Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раҳбариятида навбатдаги кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Аммо бу тайинловларга алоҳида воқеа сифатида эмас, мамлакатда сўнгги ойларда кучайган назорат ва кадрлар ротациясининг бир қисми сифатида қараш қизиқроқ.

Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан Улуғбек Арипов Ҳисоб палатаси раисининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари, Жамшид Мирзаев эса Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Атабек Аллаберганов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Сардор Мирзаев эса Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шўба мудири бўлди.

Оддий ротациядек кўринади. Лекин нега айнан ҳозир?

2026 йил бошидан Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ва давлат маблағлари устидан назоратни кучайтириш масаласи юқори сиёсий даражага чиқди. Президент барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъул раҳбарлар бўлишини, Ҳисоб палатаси вакиллари эса вазирлик ва идораларда бюджет маблағларининг қандай сарфланаётганини бевосита кузатишини белгилаган эди.

Шу нуқтаи назардан, Ҳисоб палатасида айнан комплаенс бўйича алоҳида раис ўринбосари пайдо бўлиши тасодифий эмас.

Ҳисоб палатасининг ўзи ҳам аста-секин оддий «пул сарфлангандан кейин текширувчи» идорадан, маблағ сарфланишидан олдин хавфни аниқлашга ҳаракат қиладиган назорат марказига айланмоқда.

Яъни аввалги формула:

«Пул кетди – кейин текширдик»

бўлган бўлса, янги модель:

«Пул қаерга кетмоқда – олдиндан кузатамиз»

деган тамойилга яқинлашмоқда.

Бу жараён Президент Администрациясидаги ўзгаришлар билан ҳам бир вақтга тўғри келди. 2026 йил августда қабул қилинган янги қонун Администрациянинг Президент қарорлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш ваколатларини янада аниқлаштирди. Топшириқни лозим даражада бажармаган раҳбарларга нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган чоралар кўриш механизми ҳам кучайтирилди.

Шундай экан, сўнгги кадрлар алмашинувини фақат «фалончи кетди, фалончи келди» деб тушунтириш камлик қилади.

Янги назорат тизими қурилмоқда ва уни бошқарадиган одамлар ҳам қайта жойлаштирилмоқда.

Сардор Мирзаевнинг Ҳисоб палатасидан тўғридан-тўғри Президент Администрацияси Комплаенс хизматига ўтиши ҳам шу тенденцияни кўрсатади. Бу жазо ёки четлатишдан кўра, назорат тизими ичидаги кадрлар ротациясига ўхшайди.

Албатта, ҳозирча Ўзбекистонда «катта тозалаш» бошланди, деб айтишга етарли далил йўқ. Кимнингдир лавозимдан кетишини коррупция, текширув ёки сиёсий сабаблар билан боғлаш ҳам фактсиз тахмин бўлиб қолади.

Аммо шуниси кўриниб турибдики, давлат аппаратида ижро интизоми, бюджет назорати ва комплаенсга бўлган талаб кескин ошмоқда.

Президент Администрацияси – ижрони, Ҳисоб палатаси – давлат маблағларини, комплаенс хизматлари эса коррупция хавфларини назорат қилиши керак бўлган янги вертикаль шаклланмоқда.

Шунинг учун асосий савол ким қаерга тайинланганида эмас. Янги назоратчилар ҳақиқатан ҳам бюджет маблағларини талон-торож қилиш, манфаатлар тўқнашуви ва юқори лавозимлардаги коррупцияга етиб борадими?

Агар бормаса, кадрлар алмашади, лавозимлар кўпаяди, аммо тизим ўзгармай қолаверади.