ҲУРМУЗ ПАРАДОКСИ: НЕГА ХАВФНИ КАМАЙТИРИШ ЧОРАЛАРИ ЭРОННИ МУЗОКАРА СТОЛИГА ЎТИРИШГА МАЖБУР ҚИЛИШИ МУМКИН
Саудия Арабистони ва БАА қиммат суғурта хавфи сабабли Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтиш инфратузилмасига юзлаб миллиард доллар сармоя киритмоқда. Бу жараён Эроннинг Ҳурмуздан босим воситаси сифатида фойдаланиш имкониятларини аста-секин заифлаштириши мумкин.
Саудия Арабистони нефтини ташиётган танкер энди Осиёга етиб бориш учун Ҳурмуз бўғозидан ўтиши шарт эмас. Унинг ўрнига кема Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) шарқий соҳилида жойлашган Фужайрада тўхтаб, юки бошқа кемага қайта юкланиши ва шарқ томон жўнатилиши мумкин.
Бундай айланма йўл қимматга тушади. Суғурта ҳам арзон эмас. Ҳозир Ҳурмузга кираётган кемалар учун уруш хавфи бўйича суғурта устамалари кема корпуси қийматининг 7,5–10 фоизигача етиши мумкин. Тинчлик даврида эса бу кўрсаткич атиги 1–3 фоизни ташкил қилади.
Бунинг жиддий таъсир кўрсатиши учун бўғознинг бутунлай ёпилиши шарт эмас. Ҳукуматлар ва компаниялар уни четлаб ўтувчи муқобил йўлларни излай бошлаши учун Ҳурмуз орқали ҳаракатланиш етарлича қиммат, хавфли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолга келиши кифоя.
Бу жараён аллақачон бошланган. Саудия Арабистони ва БАА Яқин Шарқ савдосини ҳар куни ўртача 20 миллион баррель нефть ўтадиган тор сув йўлига тўлиқ боғлиқ бўлмаган ҳолда давом эттириш учун муқобил қувурлар, портлар ва денгиз ташуви инфратузилмасига сармоя киритмоқда.
Савдо оқимлари Ҳурмуздаги тор бўғозни четлаб ўтиш учун Саудия Арабистонининг Қизил денгиз бўйидаги портлари ва БААнинг шарқий соҳилига йўналтирилмоқда. Инфратузилма харажатлари юзлаб миллиард доллардан ошиб кетиши мумкин. Форс кўрфазидаги аксар давлатлар бу ўтиш жараёнини молиялаштириш учун ўз суверен бойлик жамғармаларига таянмоқда.
Бундан ташқари, Саудия Арабистони Ҳурмуз орқали юк ташишда суғурта харажатларини камайтириш имкониятларини ҳам ўргана бошлади. Саудия Молия вазирлиги мамлакатнинг Saudi Export-Import Bank банки ҳам иштирок этадиган 186 миллион долларлик суғурта жамғармаси ҳисобидан юк кемаларига арзонроқ суғурта полисларини таклиф қилиш тизимини илгари сурди.
Суғурта харажатларининг кескин ошиши сабабли Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатлар компаниялари кемадан-кемага юк кўчириш амалиётидан ҳам тобора кўпроқ фойдаланмоқда. АҚШ ёрдамида компаниялар бир гуруҳ танкерларни ижарага олиб, хом нефтьни жанубий йўналиш орқали Уммонга етказишга муваффақ бўлди. У ерда нефть кейинги харидорларга тегишли танкерларга ўтказилади. Шу тариқа нафақат юк, балки у билан боғлиқ хавф ҳам бошқа кема зиммасига ўтади.
Бундай хавфни камайтириш чораларининг натижаси АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ортидан юзага келадиган унчалик кўзга ташланмайдиган, аммо узоқ муддатли оқибат бўлиши мумкин: Ҳурмуз бўғозини савдо йўли сифатида бутунлай аҳамиятсиз қилмаган ҳолда ҳам, савдо узилишларига анча чидамли Форс кўрфази иқтисодиёти шаклланиши мумкин.
Блокада билан таҳдид қилиш орқали Эрон ҳукумати Ҳурмузни доимий геосиёсий беқарорлик ҳудудига айлантириши мумкин. Бу эса суғурта нархларининг юқори даражада узоқ вақт сақланиб қолишига ва хом нефть етказиб бериш занжирларини муқобил йўлларга ўтказишни янги одатий амалиётга айлантириши мумкин.
Бу жараён иқтисодий санкциялар ва мамлакат ҳозир дуч келаётган бюджет номутаносиблиги билан бирга Эроннинг Ҳурмуз бўғозидан ўзининг асосий босим воситаси сифатида фойдаланиш имкониятини заифлаштиради.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ҳамда парламент раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф ҳам бу хавфни тушунаётгандек. Уларнинг сўнгги баёнотларида иқтисодий оқибатлар ҳалокатли даражага етиб бормасидан аввал ҳозирги можарони тугатиш зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Шундай қилиб, Эроннинг Форс кўрфазидаги қўшниларига нисбатан энг катта босим воситаси айнан ўша воситанинг ўз аҳамиятини йўқотиши учун шароит яратаётган бўлиши мумкин.
Ҳурмузни четлаб ўтаётган ҳар бир танкер, Қизил денгиз томон узайтирилаётган ҳар бир нефть қувури ва қайта ишлаб чиқилаётган ҳар бир суғурта механизми Ҳурмуз бўғозини оз бўлса-да камроқ алмаштириб бўлмас йўлга айлантирмоқда.
Ҳурмуз ўзининг улкан савдо ҳажми туфайли аҳамиятини бутунлай йўқотиши эҳтимоли кам. Аммо Эрон бу сув йўлини геосиёсий қурол сифатида ишлатишга тайёр эканини қанчалик кўп намойиш этса, унинг қўшниларида Ҳурмузга боғлиқликни камайтирувчи инфратузилмаларни қуриш учун шунчалик кучли рағбат пайдо бўлади.
Парадокс шундаки, атрофдаги давлатлар Ҳурмузга қарамлигини йўқотиши учун Эрон бўғоз устидан назоратни йўқотиши шарт эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг