315 МИНГ ТАДБИРКОРГА «ИККИНЧИ ИМКОН»: АМНИСТИЯ БИЗНЕСНИ ҚУТҚАРАДИМИ?
«Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси 315 мингга яқин тадбиркорнинг 9,5 трлн сўмлик солиқ қарзи муаммосини қандай ҳал этиши, давлат бу орқали нимани кўзлаётгани ва амнистия ҳамма бизнесни қутқара олиш-олмасини таҳлил қиламиз.
Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун эълон қилинган «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси биринчи қарашда тадбиркорларга навбатдаги имтиёзга ўхшайди. Аммо рақамларга қаралса, масала анча жиддий.
Ҳозир 315,2 минг тадбиркорнинг 9,5 трлн сўм солиқ қарзи бор. Шундан 1,5 трлн сўми пеня. Бундан ташқари, 2019–2025 йилларда йиғилган 1,6 трлн сўмлик айрим жарималар ва айланма солиғи бўйича 39,8 млрд сўм жарима қарзлари ҳам ҳисобдан чиқарилиши белгиланган.
Бу ерда энг муҳим жиҳат шуки, давлат 9,5 трлн сўм солиқ қарзини кечираётгани йўқ.
Тадбиркор асосий солиқ қарзини йил охиригача тўлиқ тўлаши шарт. Шундагина унга ҳисобланган пеня бекор қилинади ва қарз билан боғлиқ ижро иши тугатилади. Яъни бу классик маънодаги «ҳамма қарзни кечириш» амнистияси эмас. Давлат тадбиркорга: «Асосий қарзингни бер, устидан йиғилиб қолган жазони кечираман», демоқда.
БУ АМНИСТИЯНИНГ АСЛ МАҚСАДИ НИМА?
Биринчи ва энг оддий мақсад – бюджетга пулни тезроқ қайтариш.
315 мингдан ортиқ тадбиркорнинг гарданида турган 9,5 трлн сўм давлат учун қоғоздаги актив, холос. Агар корхона тўламаса, бу пул бюджетга кирмайди. Корхонани ижрога бериш, ҳисобрақамларини чеклаш, мол-мулкини ундириш эса баъзан унинг фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўяди.
Амнистия орқали давлат 1,5 трлн сўм пенядан воз кечиб, эвазига 9,5 трлн сўм асосий қарзнинг камида бир қисмини реал пулга айлантиришга уринмоқда.
2026 йилги Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм этиб прогноз қилинган. Демак, 9,5 трлн сўмлик солиқ қарзи йиллик бюджет даромадларининг қарийб 2,6 фоизига тенг. Албатта, бу маблағнинг ҳаммаси амнистия туфайли «янги тушум» бўлмайди – унинг бир қисми барибир ундирилиши мумкин эди. Аммо сумма давлат учун етарлича йирик.
Иккинчи мақсад – қарз ботқоғига тушган бизнесни иқтисодий айланмага қайтариш.
Солиқ қарзи ортидан пеня ўсади. Пеня ортидан ижро жараёни бошланади. Банк ҳисобварағи, мол-мулк, шартномалар ва янги маблағ жалб қилиш имкониятига босим кучаяди. Натижада корхона солиқни тўлаш учун кўпроқ ишлаши керак бўлган бир пайтда, аксинча, ишлаш имкониятини йўқота бошлайди.
Шу маънода **«Иккинчи имкон»**нинг ўлаётган қарздорни жазолашдан кўра, уни ишлайдиган солиқ тўловчига айлантириш давлат учун фойдалироқ деган иқтисодий мантиғи бор.
Учинчи мақсад эса янада қизиқ – тадбиркорларни ўз хатоларини ихтиёрий очишга ундаш.
Фармонга кўра, тадбиркор аввалги солиқ ҳисоботидаги хатони ўзи тузатиб, пайдо бўлган қўшимча солиқни йил охиригача тўласа, унга пеня ҳисобланмайди ва барқарорлик рейтингидаги бали ҳам туширилмайди.
Бу механизм бекорга киритилмаган. 2026 йилнинг биринчи ярмидаёқ 172 минг тадбиркор солиқ ҳисоботини қайта топширган ва натижада 3 трлн сўм қўшимча солиқ ҳамда 140 млрд сўм пеня ҳисобланган.
Демак, давлат фақат мавжуд қарзни йиғмоқчи эмас. У бизнесга: «Хатонгни ўзинг айтсанг, жазоламайман», дея огоҳлантирмоқда.
Бу солиқ маъмурчилиги учун анча замонавий ёндашув.
315 МИНГ ТАДБИРКОР ҚАРЗДОР БЎЛИШИНИНГ ЎЗИ КАТТА САВОЛ
Амнистиянинг энг қизиқ томони унинг ўзи эмас, балки унга эҳтиёж пайдо бўлганидир.
Президент 2026 йил августда Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятини тахминан 1 миллион 200 минг деб баҳолади. Миллий статистика қўмитаси эса 1 июль ҳолатига 1 миллион 236 мингдан зиёд кичик тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётганини маълум қилган.
Шу фонда 315,2 минг қарздор жуда катта рақам.
Сон жиҳатидан таққослаганда, бу мамлакатдаги бизнес субъектларининг қарийб тўртдан бирига тенг.
Хўш, нега шунча тадбиркор солиқ қарзига ботиб қолди?
315 мингта тадбиркорни бирданига «солиқ тўлашни хоҳламайдиганлар» деб қабул қилиш жуда содда тушунтириш бўлар эди.
Бу ерда айланма маблағ етишмаслиги, бизнеснинг паст рентабеллиги, солиқ ҳисоботидаги хатолар, бухгалтерия сифатининг пастлиги, текширувлар натижасида кейинчалик ҳисобланган солиқлар ва бизнес харажатларининг ўсиши каби бир қатор омиллар бўлиши мумкин.
Шунинг учун амнистия фақат қарздорларнинг муаммосини эмас, солиқ қарздорлиги нега бундай оммавий тус олганини ҳам ўрганишга сабаб бўлиши керак.
АМНИСТИЯ ҲАММАГА ҲАМ ЁРДАМ БЕРАДИМИ?
Энг катта муаммо шу ерда.
Амнистиядан фойдаланиш учун тадбиркор асосий қарзини тўлиқ ёпиши керак.
Ўртача ҳисобласак, 315,2 минг тадбиркорга 9,5 трлн сўм қарз тақсимланганда ҳар бир субъект ҳиссасига тахминан 30 млн сўм асосий қарз ва 4,8 млн сўм атрофида пеня тўғри келади.
Албатта, амалда қарзлар тенг тақсимланмаган: кимдадир бир неча миллион, бошқасида миллиардлаб бўлиши мумкин.
Аммо асосий парадокс ўзгармайди.
Пули бор қарздор амнистиядан фойдалана олади. Пули йўқ қарздор эса пеняси кечирилишини билса ҳам асосий қарзни тўлай олмайди.
Айни пайтда бизнес учун пул арзон эмас. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил июнида юридик шахсларга миллий валютада берилган кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси қарийб 22 фоиз атрофида бўлган.
Шунинг учун баъзи тадбиркор солиқ қарзини ёпиш учун банкдан қиммат кредит олса, у солиқ идораси олдидаги қарзини банк олдидаги қарзга алмаштириши мумкин, холос.
Агар мақсад ҳақиқатан ҳам яшовчан, аммо вақтинча ликвидлик муаммосига тушган корхоналарни сақлаб қолиш бўлса, қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш ёки индивидуал реструктуризация механизмлари амнистия таъсирини анча кучайтирган бўлар эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг