МТРК ҳудудий телеканалларида Ҳисоб палатаси томонидан текширувлар ўтказила бошланди. Телеканаллардаги молиявий харажатлар, гонорарлар тақсимоти ўрганилмоқда.

Айрим вилоят телеканалларида бош муҳаррирлар энг кўп кўрсатув ва эфир соатларини ўзларига бириктириб, ойига 12 миллион сўмгача гонорар оляптт. Оддий ходимлар эса 3–4 миллион сўм билан чекланган.

Шунингдек, раҳбариятга яқин айрим ходимлар мунтазам мукофотланиб, бошқалари эса йиллар давомида моддий рағбатлантирилмайди. Ҳатто мукофот пулларининг бир қисми раҳбарларга қайтариб берилади. Бу ҳолатлар ҳисоб палатаси эътиборига тушармикан?

Мутахассислиги мос келмайдиган кадрларни ишга олиш, хизмат автомобилларидан шахсий мақсадларда фойдаланиш ва реклама маблағлари сарфини текшириш зарур.

Ходимларнинг иддаосига кўра, ўтган йили Сирдарё, Жиззах ва Наманган телеканалларида ўтказилган ички аудит натижалари бўйича етарли чора кўрилмаган. Айрим ишлар МТРК раисининг собиқ ўринбосари М. Сафаров кўрсатмаси билан ёпилгани ҳам даъво қилинмоқда.

Бу сафарги текширувлар ҳам қоғозда қолиб кетмайдими? Миллионлаб гонорарлар қандай мезонлар асосида тақсимланади?

Текширув бошида турган Ҳисоб палатасидан ушбу ҳолатларни холис ўрганиб, қонунбузилишлар тасдиқланган тақдирда айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни сўралмоқда?