мумкин.

Бошқача айтганда, Ислом доимий равишда ижтимоийлашув таъсирида бўлади. Яъни у одамлар томонидан талқин қилинади, қайта талқин қилинади ва турли инсонлар томонидан турлича амалга татбиқ этилади.

Шу сабабли диннинг мўътадил, кескин, зўравон ёки жанговар кўриниш олиши кўп жиҳатдан инсон омилига боғлиқ бўлиб қолади.

Аниқроқ айтганда, на Ислом, на мусулмонлик инсон иродаси ва фаолиятидан ташқарида мавжуд бўла олади. Шу сабаб Исломда суннийлик ва шиалик каби икки асосий йўналиш, шунингдек, ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий каби турли фиқҳий мазҳаблар мавжуд.

Колл ва Кёртиснинг фикрича, Исломнинг бундай талқинларга очиқлиги ЦРУ томонидан тезда аниқланган ва Ғарб цивилизацияси мавжудлигига таҳдид солувчи улкан қўрқинчли душман образини яратиш учун ишлатилган.

Исломнинг ижтимоийлашув таъсирига боғлиқлиги ҳақидаги фикрни Франциялик таниқли сиёсатшунос Оливье Руа тадқиқотларида ҳам кўриш мумкин.

Ислом ва мусулмонлар билан боғлиқ терроризмни кузатган ва ўрганган Оливье Руа замонавий терроризмни «Исломнинг радикаллашуви» деб эмас, балки «радикализмнинг исломийлашуви» деб таърифлаш тўғрироқ бўлишини таъкидлайди.

Унинг фикрича, ҳужумчилар кўпинча аввалдан зўравонликка мойил, жамиятдан бегоналашган ва нигилистик қарашларга эга шахслар бўлади. Улар Исломни ўзларининг жамиятга қарши ва ўзини ўзи ҳалокатга олиб борувчи хатти-ҳаракатларини оқлашга хизмат қиладиган тайёр восита сифатида қабул қилади.

Оливье Руа тадқиқотлари қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратади:

Авлодий бегоналашув

Ғарб мамлакатларидаги кўплаб жиҳодчилар иккинчи авлод муҳожирлар ёки кейинчалик Исломни қабул қилган шахслардир. Улар бир томондан Ғарб жамиятларининг дунёвийлиги, иккинчи томондан эса ота-оналарининг анъанавий маданияти ўртасида қолиб кетади.

Жамиятга мослаша олмаслик ёки унда ўз ўрнини тополмаслик уларни шахсий изтироб ва исёнкорлик туйғуларини радикал диний шахсиятга йўналтиришга ундайди.

Ўлим жозибаси

Руа «Ислом давлати» каби гуруҳлар кўпроқ «ўлимга сиғиниш культи» сифатида ҳаракат қилишини таъкидлайди.

Шаҳидлик ва зўравонликка атайлаб интилиш кўпинча мустақил мақсадга айланади. Бу ҳолат муаммоли ёшларга қаҳрамонга айланишнинг бузилган ва даҳшатли кўринишини таклиф қилади. Бу жиҳатдан уларнинг хатти-ҳаракатлари АҚШдаги мактабларга қуролли ҳужум қилувчи шахсларнинг фикрлаш тарзига ўхшаш бўлиши мумкин.

Юзаки диндорлик

Бундай радикаллар одатда Ислом ҳақида жуда юзаки тасаввурга эга бўлади.

Уларнинг ўтмишида майда жиноятлар, анъанавий исломий амалларга бепарволик ва диндан узоқ ҳаёт тарзи кўп учрайди. Кейинчалик эса улар қисқа вақт ичида, кўпинча мустақил равишда ёки интернет орқали радикаллашади.

Асосий мусулмон жамоаларидан узилиш

Радикал шахслар камдан-кам ҳолатда анъанавий масжидлар орқали зўравонликка мойил бўлиб қолади.

Улар кўпроқ ёпиқ ва бир хил фикрлар такрорланадиган гуруҳларда, қамоқхоналарда ёки интернетда радикаллашади.

Худкушлик усули ҳақида

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, кўпчилик олдида ўзини портлатиш орқали «шаҳид бўлиш» усули илк бор Афғонистонда жанг техникаси сифатида таклиф қилингани ҳақида даъволар мавжуд.

Ушбу талқинга кўра, ЦРУ инструкторлари совет қўшинларига қарши курашда буни самарали усул сифатида таклиф қилган. Бироқ советларга қарши жанг қилган машҳур гуруҳларнинг ҳеч бири дастлаб бу усулни қабул қилмаган.

Ҳатто Аҳмадшоҳ Масъуд ҳам инсоннинг ўз жонига қасд қилиши Қуръон оятларига тўғридан-тўғри зид эканини айтиб, мазкур усулни рад этган.

Бироқ бир шахс ва унинг гуруҳи бу усулни нафақат қабул қилди, балки уни тизимлаштирди ҳам. Бу Усома бин Лодин эди. Айман аз-Завоҳирий эса одамларни ушбу йўлга сафарбар қилишда иштирок этди.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, Қуръонда қайта-қайта таъкидланганидек, мусулмонлар ўзларини ҳимоя қилиш учун ақл ва тафаккурдан фойдаланиши керак.

Акс ҳолда улар доимо ёмон муносабатга учрайди ва ифлос сиёсий ўйинлар ҳамда манипуляцияларнинг қурбони бўлиб қолаверади.

«Мулк» сурасида шундай дейилади:

«Агар биз қулоқ солганимизда ёки ақл юритганимизда эди, дўзах аҳлидан бўлмас эдик».

Ақлингизни ва тафаккурингизни ишлатинг…