Ўзбекистонда сўнгги икки ой ичида сохта савдо ва чеклар орқали бюджетдан “кешбек” олиш билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар аниқланмоқда.

Жиноий схема қуйидагича: бир гуруҳ шахслар МЧЖлар масъуллари билан тил бириктириб, амалда бўлмаган савдони қоғозда бор қилиб кўрсатади. Улар гўёки, товар сотилгани ҳақида маълумотларни расмийлаштириб, назорат-касса машиналари орқали харид чекларини чиқаради, кейин бу чеклар Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номидан “Soliq Mobile” иловасига киритилиб, миллиардлаб сўмлик бюджет маблағларини “кешбек” сифатида ўзлаштиради.

Жами ҳолатларни қўшиб ҳисоблаганда бу триллионлаб сўм бюджет пули ўзлаштирилаётганини англатади.

Бу бюджетдан рағбатлантириладиган фаолиятнинг битта тури бўйича ўзлаштириш ва растратанинг кўлами. Экспорт, туризм, меҳмонхона, финтех, энергетика, нефт-газ, юк ташувчи корхоналар бўладими, давлат мулкини хусусийлаштириш, хусусий шериклик, миллий брендлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўладими, иш ўринларини яратиш бўладими, барчаси бюджет пулини ва давлат мулкини ўзлаштириш манбасига айланган.

Фойдаланилмай ётган объектлар ниқоби остида биноларни 0 балансда совға қилиб юборишдан кимлар қанча манфаат кўрганини бир тасаввур қилинг.

Афсуски, олдин мавжуд бўлган ижтимоий аҳамиятга эга тўловлар кесиб ташланмоқда, бюджетда режалаштирилмаяпди. Шулардан бири иккинчи ва ундан кейинги туғилган фарзандлар учун бериб келинган суюнчи пули тўланишининг тўхтатилиб қўйилганидир.

Жорий қилинган Минимал истеъмол харажатлари (МИХ) кўрсаткичи (715 000 сўм) ҳам ўта кулгули. Муҳтарам раҳбарлар, шу пулга нима сотиб олиш мумкин? Бу тўлов ҳеч бўлмаганда Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига тенглаштирилиши керак. Ваҳоланки, 2023 йилда мамлакатимизни «сеники-меники» деган шиор остида ижтимоий давлат деб эълон қилган эдик.